Америкалик аёл жўнатмалари ўғирланганини айтмоқда. “Ўзбекистон почтаси” АЖ видеога муносабат билдирди
Жамият
−
08 Октябрь 2020
18011Ижтимоий тармоқларда америкалик аёлнинг видеоси тарқалмоқда. Ўзини Жесика деб таништирган аёл видеода Ўзбекистон почтаси орқали юборилган қиймати 1000 АҚШ долларига тенг бўлган чинни ва сопол буюмлар синиқ ҳолатда келгани, буюмлар ўғриланганини айтади. Мазкур ҳолат бўйича “Ўзбекистон почтаси” АЖ муносабат билдирди.
Қайд этилишича, “Ўзбекистон почтаси” АЖ томонидан мазкур видео ролик бўйича тегишли ўрганиш ишлари олиб борилган.
“Божҳона декларацияларини ўрганиш жараёнида “Ўзбекистон почтаси” АЖ томонидан жорий йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон Республикасидан АҚШ манзили бўйича 2 та қиймати эълон қилинган жўнатмада (жўнатмаларнинг божҳона декларацияси илова қилинади) чинни буюмлар солинган идишлар юборилганлиги аниқланган.
Ушбу жўнатмалар Андижон вилоятида истиқомат қилувчи фуқаро Т.М. томонидан АҚШнинг Вашингтон штатида таълим олувчи ўғли Э.Ж.га юборилган (Жессика хоним билан олувчи Э.Ж. ўртасидаги боғлиқлик бизга маълум эмас) бўлиб, жўнатмаларнинг ҳар бири 100 000 сўм (таъкидланаётган 1000 доллар) миқдорида қиймати эълон қилинган.
Мазкур жўнатмаларни почта алоқаси объектида қабул қилиш жараёнида почта ходими томонидан мижозга жўнатмаларни узоқ масофага жўнатаётгани, унинг ичидаги жўнатмага шикаст етмайдиган равишда ўраш лозимлиги, акс ҳолда жўнатмаларга зарар етиши мумкинлиги тушунтирилган, шунингдек, қўшимча ҳақ эвазига махсус тарзда ўраш ҳизмати тавсия этилган, аммо мижоз ўзи томонидан ўралган ҳолда жўнатмаларни тақдим этган. Жўнатмаларни қабул қилиш жараёнининг видео ёзувлари мавжуд. Жессика хоним ўз видеосида жўнатмалар тегишли равишда ўралмаган ҳолда жўнатилса, шикаст етмасдан боришига кафолат берилмаслиги тўғрисида огоҳлантирилганлигини айтиб ўтган”, дейилади расмий баёнотда.
АҚШда истиқомат қилувчи видео муаллифи Жесика унга жўнатмалар бўйича трекинг учун штрих-код берилмаганлигини маълум қилган. “Ўзбекистон почтаси” АЖнинг таъкидлашича эса, жўнатмалар бўйича трекинг учун штрих-код белгиланган қоидаларга мувофиқ жўнатувчига берилади, бу иловада келтирилган божхона декларациясида кўрсатилган.
“Жўнатувчига 2 та жўнатма учун берилган махсус штрих-код орқали жўнатмаларнинг юборилиш ҳолати почта жўнатмаларини кўзатиш бўйича махсус сайт орқали ўрганиб чиқилганда, биринчи жўнатма 5 октябрь куни олувчига топширилганлиги маълум бўлди. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда иккинчиси ўғириланган деб такидланаётган жўнатма 6 октябр куни олувчига топширилган, буни кузатиш бўйича махсус сайт тасдиқлайди (сайтдан олинган скриншотлар илова қилинади).
Бугунги кунда, бутун дунёда пандемия муносабати билан авиақатновлар баъзи бир давлатларга вақтинчалик тўхтатилган бўлиб, Ўзбекистон Республикасидан АҚШга тўғридан-тўғри авиақатновлар йўқлиги сабабли Сеул орқали АҚШга етказиб берилган”, дейилади баёнотда.
Таъкидланишича, мазкур ҳолатга ўхшаган вазиятлар дунёнинг бошқа мамлакатларидаги почта компаниялари тажрибасида ҳам учраб туради. Шу сабабли, мижозлар манфаатини ҳимоя қилиш мақсадида, Умумжаҳон почта иттифоқи Конвенцияси регламентининг 17-237-бандига мувофиқ, барча почта жўнатмалари ичидаги жўнатмага шикаст етмайдиган равишда қадоқланган, шунингдек, шиша ёки бошқа мўрт жўнатмалар почта қутиларига жойланган ва тегишли ҳимояланган материаллар билан ўралган ҳолда юборилиши лозимлиги белгиланган.
“Ўзбекистон почтаси” АЖ регламентга кўра, жўнатмага шикаст етказилган ҳолатлар юз берган тақдирда, мижоз томонидан почта хизматларини кўрсатувчи компанияга расмий мурожаат қилиниши лозимлиги ва мурожаат белгиланган тартибда миллий почта оператори томонидан кўриб чиқилиши белгилаб қўйилганини эслатади. АҚШда мазкур ҳолат юзасидан USPS компаниясига мурожаат этиш талаб этилади.
“Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Умумжаҳон почта иттифоқи Конвенцияси Регламентининг 22-бандига мувофиқ почта жўнатмаларини хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан юбориш жараёнида хатоликларга йўл қўйилганлиги аниқланса, белгиланган тартибда компенсация тўлови ундирилиши кўрсатилган”, дейилади “Ўзбекистон почтаси” АЖ баёнотида.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь