Ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш бўйича хулоса: Бир ҳарфдан воз кечилади, тўрттаси ўзгаради
Жамият
−
22 Май 2019
9241Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузурида иш олиб борган лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш бўйича ишчи гуруҳнинг хулосалари эълон қилинди.
2018 йил 15 майда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов томонидан “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини кенг жорий этиш ва янада такомиллаштириш бўйича Ҳаракатлар режаси” тасдиқланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида 2018 йил 17 июль куни ўтказилган мажлис баёнининг 28-бандида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини танқидий қайта кўриб чиқиш ва унинг қўлланишини осонлаштириш, ўзбек тилининг ўзига хос хусусиятларига янада мослаштириш юзасидан таклифлар киритиш топширилди.
Ушбу масаланинг нақадар долзарб экани ва бу борада кечиктирмасдан зарур қадамларни қўйишимиз шарт экани Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2018 йил 13 декабрь куни бўлиб ўтган ўн еттинчи ялпи мажлисида Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев томонидан ҳам қатъий таъкидланди.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети қошида тузилган Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан икки йилда тўпланган таклифлар асосида ишлаб чиқилган бир неча алифбо лойиҳаларини ягона вариантга келтириш, шунингдек, юқорида қайд этилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида республика жамоатчилиги, мутахассис-олимлар, блогерлар ва ёшлар иштирокида 2018 йил 22 октябрь куни Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини кенг жорий этиш ва такомиллаштириш муаммолари” деб номланган илмий-амалий конференция ташкил этилди.
Конференцияда давлат ва жамоат арбоблари, таниқли олимлар, ижодкорлар, турли соҳа вакиллари қатнашиб, она тилимизга оид муаммоларни ҳал этиш, жумладан, алифбомизни ислоҳ қилиш бўйича қизғин баҳс юритдилар. Конференция натижасида илмий таклифлар бирма-бир овозга қўйилиб, ягона фикрга келинди.
ИШЧИ ГУРУҲ ТОМОНИДАН ИШЛАБ ЧИҚИЛГАН ТАКЛИФЛАР
Алифбони такомиллаштириш зарурати
Конференция давомида алифбо ислоҳоти бўйича билдирилган хилма-хил, ҳатто бир-бирига зид таклифу фикрлар орасида ўзаро уйғун, ҳамоҳанг фикр-мулоҳазалар ҳам ажралиб турди. Жумладан, кўпчилик якдиллик билан: “Энг камида, алифбодаги тўртта муаммоли ҳарфни ислоҳ қилишимиз шарт, чунки улар туфайли ўқиш-ёзишга доир ва бошқа техник муаммолар, чигалликлар юзага келяпти”, дейишди.
“Муаммоли ҳарфлар” дейилганда эса, алифбомиздаги G‘ O‘ ҳарфлари ва Sh Ch ҳарфий бирикмалари назарда тутилаётгани бугун ҳеч кимга сир эмас. Хўш, бу ҳарфларнинг муаммоси нимадан иборат ва уларни қандай ислоҳ қилиш мумкин?
I. Oʻ ва Gʻ ҳарфлари ва уларнинг муаммолари
Бу ҳарфлардаги махсус белгилар уникал эмас – битта белги ҳар хил ёзилмоқда:
Бугун ҳамюртларимиз юқоридаги жадвалда акс этган белгилардан тўғри келган бирини ишлатмоқда. Энг қизиғи, улар ичидаги энг тўғри белги – окина (тескари вергул) белгисидан деярли фойдаланмаймиз. Жуда тўғри ёзишга интилган ҳамюртларимиз ҳам чап бир тирноқ белгисини ишлатади. Гарчи бу икки белги ўзаро ўхшаш бўлса-да, амалиётда муайян фарқ ва устунликларга эга. Яъни, окина белгиси ҳештегларда сўзни бўлиб юбормайди, унинг бир бутунлигига зарар етказмайди. Бу ҳолат қуйидаги расмда акс этган:
UNICODE сайтидаги ушбу эслатма ҳам фикримизга далилдир:
The combinations Gʻ (Cyrillic Ғ) and Oʻ (Cyrillic Ў) are represented using U+02BB ʻ MODIFIER LETTER TURNED COMMA.
Таржимаси: “Ўзбек лотин ёзувидаги Gʻ (кириллча Ғ) ва Oʻ (кириллча Ў) ҳарфий бирикмаларини ёзишда ʻ (U+02BB, MODIFIER LETTER TURNED COMMA) (ҳарфни ўзгартирувчи тескари вергул) белгисидан фойдаланилади”.
Муаммо шундаки, Oʻ ва Gʻ ҳарфларининг белгисини тўғри ёзиш – жуда қийин масала. Масалан, компьютерда Word дастурида бу ҳарфларни ёзиш учун икки мураккаб усулдан фойдаланиш мумкин:
(1) аввал O ёки G ҳарфини ёзиб, кейин битта бўш жой (пробел) ташлаб, Enter тугмасининг чап томонида жойлашган апостроф тугмаси босилса, бизга керакли чап бир тирноқ (тескари бир тирноқ ҳам дейилади) ёзилади;
(2) алоҳида рақамлар панели бор клавиатурада аввал O ёки G ҳарфини ёзиб, кейин Alt + 0145 тугмалари бирикмасини босиш орқали ёзилади.
Тасаввур қиляпсизми, биргина ҳарфни ёзиш учун нақ 6 та (!) тугма босилиши керак; ўзбек тилида таркибида Oʻ ва Gʻ ҳарфлари қатнашган сўзларнинг кўплиги боис юқоридаги икки усулда каттароқ матн ёзиш жуда машаққатли жараён.
Бу ҳарфларнинг яна кўплаб техник камчилик-қусурлари борки, замонавий технология ва электрон дастур усталари бу борада яхшироқ тасаввурга эга: уларни бу ўринда батафсил баён қилишимиз шарт эмас, деб ўйлаймиз.
Бу ҳарфларнинг ўрнини олишга “даъвогар” ҳарфларни қуйидаги жадвалда кўриб чиқамиз:
1) Ö –1993 йилги лотин алифбомизда ҳозирги Oʻ ҳарфи учун айнан шу ҳарф ишлатилган, бироқ орадан атиги икки йил ўтиб, 1995 йилда бу ҳарф Oʻ ҳарфий бирикмаси билан алмаштирилган. Ö ҳарфи немис, швед каби Европа ҳамда турк, озарбайжон, туркман каби туркий халқлар алифбосида мавжуд. Таъкидлаш жоизки, бу халқлардан фарқли ўлароқ, ўзбек алифбосида Ü ҳарфи бўлмагани учун Ö ҳарфи жуфтлик ҳосил қила олмайди.
2) Ğ – бревисли G, кенгайтирилган лотин алифбоси таркибига киради. 1993 йилги лотин алифбомизда ҳозирги Gʻ ҳарфи учун айнан шу Ğ ишлатилган, 1995 йилда бу ҳарф Gʻ ҳарфий бирикмаси билан алмаштирилган. Ğ ҳарфини аксарият мобил қурилмалар клавиатураларида қийинчиликсиз ёзиш мумкин.
3) Ŏ – бревисли O, диакритик белгиси кириллчадаги Ў ҳарфининг белгиси билан бир хил. Агар Gʻ ҳарфи учун Ğ ҳарфи қабул қилинадиган бўлса, у билан жуда мос тушади (Ğ–Ŏ): қабул қилинаётган ҳарфлардаги диакритик белгиларнинг тури кўпаймайди ва бу қулайлик яратади.
4) Õ (тилдали O) ҳарфининг диакритик белгиси ҳозирги пайтдаги Oʻ ва Gʻ ҳарфларининг ёзма кўринишидаги белгиси – тўлқинли чизиқча билан бир хил. Аммо унинг шериги – G̃ (тилдали G) ни бир уринишда ёзиб бўлмайди, устидаги тўлқинли чизиқни худди Gʻ нинг белгиси каби алоҳида код (U+0303) ёрдамида акс эттириш талаб этилади, яъни мавжуд муаммо ўз жойида қолади, шунинг учун бу ҳарфларни даъвогарлар сафидан чиқарамиз.
5) Ō (макронли O) ва Ḡ (макронли G) ҳарфининг кўриниши ҳозирги ёзма шаклга яқин, лекин Ḡ / ḡ ҳарфи UNICODE жадвалининг қуйи қисмида жойлашгани учун шрифтлар таркибида деярли учратмаймиз. Бу ҳол матбаа иши, умуман, иш жараёнида кўп муаммоларни юзага келтиради.
6) Ǒ (каронли O) va Ô (циркумфлексли O) ҳарфларидаги диакритик белгилар бир-бирига ўхшашроқ: ўқувчини чалғитиб, кўзига қадалади, матннинг чиройига ҳам путур етказади. Шунинг учун ҳам бу ҳарфларни қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмас, деб ҳисоблаймиз.
7) Ǧ (каронли G) ва Ĝ (циркумфексли G) ҳарфларидаги диакритик белгилар ҳақида ҳам шу фикрни айтишимиз мумкин.
8) Óó – Ǵǵ занжиридаги ҳарфлар яқин қардошларимиз бўлган қорақалпоқ ва қозоқ халқлари алифбоси таркибидан ҳам ўрин олган. Ó ва Ǵ ҳарфлари амалдаги шаклга (O‘ ва G‘) яқинроқ бўлгани ва ҳозиргидек ўзаро жуфтлик ҳосил қилгани учун халқимизнинг, хусусан, ёшларимизнинг кўникиши осон кечади. Бу ҳарфларнинг ёзма кўринишини ҳозиргидай шаклда ёзсак ҳам бўлади.
Қиёслардан аён бўляптики, вариантлар ичида иккита мос жуфтлик бор: булар – Ŏŏ ва Ğğ ҳамда Óó ва Ǵǵ ҳарфларидир. Конференцияда Ŏŏ ва Ğğ жуфтлиги мақбул вариант сифатида эътироф этилган эди. Аммо кейинги мулоҳазаларда Ў товушининг тилимизда нисбатан кўп ишлатилиши, Ŏŏ ҳарфининг “шохдор” белгиси эса матнда қўпол кўриниши, қолаверса, Óó ва Ǵǵ ҳарфларининг қардош халқлар, айниқса, бир Ватан ичида яшаётган қорақалпоқ халқи алифбоси билан бир хил бўлиши ҳар жиҳатдан мақсадга мувофиқ экани таъкидланди.
Oʻ ва Gʻ ҳарфлари бўйича таклиф
II. Ch ва Sh ҳарфий бирикмалари ва муаммолари
Ҳозирги алифбомизда C ҳарфи йўқ, лекин Ch ҳарфий бирикмасида ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолади. Ҳолбуки, мантиқ талабига кўра, ҳарфий бирикмалар алифбодаги мавжуд ҳарфлардан ташкил топиши керак эди. Қолаверса, бу ҳарфий бирикмалар халқимиз ўрганган “бир товуш – бир ҳарф” тамойилига мос тушмайди, шу боис баъзи ноқулайликлар юзага келмоқда.
Инглиз тилида “Charles Dickens” деган ёзувчининг исми бош ҳарф билан ёзилганда улар “Ch.Dickens” эмас, “C.Dickens” деб ёзилади. Ўзбек тилида эса ундай эмас, масалан, “Shuhrat Chinberdiyev” деган исм-фамилияни фақат бош ҳарфлари билан ёзмоқчи бўлсак, “Sh.Ch” деб ёзишга мажбурмиз.
Баъзан ҳафта кунларининг қисқартма номларини ишлатишга тўғри келиб қолади. Битта ҳарфли қисқартмалар: D, S, C, P, J, S, Y. Бунда, C – Чоршанбанинг қисқартмаси, бироқ ўзбек лотин ёзувида C ҳарфи ҳам, C ҳарфи билан бошланадиган ҳафта куни ҳам йўқ. J дан кейин келган S – Шанбанинг қисқартмаси, бунда ҳам шу муаммо: Sh деб ёзсак 2 та ҳарф бўлиб кетади.
Энг асосий муаммо – ўзбек тилида Ч ва Ш товушлари жуда фаол товушлар саналади. Қиёслайдиган бўлсак, она тилимизда Ч ва Ш товушлари инглиз тилига нисбатан 3-5 баробар кўп учрайди ва бу ҳол Ch, Sh нинг матнда кетма-кет, ғуж бўлиб келишига сабаб бўляпти ва ўқиш-ёзишни қийинлаштиряпти.
Shoshish, xushchaqchaq, ishchi, sharshara, achchiqtosh каби сўзларимизнинг ўзида 2-3 тадан Ch ва Sh бор. Бундан ташқари, ўзбек тилида ҳаракат номларининг –ш, -иш қўшимчалари билан ясалиши ҳам Ш ва Ч ҳарфли сўзлар сонининг ошишига хизмат қилади. Хуллас, инглизларга қулай бўлган Ch, Sh бирикмалари ўзбек тилида изма-из келиб, ноқулай ҳолатларни юзага келтирмоқда. Фикримиз исботсиз бўлмаслиги учун Эрнест Хемингуэйнинг дунёга машҳур “Алвидо, қурол!” романининг илк жумлаларини аввал инглиз, сўнг ўзбек тилида берамиз:
In the late summer of that year we lived in a house in a village that looked across the river and the plain to the mountains.In the bed of the river there were pebbles and boulders, dry and white in the sun, and the water was clear and swiftly moving and blue in the channels.Troops went by the house and down the road and the dust they raised powdered the leaves of the trees.The trunks of the trees too were dusty and the leaves fell early that year and we saw the troops marching along the road and the dust rising and leaves, stirred by the breeze, falling and the soldiers marching and afterward the road bare and white except for the leaves.The plain was rich with crops; there were many orchards of fruit trees and beyond the plain the mountains were brown and bare. There was fighting in the mountains and at night we could see the flashes from the artillery. In the dark it was like summer lightning, but the nights were cool and there was not the feeling of a storm coming.
O‘sha yili yoz oxirlarida biz qishloqda, kulbada turardik. Kulbadan narida daryo bilan vodiy, ulardan ham olisroqda tog‘lar yastanib yotardi. Daryoning o‘zani oftobda oqargan, quruq qayrag‘ochlar va mayda shag‘al bilan qoplangan, daryo shoxobchalarida esa suv tip-tiniq va ko‘m-ko‘k bo‘lib, sho‘x shaldirab oqib borardi. Kulba oldidagi yo‘ldan qo‘shinlar o‘tib borar, ularning oyog‘idan ko‘tarilgan to‘zon og‘ochlarning barglariga o‘tirardi. Og‘ochlarning barglari ham changga burkangandi, o‘sha yili yaproqlar erta to‘kila boshlagandi, biz bo‘lsak yo‘ldan qo‘shinlarning o‘tib borishini, chang-to‘zonning ko‘kka o‘rlashini, shamol yaproqlarni yulqib-sulqib uchirib ketayotganini, soldatlarning odimlarini, so‘ngra esa kimsasiz, bo‘m-bo‘sh tuproq yo‘lda yolg‘iz yaproqlargina to‘kilib yotishini tomosha qilardik. Vodiy yerlari hosildor edi, unda bog‘zorlar serob edi, vodiy etagidagi tog‘lar esa taqir qo‘ng‘irtog‘lar edi. Tog‘larda jang ketmoqdaydi, kechalari portlashdan yolqinlar ko‘tarilardi. Qorong‘ida ular shafaqqa o‘xshab ko‘rinardi: faqat tunlari etni junjiktirib sovuq turar, havo quruq edi.
Ушбу матнлардаги Ch ва Sh бирикмаларини санаб, қиёслайдиган бўлсак, ўзбекча матнда инглизча матндагидан 5 баробар кўп экани маълум бўлади.
Шу қиёснинг ўзиёқ инглиз тили учун жуда қулай бўлган Ch ва Sh бирикмаларининг ўзбек тили учун қанчалик ноқулай эканини кўрсатиб турибди.
Бу муаммоларни бартараф этиш учун яна диакритик белгили ҳарфларга мурожаат қиламиз. Қуйидаги жадвалда диакритик белгили S ва C ҳарфларини кўриб чиқамиз.
Қуйида ҳар бир жуфтликни таҳлил қилиб ўтамиз.
(1) Ş / ş ва Ç / ç жуфтлиги. Ост белгиси ҳарф ўзагига қўшилиб ёзиладиган Çç ва Şş ҳарфлари ёзиш ва ўқишга қулай ҳамда миллий характерга эга: улар 1929 – 1940 ҳамда 1993 – 1995 йиллардаги алифбомизда ҳам бўлган. Бизнингча, Ч ва Ш товушлари учун энг мақбул ҳарфлар – Çç ва Şş. Уларнинг ост белгиси бир хил экани ўзаро уйғунликни таъминлайди.
(2) Ś / ś ва Ć / ć жуфтлиги. Бу ҳарфлардаги диакритик белгини S ва C ҳарфлари устида ёзма ҳолатда ифодалаш ноқулай. Бу товушлар, айниқса, Ш товуши тилимизда кўп учрагани учун матнни митти диакритик белгиларга тўлдириб ташлайди. Шу боис бу ҳарфларни қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмас.
(3) Ŝ / ŝ ва Ĉ / ĉ жуфтлиги. Бу ҳарфларнинг уст белгиларини ёзма шаклда ифодалаш ўнғайсиз.
(4) Š / š ва Č / č жуфтлиги. (3) ва (4) бандлардаги ҳарфларнинг диакритик белгилари бир-бирига яқинлиги боис, уларни адаштириш эҳтимоли юқори, шунингдек, улар ўқувчининг кўзига қадалади, шунинг учун уларни ҳам рўйхатдан чиқарамиз.
(5) Ṡ / ṡ ва Ċ / ċ жуфтлиги. Нуқта белгиси ҳарфларнинг асосига нисбатан ўта митти бўлгани учун алоҳида ҳарф тасаввурини бермайди – Ṡ / ṡ ва Ċ / ċ ни мос равишда S ва C билан чалғитиш хавфи кучли.
(6) Ṣ / ṣ ҳарфининг C билан боғлиқ жуфти йўқлиги боис, уни ҳам рўйхатдан чиқарамиз.
Ch ва Sh ҳарфий бирикмалари бўйича таклиф:
III. ng товуши билан боғлиқ муаммолар
“Ch ва Sh ҳарбий бирикмаларини ислоҳ қиляпмиз, ng ҳарфий бирикмасини нима қиламиз?” деган табиий савол пайдо бўлади.
Масалан: taña, mañu. Аслида, бу сўзлардаги Н ва Г ҳарфлари Ñ тарзида ёзиладиган бўлса, қўшимча G ҳарфи орттирилиши керак, шунда талаффуз тўғри бўлади: tañga, mañgu. Машҳур адибимиз Чингиз Айтматовнинг исми қирғиз тилида Чыңгыз деб ёзилиши бежиз эмас. Ёки N товуши билан тугаган сўзга -gа қўшимчаси қўшилса ҳам, ñ эмас, ngёзилиши керак: menga, jonga, vatanga. Ñ ва NG ўртасидаги бундай ўзига хос нозик, бироз эътиборталаб чегарани илғамаслик оқибатида хатолар авж олди.
Иккинчидан, ng бирикмаси яхлит ҳарфга айланадиган бўлса, кирилл ва ҳозирги алифбода чоп этилган сон-саноқсиз китобларни ҳамда бошқа ҳар хил матнларни янги алифбомизга ўгириш чоғида кўплаб чалкашликлар юзага келади — электрон дастурлар ң (ŋ) товушига қўшиб, бир-бирига алоқасиз, аммо ёндош келган барча Н+Г ҳарфларини бирваракайига битта ҳарфга ўзгартириб юборади. Тилимизда ң (ŋ) товуши ва ёнма-ён келадиган Н+Г ҳарфлари жудаям кўп учрагани учун уларни топиб, қиёслаб тўғрилаш — муҳаррир-у мусаҳҳиҳларга катта заҳмат юклайди.
Қолаверса, тилимизда баъзи сўзларда учрайдиган НҒтовушига (қўнғир, қўнғиз, тўнғиз, қинғир, ўнғай) ҳам алифбомизда алоҳида ҳарф ажратилмаган. Шундай экан, ҳеч қачон сўз бошида келмайдиган, бошқа товушларга қараганда чекланган НГ товушини ҳам алифбодан ташқарида фонетик бирикма сифатида ўрганса бўлади, дейди мутахассислар.
ng товуши бўйича таклиф:
ng бирикмасини яхлит ҳарфга айлантирмасдан, алифбодан ташқарида фонетик бирикма сифатида ўргатиш-ўрганиш.
IV. С/с ҳарфи билан боғлиқ муаммолар
Бу белгини ёқловчи ва рад этувчи икки зид қутб бор.
С/с ни рад этувчилар уни алифбомизга киритмаслигимиз керак, сабаби, бу ҳарф турли халқларда турлича товушлар (с, к, ж, ч, ц) ни ифодалайди, унга қайси товушни юкламайлик, халқаро атамаларни ўқишда чалкашликлар юзага келади, дейишади.
С/с ни ёқловчилар бу ҳарф алифбомизда мавжуд бўлмагани билан маънавий-маърифий, илмий-ижтимоий ҳаётимизда барибир иштирок этяпти, масалан, паспорт серияси, тест саволномаси, автомашина рақамлари каби рўйхат бандларини алифбо асосида тартиблашда ва бошқа ҳолатларда Сс ҳарфидан фойдаланяпмиз, шунинг учун бу ҳарфни алифбога қабул қилишимиз шарт, дейишади.
С/с ни ёқловчиларнинг аксарияти бу белгидан кирилл алифбосидаги Ц/ц товушини ифодалаш учун фойдаланайлик, дейишади ва ўз қарашларини асослаш учун қатор далиллар келтиради. Жумладан:
1) тил жонли ҳодиса сифатида мунтазам ривожланади: ўтган асрда тилимизга чет тиллар, хусусан, рус тили орқали ц ҳарфи қатнашган жуда кўп ўзлашма сўзлар кириб келди – s ҳарфи ёки ts бирикмаси эса бу товушни ҳамиша ҳам тўла акс эттирмайди;
2) халқаро табиатга эга бўлган сўзлар, хусусан, кўп илмий-тиббий атамаларда C/c (ц) ҳарфи жуда фаол иштирок этади;
3) ўзга миллат вакилларининг исм-фамилиясидаги ц товушини тўғри акс эттириш имконияти йўқлиги боис баъзан муайян ноқулайлик, чалкашликлар юзага келмоқда. Масалан: Цой – Soy;
4) қадимий лотин тилига мансуб бўлган ц ҳарфли кўп сўзлар аслиятда ҳам С/с ҳарфи билан ёзилган. Масалан: цирк (circus), цемент (caementum), концерт (concerto), лицей (lyceum) ва ҳак. Ва бугун ҳам лотин алифболи кўп халқлар бу сўзларни аслиятга мувофиқ ёки яқин тарзда ёзади. Масалан:
5) дунёдаги кўп халқлар алифбосига фақат ўзлашма сўзлар учун махсус ҳарфлар киритилган. Масалан, венгр алифбосида – Q, W, X ва Y ҳарфлари;
6) алифбога C/c (ц) ҳарфининг киритилиши кирилл ёзувига ўрганиб қолган катта авлод вакилларининг ҳам лотин ёзувига тезроқ мослашиб кетишига, расмий алифбомизнинг кенг қўлланилишига замин яратади.
Мабодо, C/c тарафдорларининг юқоридаги далиллари асосли деб топилса ва алифбомизга C/c (ц) ҳарфи қабул қилинса ҳам, бизнингча, рус тили қонуниятларига кўр-кўрона эргашмасдан, ўзлашма сўзларнинг этимологияси ҳамда тилимиз табиатидан келиб чиққан ҳолда ўзига хос қоидани жорий қилишимиз лозим.
Эҳтимол, бу қоида шундай бўлар: “C/c ҳарфи ўзлашма сўзларда қўлланилади. У сўз бошида ёки ундош товушдан кейин келса, S/s ҳарфи каби (cirk, lekciya), унли товушдан кейин келса, ts (licey, administraciya) тарзида ўқилади”. Шунда C/c ли ўзлашма сўзларни аслиятга мувофиқ ёзиб, тилимиз табиатига кўра талаффуз қиламиз.
С/с ҳарфи бўйича таклиф:
Алифбо тугаллигини таъминлаш, шунингдек, ўзлашма сўз ва атамаларни аниқ ифодалаш мақсадида C/c (ц) ҳарфини қабул қилиш.
ЯКУНИЙ ТАКЛИФЛАР
1. Фуқароларимиз, айниқса, ёшлар саводхонлиги бўйича муаммолар, кўчадаги ёзувлар, реклама ва тарғибот материалларининг саводсизларча ёзилиши, байналмилал сўзларнинг кирилл ва лотин ёзувларида турлича ифодаланиши бўйича англашилмовчиликлар, энг муҳими, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги Қонунининг ижро этилишини қийинлаштираётган баъзи омиллар 1995 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Қонунидаги камчиликлар билан бевосита боғлиқ. Жорий алифбони такомиллаштирмай туриб, ўзбек тили имлосини талаб даражасида ишлаб чиқиб бўлмайди. Мавжуд имломизда жуда кўп хатолар бор. Уларни тузатиш учун алифбодаги муаммоли ҳарфларни имкон қадар тез ислоҳ қилишимиз шарт. Имло тузатилмас экан, реклама ва кўча-кўйдаги ёзувларга талаб қўйиб бўлмайди. Бу эса “Давлат тили тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижросини секинлаштиради. Давлат тили ижроси ҳақида қайғурар эканмиз, биринчи навбатда “Лотин ёзуви асосидаги ўзбек алифбосини такомиллаштириш” бўйича янги қонун ишлаб чиқилиши, сўнг “Ўзбек тилининг янги имло қоидалари” ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасининг Қарори билан тасдиқланиши, шулар асосида “Реклама тўғрисида” ва “Фирма номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари тартибга келтирилиши лозим. Ана шу ишлардан сўнг “Давлат тили тўғрисида”ги Қонун ижроси назоратга олинса, самарали бўлади.
2. Миллий алифбомиздаги мавжуд муаммолар нафақат ўқиш-ёзиш жараёнида қийинчилик туғдирмоқда, шу билан бирга, имлони, грамматикани текширувчи, матнни нутққа айлантирувчи ва нутқни матнга айлантирувчи компьютер дастурий таъминотларининг пайдо бўлишига ҳам тўсқинлик қилмоқда.
Айни пайтда Google, Microsoft, Huawei, Samsung, LG ва бошқа бир қатор йирик технологик компаниялар ўз дастурий маҳсулотларини ўзбекчалаштираётганини ҳисобга олсак, алифбони кечиктирмасдан ислоҳ қилишимиз айни муддао саналади.
3. Миллий алифбомиз ислоҳ бўлиб, қулайлашса, катта-кичик авлодларга мансуб ҳамюртларимиз, шунингдек, яқин-олис мамлакатларда яшовчи миллатдошларимиз ягона ёзув атрофида жипслашади – нуқсонсиз, қулай алифбо халқимизнинг бирлигига, якдиллигига хизмат қилади.
4. Таклиф сифатида Ишчи гуруҳ томонидан 29 ҳарф ва бир белгидан таркиб топган такомиллаштирилган алифбо лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қуйида ушбу алифбо лойиҳасини эътиборингизга ҳавола этамиз.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь