AIBA президенти Ғафур Раҳимов истеъфога чиққанини эълон қилди
Спорт 23 Март 09:07 7446
image

Кеча, 22 март куни Халқаро бокс федерациялари ассоциацияси (AIBA) президенти, ўзбекистонлик Ғафур Раҳимов ташкилот президенти лавозимидан истеъфога чиққани тўғрисида махсус баёнот билан чиқди. Бу ҳақда Халқаро бокс федерациялари ассоциациясининг расмий сайти хабар қилмоқда.

Хабарда келтирилишича, Ғафур Раҳимов ўзининг 25 йиллик фаолияти давомида боксда фахрланишга арзигулик натижаларга эриша олганини қайд этиб ўтган. Аммо ўзи учун оғриқли бўлган бундай қарорни қабул қилишига, сўнгги йилларда унга қўйилган бир қанча сиёсий айбловлар ҳамда турли босимларни сабаб қилиб кўрсатди.

“Айни пайтдаги оғир вазиятни ҳисобга олган ҳолда, AIBA Низомига мувофиқ, ташкилот президенти лавозимидан истеъфога чиқиш ниятида эканимни AIBA Ижроия қўмитасига маълум қиламан. Бу президентнинг ўз ваколатларини бажаришдан воз кечганини билдиради ва вақтинча президент томонидан алмаштирилишига имкон беради. Ҳафта охирида мен ушбу масалани муҳокама қилиш ҳамда вақтинчалик президент тайинлаш жараёнини бошлаш учун видеомурожаат орқали AIBA Ижроия қўмитасининг йиғилишини чақирдим”, деб айтиб ўтган Раҳимов.

Шунингдек, ташкилот расмий сайтида 25 мартга қадар бу ҳақда бошқа ҳеч қандай изоҳ берилмаслиги таъкидланган.

Умар Мурод
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 138
Рейтинг: 3.0