ССВ коронавирусдан уйда даволанаётган беморларга огоҳлантириш билан чиқди
Саломатлик
−
09 Октябрь 2020
24505Маълумки, Ўзбекистонда жорий йилнинг июль ойидан бошлаб коронавирусдан уй шароитида даволанишга ҳам рухсат берилди. Бироқ, шифокорлар тавсияларимиз ўзбошимчалик билан даволаниш, кераксиз дори воситалари истеъмол қилиш ёки уларнинг дозасини ошириб юбориш, кўплаб аянчли ҳолатларга сабаб бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги уй шароитида даволанаётган беморларга яна бир бор огоҳлантириш билан чиқди.
“Коронавирус инфекциясининг енгил ва ўрта даражадаги шаклини уйда даволашда ўта кучли дори воситаларидан фойдаланиб, касалликни даволаш ўрнига уни янада авж олишига сабаб бўлаётган айрим қўштирноқ ичидаги “шифокор”ларимиз ҳам бор. Тавсия этилаётган дори воситалари рўйхатига назар солсак, “Дексаметазон”, “Меропенем” каби, шунингдек, 3-4 хил гуруҳга мансуб “Амикацин”, “Левофлоксацин”, “Цефазолин сульбактам”, “Цефаперазон” ва микробга қарши “Метронидазол” каби дори воситаларини ҳам бир вақтнинг ўзида фойдаланилаётганини кўриш мумкин. Бу дорилар алоҳида ишлатилганда ҳам кучли восита ҳисобланиб, фақатгина COVID-19 нинг энг оғир даражаларида стационар шароитда ишлатиш тавсия этилади”, дейилади ССВ ахборотида.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Эъзозбек Ризаев ушбу дори воситалари ҳақида қуйидагиларни сўзлаб берди:
“Дексаметазон” препаратини “COVID-19”ни даволашда ишлатиш тавсияси 2020 йил июнь ойида Буюк Британия олимлари томонидан таклиф этилди. Оксфорт университети расмий сайтида “COVID-19” касаллигининг оғир ва ўта оғир даврида, фақатгина кислородга муҳтож бўлган ва сунъий нафас олиш аппаратига уланган касалларга реанимация шароитида кунига 6 мг миқдорида 10 кун давомида бериш таклиф этилган. Эътиборли жиҳати, “Дексаметазон” дори воситасини фақатгина реанимация шароитида бериш тавсия этилади”, деб расмий баёнотда аниқ белгилаб қўйилган.
“Дексаметазон” бу “Аспирин” ёки “Цитрамон” эмаски, уни хоҳлаган одам дорихонадан сотиб олиб, ўз билганича истеъмол қилса. “Дексаметазон” кучли яллиғланишга қарши ва иммунодепресант (иммунитетни туширувчи) синтетик гормонал дори воситаси. Ундан нотўғри фойдаланиш, аввало:
• иммун тизимининг фаолиятини сусайтиради;
• қандли диабет касаллигини келтириб чиқаради ва уни ривожлантиради;
• ошқозон яра касаллигида қон кетиш хавфини оширади;
• суяклардан кальцийнинг чиқиб кетишига сабаб бўлади;
• тери мустаҳкамлигини сусайтиради;
• сурункали касалликларнинг авж олишига олиб келади.Бундан ташқари, ушбу яллиғланишга қарши дори воситасидан узоқ муддат фойдаланиш ҳар қандай гормонлар сингари, семириш, диабет, остеопороз, глаукома ва ҳатто руҳий касалликлар каби ножўя таъсирларни келтириб чиқариши мумкин. Шу билан бирга, сон суягининг асептик некрозига ҳам “Дексаметазон” дори воситасини кўп миқдорда ишлатиш сабаб бўлади.
“Дексаметазон”ни COVID-19 нинг енгил ва ўрта даражада кечиш даврида ишлатиш таъқиқланади. Чунки у касалликнинг дастлабки босқичида, иммунитетимизни мустақил равишда касалликни енгишига ҳалақит беради ва акс таъсир кўрсатиб, касалликнинг авж олиб кетишига сабаб бўлади. Иммун тизими пасайиб, ҳатто йўқ бўлиб кетган беморни касалликдан қутқариш деярли имконсиз бўлиб қолади”.