Тошкентда террорчилик ташкилотининг 11 нафар аъзоси ушланди

Жамият

image

ДХХ ва ИИВ ходимлари томонидан мавжуд жиноят иши доирасида Тошкент шаҳрининг Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида ҳамкорликдаги тезкор тадбирлар ўтказди. Бу ҳақда "Ўзбекистон 24" телеканалида хабар берилди.

Унда Олий суднинг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан мамлакатда тақиқланган “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилотининг 11 нафар тарафдорларидан иборат яширин гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.

Аниқланишича, ушбу гуруҳни ташкил этган шахснинг ўзи даставвал жорий йилнинг январь ойида диний экстремистик оқимлар ва террористик ташкилотларнинг ғоявий раҳнамолари бўлмиш, ҳозирда Сурия ва Туркия давлатларида қўним топган, асли қирғизистонлик, тахаллуси “Абу Салоҳ” бўлган Сирожиддин Мухторов, шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари бўлган “Абдуллоҳ Зуфар” - Зофир Ғаффоров ва “Содиқ Самарқандий” - Содиқ Муҳаммадиевларнинг даъватларини тинглаб, уларнинг таъсирига тушиб қолган, дейилади матбуот хабарида.

Сўнгра ўз атрофидаги инсонларни ҳам бу йўлга тарғиб қила бошлаган.

Жорий йилнинг март ойига келиб, у “Тавҳид ва жиҳод катибаси” террористик ташкилоти сафига қўшилиш учун Сурия давлатига чиқиб кетишни режа қилган ва бунинг учун ўзига хорижга чиқиш паспорти расмийлаштириб олган.

Бироқ, коронавирус пандемияси туфайли Ўзбекистон ва Туркияда жорий этилган карантин чоралари унинг режасининг рўёбга чиқишига халақит берган.

Таъкидлаш лозимки, ноқонуний йиғилишлар давомида гуруҳ аъзолари интернет тармоғи орқали юклаб олинган экстремистик мазмундаги материалларни тинглаб, муҳокама қилиб келишган. Уларнинг бир нечтаси “ҳижрат” ва “жиҳод” қилиш учун Сурия давлатига боришга хайрихоҳлик билдиришган.

Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида гуруҳ аъзоларининг яшаш манзилларида тақиқланган диний адабиётлар ва варақалар, компьютер, ноутбук, планшет, мобил телефон ҳамда флеш-карталар борлиги аниқланиб, уларда сақланаётган маълумотларни экспертизадан ўтказиш учун процессуал тарзда расмийлаштирилиб олингани айтилган.

Ҳозирда тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

террорчилик ташкилоти жиҳод

Баҳолаганлар

376

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг