Ўзбекистонда MICE туризмини ривожлантириш бўйича Президент қарори имзоланиши мумкин

Жамият

image

“Ўзбекистонда MICE туризмини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.

Унга кўра, “2019-2025 йилларда Ўзбекистонда  конференция, форум, конгресс, кўргазма, семинар ва анжуманлар (MICE) туризмини ривожлантириш бўйича концепция” тасдиқланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг “Ўзбекистон конгресс ва кўргазма” марказини ташкил этиш таклифига розилик берилиши мумкин.

Марказнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

Ўзбекистонда ташкил этиладиган маҳаллий ва халқаро даражадаги конгресс ва кўргазмалар ўтказиш имкониятига эга бўлган объектлар тўғрисидаги маълумотлар реестрини юритиш;

маҳаллий ва халқаро даражадаги конгресс ва кўргазмаларни ташкиллаштириш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари реестрини юритиш;

Ўзбекистонда ташкил этиладиган маҳаллий ва халқаро даражадаги конгресс ва кўргазмалар ташкилотчилари фаолиятини мувофиқлаштириш;

Ўзбекистоннинг MICE туризми салоҳиятини жаҳон мамлакатлари орасида намоён этиш ҳамда мамлакат қиёфасини ижобий тарзда тарғибот қилиш;

Республикадаги вазирлик ва идоралар томонидан Ўзбекистонда ташкил қилинадиган MICE туризмига ихтисослаштирилган халқаро даражадаги кўргазмалар, ярмаркалар ва конгресслар фаолиятини мувофиқлаштириш;

MICE туризмига ихтисослаштирилган халқаро кўргазма ва ярмаркаларда Ўзбекистон номидан иштирок этиш ва халқаро ташкилотлар ва йирик компаниялар томонидан тадбирларни ўтказиш бўйича эълон қилинадиган тендерларда қатнашиш ва бошқалар.

“2019-2025 йилларда Ўзбекистонда конференция, форум, конгресс, кўргазма, семинар ва анжуманлар (MICE) туризмини ривожлантириш бўйича концепцияга кўра, 2019-2025 йилларда Ўзбекистонда MICE туризмини ривожлантириш концепцияси туризмнинг ушбу турини ривожлантириш учун қулай иқтисодий шарт-шароитларни яратиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишга эришиш ва туризмнинг мавсумий омилларини минималлаштириш учун зарур туристик инфратузилмани такомиллаштиришга қаратилган.

MICE туризмини мақсадли вазифалари ва халқаро тажрибаларига келиб чиқиб, келгуси йилларда фаол равишда қисқа муддатда қуйидаги тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган:    

1) Республикада MICE туризмини ривожлантириш бўйича стратегия ва чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, жумладан:

туризмнинг мавсумийлик омилини ҳисобга олган ҳолда, халқаро ва маҳаллий даражадаги тадбирлар ўтказиш дастурини (йиллик) тузиш;

Ўзбекистонда MICE туризми тадбирларини ўтказиш учун устувор ҳудудлар ва мамлакатларни аниқлаш;

Ўзбекистон бозорига маҳаллий ва хорижий инвестицияларни жалб этиш;

мамлакатнинг ҳудудларидаги мавжуд имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, MICE туризми тадбирларининг йўналишларини аниқлаш;

MICE туризми учун мамлакатнинг миллий брендини ишлаб чиқиш;

MICE туризмини ривожлантириш учун Ўзбекистон ва хорижий давлатлар ташкилотлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш.  

2) мамлакатда MICE туризмини ривожлантириш билан боғлиқ алоҳида давлат муассасаси (Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қошида) ташкил этиш. Унинг ваколатига қуйидаги вазифалар киритилиши мумкин:

•    ягона (марказлаштирилган) MICE туризми сиёсатини амалга ошириш;
•    MICE туризми жараёнида иштирок этувчи давлат ва хусусий ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;
•    MICE туризми йўналиши бўйича фаолият юритувчи меҳмонхоналар, туроператорлар, бинолар ва бошқа ташкилотларнинг рўйхатини тузиш ва мунтазам равишда янгилаб бориш;
•    MICE туризми тадбирларини, шунингдек, халқаро бозорларда мамлакат ҳудудларининг ижобий қиёфасини тарғиб этиш.

3) MICE туризмини ривожлантириш учун мамлакатнинг ҳудудларида зарур инфратузилмаларни яратиш. Шу жумладан:

•    4-5 юлдузли меҳмонхона ва бизнес-марказларни қуриш;
•    бўш турган биноларни MICE туризми тадбирларини ўтказиш учун мослаштириш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш;
•    мамлакатда MICE туризмини ривожлантириш учун зарур инфратузилмани яратиш мақсадида салоҳиятли тадбиркорларни ва инвесторларни   жалб қилиш; 
•    давлат ва хусусий ташкилотларнинг MICE туризм тадбирларини онлайн-бронлаш хизматини йўлга қўйиш.

4) Халқаро конгресс ва конференция ассоциацияси (International Congress and Convention Association, ICCA) билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мамлакатдаги MICE туризмида иштирок этувчи ташкилотларни ICCA веб-сайтида рўйхатдан ўтказиш;

5) мамлакатнинг MICE туризми бўйича салоҳиятини ички ва ташқи бозорларда тарғиб қилиш ҳамда доимий равишда маркетинг тадқиқотларини олиб бориш;

6) MICE туризми соҳасидаги профессионал кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш. Шу жумладан:

•    Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қошидаги Туризм ўқув-консалтинг марказида сертификатлар тақдим этувчи махсус курслар ташкил этиш; 
•    таълим муассасаларининг ўқув дастурига MICE туризми бўйича ўқув соатларини киритиш.


Мақола муаллифи

Теглар

MICE

Баҳолаганлар

4

Рейтинг

3.6

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар