Тошкентдаги “самосуд”, 5 вилоятга келаётган сел, Исроилни йўқ қилмоқчи бўлаётган Эрон ва куннинг бошқа хабарлари

Жамият

image

2 июль куни ҳам ниҳоясига етяпти. Қуйида сиз билан Ўзбекистон, жаҳон ва бошқа соҳаларда юз берган куннинг энг муҳим воқеаларига тўхталиб ўтамиз.

Жамият

Мирзиёев Ҳисоб палатаси тўғрисидаги қонунни қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 1 июль куни “Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги қонунни қабул қилди. Мазкур ҳужжат Ҳисоб палатасининг фаолиятини тартибга солади. Қонунга кўра, Ҳисоб палатаси давлат ташқи аудити ва молиявий назоратининг олий органи ҳисобланади.

Нега Ўзбекистонда йўловчи поездларининг тезлигига чеклов қўйилмоқда?

Шу кунларда Ўзбекистонда кузатилаётган аномал иссиқ туфайли баъзи темир йўл участкаларида йўловчи поездлар тезлиги чекланади. Самарқанд - Бухоро, Бухоро - Хива каби темир йўл участкаларида ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўловчи поездларнинг тезлигига чеклов белгиланди.

Абдулла Арипов: Ўзбекистон Афғонистонни электрлаштиришга 45 млн доллар ажратади

Ўзбекистон Афғонистонни электрлаштириш лойиҳасига 45 млн доллар ажратади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Афғонистон ҳукумати раҳбари Абдулла Абдулла билан учрашуви вақтида маълум қилди.

Самарқандда 60 нафар боғча бола қурилиши тугамаган бинода нима қилаётганди?

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги Ички аудит хизмати томонидан 2018 йилда Тошкент шаҳри ва республика вилоятларида мактабгача таълим ташкилотларига (МТТ) тегишли йўлланмасиз қатнаётган 1059 нафар болалар аниқланди. 2019 йилнинг биринчи чорагида ушбу кўрсаткич 373 нафар болаларни, шу жумладан 3 ёшга тўлмаган тарбияланувчиларни ташкил этди.

Хусусан, Самарқанд шаҳридаги 58-сонли МТТда текшириш ўтказилганда, 60 нафар болалар Мактабгача таълим вазирлиги аудиторлари томонидан МТТ яқинида қурилаётган бино ҳудудида аниқланди.

Ўзбекистоннинг 5 вилоятига сел келиши кутиляпти

Ўзбекистоннинг беш вилоятида сел келиши кутиляпти. Эртага, 3 июль куни Тошкент, Жиззах, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларининг тоғ ва тоғолди ҳудудларида сел келиши хавфи мавжуд.

Видео: Тошкентда машина ўғрилиги устида қўлга тушганлар “самосуд” қилинди

Ўзбекистонда сўнгги йилларда одамлар турли вазиятлардаги ўзлари айбдор деб ҳисоблаган одамни “самосуд” қилиши тез-тез учраб турибди. “Самосуд” ҳолати тасвирланган видеолар эса ижтимоий тармоқларда яшин тезлигида тарқалади.

Навбатдаги “самосуд” Тошкентдаги Қўйлиқ бозорида юз берди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода одамлар ўғрилик устида қўлга тушган эркакларни калтаклаётгани тасвирланган.

Аҳоли қўлида қолиб кетган 50 ва 100 сўмлик банкнотлар алмаштириб бериладими?

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг эски намунадаги (2001-2002, 2004 ва 2009 йиллар намунасидаги) 50 сўмлик, 100 сўмлик тангалари ҳамда (1994 йил намунасидаги) 50 сўмлик ва 100 сўмлик банкнотлари тўлов қобилиятини йўқотди ва муомаладан чиқарилди.

2019 йилнинг 1 июлидан бошлаб банк кассаларига топширилган 1997 йил намунасидаги 200 сўмлик ва 1999 йил намунасидаги 500 сўмлик банкнотлар тижорат банклари филиаллари томонидан алмаштириб берилади.

Олам

“Исроилни ярим соатда йўқ қиламиз”. Эрон АҚШга таҳдид қилди

Сўнгги вақтларда Эрон ва АҚШ муносабатлари ҳавас қилгулик даражада бўлмаяпти. Эрон АҚШ дронини уриб туширган вазият янада қалтислашди. Бу Форс кўрфазида тинчликка катта хавф туғдириши турган гап. АҚШ Эронга ҳужум қилиши мумкинлигини очиқчасига айтиб келяпти. Эрон ҳам бунга жим қараб турмоқчи эмас.

Эрон парламентининг Миллий хавфсизлик масалалари бўйича қўмитаси раҳбари Можтаба Зоннур АҚШ ҳужумга ўтса, Эрон Исроилни яксон қилишини айтди.

Бугун одамлар ажойиб табиат ҳодисасига гувоҳ бўлади

2 июль куни Ер сайёраси аҳолиси Қуёшнинг тўлиқ тутилишига гувоҳ бўлади. Табиатнинг бу ажойиб ҳодисаси, айниқса, Ернинг ғарбий ярим шаридан яхши кўринади. Қуёш тутилиши Буэнос-Айрес (Аргентина) вақти билан соат 16:23 да (Тошкент вақти билан 00:23 да) бошланади ва 4 дақиқа 33 сония давом этади. Қуёш тўлалигича ёпилади.

Хитой АҚШ ва Россияга жиддий таклиф билан чиқди

АҚШ ва Россия ядровий қуролсизланиш жараёнига бош бўлиши керак. Хитой Халқ Республикаси ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Гэн Шуан шундай баёнот билан чиқди.

“Улар (Россия ва АҚШ) ишончли ва шаффоф тарзда ядровий арсеналини қисқартириши керак ва бу доимий жараён бўлиши зарур. Бу охир-оқибат тўла ва кенг кўламли ядровий қуролсизланишга шароит яратади”, деган дипломат.

РФда сувости аппаратида ёнғин чиқди. 14 нафар денгизчи ҳалок бўлди

Россия Федерацияси ҳудудий сувларида сув тубидаги илмий-тадқиқот аппаратда ёнғин чиқиши оқибатида 14 нафар сув ости денгизчиси ҳалок бўлди. Қайд этилишича, махсус жамоанинг ҳаракати билан ёнғин ўчоғи сўндирилган.

Спорт

Раматов истеъфога чиқади. ЎФАга янги президент сайланади

2019 йил 15 июль санасида Ўзбекистон футбол ассоциациясининг навбатдан ташқари Конференцияси бўлиб ўтади. Конференция кун тартибидан ЎФА президентини сайлаш масаласи ҳам ўрин олган.

“Ювентус” 6 ой ўйин амалиётисиз юрган футболчи билан шартнома имзолади

Франция терма жамоаси ярим ҳимоячиси Адриен Рабьо расман “Ювентус” билан шартнома имзолади. 1 июль санасидан эътиборан эркин агентга айланган футбочи туринликлар сафига текинга келиб қўшилди. Футболчи “зебралар” сафида 25-рақамли футболкада ҳаракат қилади.

Тонгда Америка кубогида финалдан олдинги финал ўтказилади

Айни кунларда Бразилия яшил майдонларида "Copa America - 2019" мусобақаси бўлиб ўтмоқда. Мусобақа ўзининг ҳал қилувчи палларига етиб келди. Эртага тонгда чемпионатнинг ярим финалда мезбон Бразилия терма жамоаси Аргентина термасига қарши майдонга тушади.

Ўзбекистон яна бир халқаро мусобақа мезбонига айланиши кутилмоқда

Жорий йилнинг сентябр ойида Ўзбекистон яна бир халқаро мусобақа мезбонига айланиши кутилмоқда. Ўзбекистон камондан отиш федерацияси Матбуот хизматининг QALAMPIR.UZ мухбирига маълум қилишича, куз фаслида Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси билан ҳамкорликда Хоразмвилоятининг Хива шаҳрида этноспорт бўйича нуфузли халқаро мусобақа ташкиллаштирилиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

23

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг