Америкалик ёзувчи ва журналист Шерил Л. Рид QALAMPIR.UZ’да иш бошлади

Жамият

image
0:00
0:00
download

Америкалик ёзувчи ва журналист, оммавий ахборот воситалари, матбуот ва сўз эркинлиги бўйича халқаро тадқиқотчи Шерил Л. Рид QALAMPIR.UZ интернет нашрида иш бошлади. 

Тадқиқотчи айни вақтда сўнгги 5 йил ичида Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларига яратилган имконият ва шароитлар, матбуот ва сўз эркинлигининг таъминланиши, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни ўрганиш ва таҳлил қилиш мақсадида АҚШ Давлат департаментининг Fulbrayt Scholar гранти доирасида Ўзбекистонда бўлиб турибди. Ушбу давр мобайнида ўрганишларини эълон қилиб бориш мақсадида у QALAMPIR.UZ’нинг инглиз тилидаги таҳририятида иш бошлади. Албатта, у ёзган мақола ва таҳлиллар ўзбек тилида ҳам тақдим этиб борилади. 

Шерил Л. Рид инсон ҳуқуқлари, матбуот ва сўз эркинлиги борасида QALAMPIR.UZ’да эълон қилинган бир қатор мақолалар ортидан таҳририятга ташриф буюрди ва QALAMPIR.UZ асосчиси Қамариддин Шайхов билан учрашди. QALAMPIR.UZ раҳбари сўнгги йилларда Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари фаолиятига қаратилаётган эътибор хусусида маълумот берди. Журналистикани тўртинча ҳокимият даражасига олиб чиқишда Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсий иродаси муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди. 

Шерил Л. Рид Ўзбекистонга ташрифи доирасида 20 дан ортиқ оммавий ахборот воситалари ходимлари билан учрашгани, шундан келиб чиқиб, мақолаларини QALAMPIR.UZ’да эълон қилиш ниятида эканини билдирди. 

Шерил Л. Рид – америкалик ёзувчи ва журналист. Унинг журналистик суриштирувлари кўплаб мукофотларга сазовор бўлган, жумладан Гарвард университетининг Голдсмит мукофоти ва Investigative Reporters and Editors Award. У “Chicago Sun-Times” ва бошқа оммавий ахборот воситаларида мухбир ва муҳаррир сифатида фаолият юритган. 

Рид хоним “Заҳарли қизлар” романи ва “Фош этилган: роҳибаларнинг яширин ҳаёти” номли бадиий китоблар муаллифи. Унинг навбатдаги романи “Қочиш режам” 2023 йил март ойида нашрдан чиқади. Қўшимча маълумот олиш учун унинг cherylreed.com веб-сайтига ташриф буюринг.

Тез орада QALAMPIR.UZ’да Шерил Л. Риднинг Ўзбекистондаги фаолиятига оид биринчи мақоласи эълон қилинади. 


Мақола муаллифи

Теглар

Шерил Л. Рид

Баҳолаганлар

195

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг