Япония фавқулодда ҳолат эълон қилишга мажбур бўлди
Олам
−
06 Апрель 2020
14382Япониянинг еттита префектурасида бир ой муддатга фавқулодда ҳолат режими жорий этилди. Бу ҳақда бугун, 6 апрель куни мамлакат давлат телевидениеси хабар берди.
Маълумотларга кўра, мазкур қарор Синдзо Абэ бошчилигидаги ҳукумат томонидан қабул қилинган. Фавқулодда ҳолат режими 7 апрель куни эълон қилинади, 8 апрель куни эса кучга киради. Телевидение берган маълумотларга кўра, режим Токио, унга қўшни бўлган Канагава, Тиба, Сайтама, шунингдек, Осака, Хёго ва Фукуока префектураларида жорий этилади.
Японияда амалдаги қонунчиликка кўра, ҳатто фавқулодда вазиятда ҳам умумий карантин жорий этилмайди. Шунингдек, аҳоли яшаш манзиллари ёпиб қўйилмайди, жамоат транспортлари тўхтатилмайди ва аксари хусусий компаниялар фаолияти мажбуран бекор қилинмайди. Губернаторларда маҳаллий фавқулодда ҳолат режими эълон қилинганида аҳолини ўз уйларидан чиқмасликни тавсия эта олиш ҳуқуқи бор, холос. Мактаблар, кинотеатрлар ва одамлар тўпланадиган бошқа жойларда чеклов ўрнатилиши ёки улар фаолияти вақтинча тўхтатилиши мумкин.
Сўнгги маълумотларга кўра, Японияда коронавирусга 3 654 нафар одам чалинди. 575 бемор шифо топган бўлса, 85 киши вафот этди.