АҚШ бўйлаб Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти тарғиб этилди

Жамият

image

Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консуллиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан АҚШдаги ўзбекистонликлар иштирокида Наврўз байрами муносабати билан бир қатор тадбирлар ўтказилди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Матбуот хизматининг маълумотларига таяниб ЎзА хабар бермоқда.

Хабарга кўра, Наврўз байрамига бағишланган тадбирлар АҚШнинг Пенсилвания, Калифорния, Вашингтон ва Иллинойс штатларида кенг нишонланган. Тадбирлар доирасида Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти тарғиб қилинди.

Тадбирларда 5 мингдан ортиқ иштирокчилар қатнашди. Жумладан, АҚШда истиқомат қилётган ўзбеклар, маҳаллий аҳоли, туроператорлар иштирок этишди.

Пенсилвания штати Бенсалем шаҳрида илк бор Наврўзга бағишланган халқ сайли ташкил этилди. Тадбир давомида, сўзга чиққан АҚШ Конгресси аъзоси Бриан Фитзпатрик, Пенсилвания штати сенатори Жон Сабатина, Бенсалем шаҳар мэри Жозеп ди Гироламо ва бошқалар барча ўзбекистонликларни Наврўз байрами билан табриклаб, Ўзбекистоннинг бой маданияти, тарихи, урф-одатлари, анъаналари ва туризм салоҳиятини юқори баҳолашди.

Иллинойс штати Чикаго шаҳрида сумалак, кўксомса, палов ва бошқа таомлар тайёрланиб, тадбир иштирокчиларга улашилди. Шунингдек, ўзбек халқ хунармандчилиги намуналари намойишга қўйилди ҳамда Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини акс эттирувчи тарғибот материаллари тарқатилди.

Калифорния штати Сан-Франциско шаҳрида Наврўз байрами давомида Ўзбекистон миллий маданияти марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбир доирасида кураш мусобақалари ташкил этилди ва маҳаллий аҳоли ўзбек маданияти, анъаналари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг гастрономик туризм имкониятларини оммалаштириш мақсадида миллий ошхона бренди остида турли миллий таомлар тайёрланиб, тадбир иштирокчиларига тортиқ этилди.

Вашингтон штатида “Сиэтл-Тошкент” биродарлар ассоциацияси кўмагида миллий куй-қўшиқлар, рақслар намойиш этилди. Бундан ташқари, тадбир доирасида Сиэтл шаҳридаги ўзбекларЎзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб этишди. Шунингдек, тадбир иштирокчиларига Ўзбекистонда жорий этилган янги виза турлари (Vatandosh, Student visa, Academic visa, Medical visa, Piligrim visa) ҳақида маълумотлар берилди.

Ўтказилган барча тадбирлар доирасида “Ўзбекистонга сайёҳат қил!” шиори остида Ўзбекистоннинг машҳур шаҳарлари, жумладан, Хива, Бухоро ва Самарқанд акс эттирилган 1000 дан ортиқ автомобилларга ёпиштириш учун мўлжалланган ёрлиқлар ўзбекистонликларнинг шахсий автомашиналарига ўрнатилди.

Шу ўринда, алоҳида таъкидлаш жоиз, Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консуллиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ватандош” Ўзбек-Америка федерацияси ҳамкорлигида, 2019 йил март-апрель ойларида АҚШда Ўзбекистон туризм салоҳиятини тарғиб қилишга қаратилган бир қатор тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон-АҚШ

Баҳолаганлар

7

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг