Коронавирус қурбонлари бир кунда 57 нафарга кўпайди
Олам
−
03 Февраль 2020
8063Хитойда тарқалган янги 2019-nCoV коронавирусидан ҳалок бўлганлар сони 57 нафарга кўпайиб, 362 кишига етди. Кеча қурбонлар сони 305 нафарни ташкил қилаётганди.
56 та ўлим вирус тарқалиш ўчоғи ҳисобланган Хубэй вилоятида, яна бири Чунцин шаҳрида қайд этилган.
Маълумотларга кўра, бугунга келиб, вирус билан касалланганлар сони 17387 нафарни ташкил этяпти. Шундан, 17205 нафари Хитойда, қолгани дунёнинг бошқа мамлакатларида аниқланган.
Мамлакатда 152,7 минг киши вирус юқтирганликка гумон остида қолмоқда. 475 киши муваффақиятли даволаш курсидан сўнг шифо топган.
Янги коронавирус
Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.
Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 26 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, Америка Қўшма Штатлар, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал ва Испанияда аниқланди.
ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади.