Бектемир тумани ҳокимлигидагиларнинг “бурнида қашқаси” борлиги ростми?

Жамият

image

Интернет ОАВда «Бектемир туман ҳокимлигининг «бурнидаги қашқаси» қачон битади?» номли мақола эълон қилинди. Унга кўра фуқаро Воситжон Дилшодовнинг мурожаатида Бектемир ҳокимияти олдидаги чорраҳанинг автомобиль йўл қисми бир ой аввал икки томондан кавланиб, ер остидан қувур ўтказилгани, бироқ йўл ҳанузгача тузатилмай келаётгани айтилади. Натижада, аҳоли бундай азият чекмоқда дейилади мақолада.

Хўш, фуқаро томонидан билдирилган фикрлар қанчалик асосли? Агар ҳолат ҳамон шундайлигича қолаётган бўлса мутасаддилар нега жим?

Qalampir.uz мухбири ушбу масалани батафсил ўрганиш мақсадида Бектемир тумани ҳокимлиги Қурилиш бўлими бошлиғи Аброр Касимов билан боғланди ва ушбу ҳолатга ойдинлик киритди.

"Очиғи, туман ҳокимлигига «Хусайн Бойқаро», «Олтинтопган» ва «Бектемир» маҳаллалари фуқароларидан Бектемир шоҳ кўчасидаги тирбандлик юзасидан бир нечта аризалар келиб тушган. Фуқаролар фикрини инобатга олган  ҳолда, тегишли ташкилотларга мурожаат этилганига қарамай, ушбу ноқулайликларни тезроқ бартараф этиш, аҳолига муносиб шарт-шароит яратиш мақсадида туман ҳокимлиги ҳашар йўли билан йўл қурилиши билан боғлиқ амалий ишларни бошлаб юборди", дейди Аброр Касимов.

Хўш, қурилиш ишлари бошланган ҳам дейлик, нега бу жараён чўзилиб кетмоқда, сабаби нимада?

"Мазкур йўлни кенгайтириш жараёнида бир неча коммуникация тўсиқларига дуч келинди. Хусусан, ҳар бир коммуникация (электр энергия, алоқа, ёритиш тармоқлари, светафор, кузатув камера) тармоқлари мутахассислари билан келишилган ҳолда йўлни чекка қисмига кўчириш ишлари олиб борилди. Ҳар бир тармоқни кўчиришда қонун-қоидалари мавжуд бўлиб, шулардан 32 та алоқа тармоқлари 119 метрли кўчириш, электр энергия 950 метр, ҳаво узатиш тармоғини ер ости тармоғига алмаштириш, 3 та темир бетон устунларини қўчириш, 6 та темир бетон устунлари алмаштирилди. Шу боис ҳам туман ҳокимлиги ёнидаги чорраҳада фуқаролар ва транспортларнинг ҳаракатланиши билан боғлиқ ноқулайликлар юзага келган".

Муаммо ечими учун қанча фурсат керак, бир кун, бир ҳафта ёки...

"Тўғриси, биз ҳам бунчалик бўлишини кутмагандик. Юқорида айтганимдек, бугун муаммони тез баратараф қиламиз деб шошқалоқлик қилсак, қайсидир тизим маромига етмай қолса, яна йўлни қайтадан бузишга тўғри келиши мумкин. Шунинг учун ҳаммаси мутахассислар билан маслаҳатлашилган ҳолда амалга оширилмоқда. Муаммолар тез орада ўз ечимини топишини маълум қиламиз. Бектемир тумани тез фурсатда аҳоли учун қулай, замонавий, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларга «лаббай» дея жавоб берадиган бетакрор мегаполисга айланади"

Бектемир туман ҳокимлиги Қурилиш бўлими бошлиғи Аброр Касимовнинг фикрларини эшитарканмиз, унинг гапларида ҳам жон борлигини ҳис этдик.

Кези келганда айтиш керакки, бугун Ўзбекистоннинг қай бир масканига борманг қурилиш, ўзгариш, янгиланишга кўзингиз тушади. Қурилиш бўлган жойда электр, сув, газ ва алоқа тармоқларига уланиш муаммоси бўлади. Муаммо нафақат ҳокимликники, балки у ерда истиқомат қилаётган аҳолиги ҳам тегишлидир. Шундай экан ҳар қандай муаммони ечим топиши учун маблағ, вақт, эътибор керак.  Демак, кутамиз.

Ҳа айтганча, фуқаролар ҳам мурожаат қилганда муаммонинг сабабини англаб етса, холис ёндашса фойдадан ҳоли бўлмайди.

Ўйлаймизки, Бектемир туман ҳокимияти тез кунда бу муаммога ечим топиб, аҳолининг муаммоларини бартараф этади ва йўловчиларнинг оғирини енгил қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

34

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг