Ғалла шартномасини биринчи бажарган сектор раҳбарларига машина берилади

Жамият

image

Тошкент вилоятида жорий йил ғалла шартномасини биринчи бўлиб бажарган туманнинг тўртала сектор раҳбарларига хизмат машинаси берилади. Бу ҳақда Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида вилоят ҳокими Ғуломжон Ибрагимов маълум қилди, деб ёзмоқда ЎзА. 

Маълумотларга кўра, вилоятда жорий мавсум 117 минг 300 гектарда ғалла парваришланяпти. Вилоят миришкорлари ҳар гектар буғдойдан 70 центнердан ошириб хирмон кўтариб, вилоят бўйича 850 минг тоннадан ортиқ дон олишни мақсад қилмоқда.

Сессияда ғалла парвариши, хусусан ғалла майсаларининг баравж ривожини таъминлаш, ўз вақтида озиқлантириш, баҳорги суғориш жараёнига тайёрлаш каби муҳим вазифалар муҳокама қилинди.

Муҳокама жараёнида бу борада намуна кўрсатганларни муносиб тақдирлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, вилоят ҳокими томонидан ғалла шартномасини биринчи бўлиб бажарган туманнинг тўртала сектор раҳбарига хизмат машинаси, шунингдек, 100 центнердан ошириб ҳосил олган ҳар бир фермер хўжалиги раҳбарига хоҳишига қараб автомобиль ёки қишлоқ хўжалиги техникаси берилиши маълум қилинган.

Фаоллар йиғилишида ғалла ривожи билан боғлиқ муҳим вазифалар белгиланиб, тегишли қарор қабул қилингани айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев 25 февраль куни мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим бўлган ғалла парваришини тизимли ташкил этиш ва ҳосилга-ҳосил қўшиш бўйича амалга ошириладиган долзарб вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказганди. 

Унда Қашқадарё вилоятининг Миришкор, Қарши, Ғузор, Чироқчи ва Косон туманлари, Самарқанд вилоятининг Булунғур, Жомбой, Пастдарғом туманлари, Жиззах вилоятининг Дўстлик, Шароф Рашидов, Зафаробод туманлари, Сирдарё вилоятининг Ховос, Оқолтин ва Гулистон туманларида ғалла ўсишдан ортда қолаётгани, Тошкент вилоятида эса ғалла экиш ишлари кечиктириб юборилгани айтилганди. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

Ғалла

Баҳолаганлар

13

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг