...
МЕНЮ
ONLINE TV

Алламжонов билан ўзбек матбуотида нима ўзгаради?


13:25, 29.11.2018 Таҳлил
 5 176

Комилжон Алламжонов Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Бош директори этиб тайинланиши ортидан “Turon24”нинг куни туғиши ҳақида пичир-пичирлар бошланди.

Қамариддин Шайхов,
QALAMPIR.UZ интернет нашри раҳбари


Хабарингиз бор, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги Бош директори лавозимида фаолият юритаётиб келаётган Лазиз Тангриев лавозимидан озод этилиб, унинг ўрнига Ҳукумат қарори билан вақтинча вазифасини бажарувчи сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг собиқ Матбуот котиби Комилжон Алламжонов  тайинланди.
 
Мамлакатда оммавий ахборот воситалари, ноширлик, матбаа ва ахборот-кутубхона соҳаларида катта ўзгаришлар юз бериши кутилмоқда. Бу ўзгаришлар қай йўлдан бориши ва улар қандай кўринишда бўлишига ҳозирдан баҳо бериш қийин. Бироқ, соҳада йиғилиб қолган муаммолар ва давр талабига кўра ўртага чиқаётган масалалар талайгина.
 
Энг муҳими, Комилжон Алламжонов бу муаммоларга бегона эмас. Оддий мухбирликдан тортиб, раҳбарлик лавозимларига қадар фаолият олиб борган Алламжонов, журналистлар ва ОАВнинг оғриқли нуқталари, бугун улар олдида турган тўсиқларни, керак бўлса, уларни олиб ташлаш йўлларини яхши билади.
 
Қолаверса, у матбаа ва ноширлик фаолиятидаги қусур ва камчиликлардан ҳам бохабар. Табиб табиб эмас, бошидан ўтказган табиб деганларидек, Алламжонов “Ўзбегим” ва “Мақом” номли китоб-альбомлар ижодий жамоасига раҳбарлик қилиш чоғида Ўзбекистон ноширларининг дардларини ҳам ўзидан ўтказган бўлиши керак.
 
Шу ўринда Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари, ноширлик ва ахборот-кутубхона фаолиятида нималар ўзгариши кутилаётгани, аслида қайси ўзгаришларга эҳтиёж борлигига эътибор қаратсак. Боиси, юқорида таъкидлаб ўтилганидек қандай бўлишидан қатъи назар ЎзМААда ўзгаришлар бўлиши аниқ.
 
Биз бу ўзгаришлардан нималарни кутяпмиз?
 
Биринчидан, айни кунларда республикада газета ва журналларга мажбурий обуна масаласи кўндаланг турибди. Жамиятнинг янги аъзолари газета ва журналларга обуна бўлишдан буткул кечишни талаб қилаётган бўлса, ўртадан юқори авлод ва кўплаб газета-журналлар ходимлари, бош муҳаррирлар газеталарни сақлаб қолишни талаб қилмоқда. Айни вақтда ОАВ соҳасида долзарб масалага айланган обуна сиёсати қай йўлдан бориши, муаммонинг ечими қандай бўлиши ҳақида тахминлар талайгина. Бироқ, журналистиканинг асосини босма оммавий ахборот воситалари ташкил этиши, улар мамлакат имижини, давлатнинг ОАВга бўлган эътибори ифодаси эканини инобатга олиб, газета ва журналларни сақлаб қолиш керак. Газета ва журналсиз мамлакатда ОАВ соҳасини ривожлантира олмаймиз. Айниқса, мажбурий обунани мажбурий таълим учун жорий этиш зарур.
 
Иккинчидан, мамлакатда фаолият юритаётган 1500 га яқин ОАВнинг кадрлар сиёсати масаласига жиддий эътибор бериш вақти етиб келди. Журналист-кадрларнинг малакасини ошириш, мамлакатда журналистга бўлган эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда мутахассислар тайёрловчи маҳаллий ва халқаро ОТМлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, истиқболда кадрлар эҳтиёжини баҳолай билиш – бугун Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги олдида турган энг жиддий вазифалардан бири.
 
Учинчидан, давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситалари фаолиятини тартибга солиш, журналистик фаолиятни эркинлаштириш, эркин фуқаролик жамияти барпо этиш борасида ОАВнинг фаолиятига тўсиқ бўлиб турган муаммоларни бартараф этиш, замонавий технологиялар, рақамли ОАВ имкониятларини инобатга олган ҳолда қонунчиликка, хусусан, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича парламентга таклиф киритиш, давлат ва нодавлат ОАВ фаолиятидаги муаммоларни тизимли ўрганиш зарур.
 
Тўртинчидан, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-моддасида “Журналист – Ўзбекистон Республикасининг ёки хорижий давлатнинг оммавий ахборот воситаларида хизмат қиладиган ёхуд уларда шартнома асосида ишлайдиган ва маълум мавзудаги ахборотни тўплаш, таҳлил этиш ҳамда тарқатиш билан шуғулланувчи шахсдир”, дея жуда нотўғри ва қўпол изоҳ берилган. Бундан келиб чиқадиган бўлсак, ОАВда фаолият олиб бориб, бошқа нашрларда эълон қилинган материалларга  кичик ўзгартириш киритиб, эълон қилаётганлар ҳам ўзини журналист дейишга тўла ҳақли.
 
Айни даврда эса сайт очиб, журналистик фаолиятни олиб бориш, истаган мавзуда мақола ёки хабар тарқатиш осон бўлиб қолди. Албатта, бу ривожланишдан дарак. Бироқ, ОАВ, хусусан интернет-нашрларга бўлган ишончга путур етишига айни журналистнинг мақоми тўғри белгилаб берилмагани катта таъсир кўрсатмоқда. Кечагина мактабни битириб, бугун у ё бу йўналишда қалам тебратаётган, ОАВда бир-икки мақоласи чоп этилганларни кўп йиллик тажрибали журналистлар билан тенглаштириш қанчалик тўғри? Шуларни инобатга олиб, қолаверса, хорижий мамлакатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, қонунда журналистга тўғри ва ҳақли таъриф бериш, Ўзбекистон журналистлар рўйхатини шакллантириш, уларнинг базасини яратиш лозим.
 
Журналистнинг ҳар бири ЎзМААдан махсус гувоҳнома олиши керак. Бу гувоҳнома журналистлар фаолиятини чеклаши ёки айрим йўналишларда тақиқлаши эмас, балки янги имкониятлар эшигини очиши, сайт блогерлари ва ижтимоий тармоқларда ахборот тарқатиб ўзини журналист санаётганлардан фарқли ўлароқ қўшимча имтиёзларга эга бўлиши керак. “Ўзбекистон ҳаво йўллари”, “Ўзбекистон темир йўллари”, шифохоналар хизматларидан фойдаланишда, музей, театр ва киносаройларига киришда чегирмалар белгиланиши  лозим.
 
Бешинчидан, Ўзбекистонда журналистларнинг мажбуриятини эслатиб турадиган ташкилотлар кўпу, аммо ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган, улар суяна оладиган ягона орган йўқ. ЎзМАА ОАВ ва журналистлар фаолиятида қонунийликни таъминлаш билан бирга, уларга том маънода суянчиқ бўла олиши керак (Журналистлар уюшмаси бугунгача бу борада тайинли ишга қўл ургани йўқ ва уюшма нодавлат-нотижорат ташкилот саналади).
 
Олтинчидан, мамлакатда ахборот  тарқатиш, айниқса, расмий ахборот ва ҳужжатларга норасмий эгалик ҳуқуқини назорат қилиш, ОАВда ахборот монополияси яралишига чек қўйиш, мулкчилик шаклидан қатъи назар барча оммавий ахборот воситаларининг тенг ҳуқуқлилилигини, расмий тадбирларда иштирок этишини таъминлаш ЎзМААга билдирилаётган асосий таклифлардан биридир. Ҳар бир ОАВ давлат миқёсидаги тадбирлар ва расмий ташрифларни ранг-баранг ёритиш имкониятига эга ва бу ОАВ, журналистлар ўртасида соғлом рағобатни келтириб чиқаради. Ахборотнинг янада халқчил бўлишини таъминлайди.
 
Бугун айрим оғзига кучи етмаганлар орасида Комилжон Алламжонов Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Бош директори этиб тайинланиши ортидан “Turon24”нинг куни туғиши ҳақида пичир-пичирлар бошланди. Бундай бўлмаслиги аниқ. Алламжонов Президент Матбуот хизмати раҳбари бўлиб фаолият олиб борган даврларда ҳам ўзига тегишли ОАВ имкониятларини кенгайтиргани йўқ, аксинча, улар ҳам бошқалар қатори ишлади.
 
Еттинчидан, ЎзМААнинг Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган низомида ташкилот оммавий ахборот воситалари, ноширлик, матбаа ва ахборот-кутубхона фаолиятига оид қонун ҳужжатларига, давлат ва тармоқ стандартларига риоя этилиши, сўз ва ахборот эркинлигини кафолатлайдиган қонунчилик нормаларининг бажарилиши мониторингини олиб бориш ва назорат қилиши айтиб ўтилган. Бироқ, ЎзМАА бугун асосан маҳаллий ОАВ мониторингини олиб бориш, мониторинг қилганда ҳам, кўпроқ жузъий камчиликлар юзасидан назорат қилиш йўлини тутмоқда. Халқаро тажриба, халқаро ОАВда Ўзбекистон ҳақида эълон қилинаётган ахборотларнинг мониторинги Ташқи ишлар вазирлигига юритиб келмоқда. ЎзМАА мониторинг маркази халқаро ОАВда Ўзбекистон ҳақида чиқаётган мақолалар, хабарлар ҳақида маълумотга эга эмас. Масалан, испан, немис, араб, япон, корейс ОАВда Ўзбекистон ҳақида эълон қилинаётган материалларда ЎзМАА бехабар.
 
Ахборот хуружига қарши чоралар, ёлғон ахборот тарқатилгудек бўлса, уларга бериладиган кескир ва кескин жавоблар сиёсати режали ишлаб чиқилмаган. Бу ўринда Туркия коммуникациялар вазирлиги фаолиятини мисол тариқасида келтириш мумкин. “Гап Туркия ҳақида борса, матлақо хабаримиз бор” – бу ушбу ташкилотнинг шиори ва унинг фаолияти айнан шу шиор атрофида қурилган. Хўш, бугунги даврда ЎзМААга ўхшаган ташкилотларга аниқ ғоявий мақсад, самарали фаолият керакми ё охири йўқ вазифаларни ўз ичига олган низомми?
 
Саккизинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Жаноб Президент” фильмида “Журналистларнинг савияси баланд бўлиши керак”, деган ғояни илгари суради. Юқорида журналистларга гувоҳнома бериш, жамиятда улар мавқеини кўтариш ҳақида сўз юритдик. Энди навбат улар ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ белгилаб олишга келди. Нега дорихонада сотувчилик қилаётган ходим бу соҳада жуда бўлмаганда коллежни битирган бўлиши керагу, ОАВга келганда бунга кўз юмамиз? Дорихона сотувчиси  нотўғри берилган дори билан одамлар ҳаётини хавф остига қўяди, деймиз. Лекин журналист ёзган материали билан қанчадан-қанча одамлар ҳаётига, мамлакатлар сиёсатига, ички ва ташқи хавфсизликка дахлдор эканини унутамиз.
 
Матбуотда бош муҳаррирларга қўйиладиган талабларни ишлаб чиқиши керак. Бугунги вазиятга қаралса, исталган одам истаган шахс исталган оммавий ахборот воситасининг бош муҳаррири бўлиши мумкин. ОАВ тўғрисидаги қонундан хабари борми, йўқми, умуман икки энлик нарса ёза оладими, йўқми, умуман аҳамиятсиз. Ўзбекистонда 1500 ОАВ бўлса, 1500 нафар бош муҳаррир бор демак. Лекин улар ким?
 
Тўққизинчидан, Ўзбекистонда ОАВ воситалари хартияси ва Ўзбекистон журналистлари касб одоби кодексини қабул қилиш бир неча йиллардан буён чўзилиб келаётган масала. Кечиктирмасдан ушбу масала ҳам кўпчиликнинг фикрини инобатга олган ҳолда ҳал этилишини кутяпмиз.
 
Ва ниҳоят ўнинчидан, Ўзбекистонда интернет-нашрлар кун сайин ортиб бормоқда. Улар бугун аҳолини тезкор ахборот билан таъминлашда асосий вазифани бажармоқда. Бироқ, интернет-нашрларнинг техник хавфсизлиги пухта ишлаб чиқилмаган. Ахборот хавфсизлиги масалалари ҳамон оқсамоқда. Ўзбекистонда сифатли хизмат кўрсатувчи Data-center’ларнинг йўқлиги, интернет тезлиги пастлиги улар олдида турган энг катта муаммолардан биридир. Биргина Data-center ва улардаги техник ходимларга сарфланаётган ўртача йиллик сарф-харажат 1500 АҚШ доллари (айримларда бундан ҳам кўп)ни ташкил этмоқда. Бу эса шунча валютани қўш-қўллаб хорижга бериб келяпмиз дегани. Энг ёмони сайтни бошқаруви тўлалигича хорижликлар қўлига ўтяпти. Бу эса ахборот хавфсизлиги энг катта хавфдир.  Агентлик ахборот хавфсизлигини таъминлаш, таҳдидларни бартараф этишга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга оширишда иштирок этиш ваколатларини ишга солиши керак.
 
Ёдингизда бўлса, жорий йилнинг ёз ойларида мамлакатнинг энг танилган интернет-нашрлари бирдан тармоқдан узилди, уларга кириб бўлмай қолди. Бош урилмаган эшик, сўраб-суриштирилмаган жой қолмади. Бироқ ҳеч ким сайтларнинг ёпилиб қолиш сабабларини аниқлай олгани йўқ. Техник имкониятларнинг сустлиги, сайтларнинг хавфсизлиги ўта паст даражада экани исботи бу. Кун келиб бундай ҳолатлар яна такрорланмаслигига эса кафолат йўқ.
 
“Бугун биз дунёдаги узоқ-яқин давлатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаб, юртимиздаги демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштиришга интилар эканмиз, бошқа соҳалар қатори оммавий ахборот воситалари фаолияти бўйича ҳам ҳали кўп иш қилишимиз кераклигини яхши тушунамиз. Оммавий ахборот воситалари сўзда эмас, амалда “тўртинчи ҳокимият” даражасига кўтарилиши зарур. Бу – замон талаби, ислоҳотларимиз талаби”
 
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
 
Ҳар бир янги раҳбар, янги ходим бирор лавозимга оламшумул ғоялар, мақсадлар билан келиши, жамоага, боринг ана тизимга тоза об-ҳаво олиб кириши кутилади. Шамол қандай эсиши эмас, қаерга қараб эсиши муҳим. Эрта ё кеч, тез ё секин юқорида келтирилган таклифлар инобатга олиниб, келажакда ўзининг амалий натижасини кўрсатишидан умидвормиз.

Теглар:Комилжон Алламжонов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!