Тошкентда бир томонлама йўллар жорий этилиши мумкин
Жамият
−
28 Февраль 2019
5426Аввалроқ, Тошкент шаҳрида автомобиллар тирбандлиги кундан кунга ортиб бораётгани ҳақида айтган эдик. Мазкур масалаларга ечим топиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ маъмурияти Туркиянинг “Kalyon Ulastirma” компанияси вакиллари билан учрашдилар. Унда транспорт соҳасидаги муаммоларни бартараф этиш бўйича ишлаб чиқилаётган махсус концепция лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтгани қайд этилмоқда.
Тақдимот давомида турк мутахассислари томонидан:
• йўлларнинг геометрик дизайнини ўзгартириш;
• шаҳар йўлларида бир томонлама йўллар жорий этиш;
• автобуслар қатновини ҳисобга олган ҳолда алоҳида автобус линиялари жорий этиш;
• светофор ишлаш кетма-кетлиги бир-бирига боғлиқ эмаслигига сабаб, уларни бир системада ишлаши учун махсус дастурлар ўрнатиш;
• велосипед ва йўловчилар йўлакларини режалаштириш;
• вертикаль ва горизонталь йўл белгиларидаги камчиликларни ҳисобга олиб, уларни тартибга солувчи тизим яратиш;
• жамоат транспортларида автоматлашган тўлов тизимини жорий этиш каби таклифлар тақдим этилди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборотида мазкур лойиҳа орқали шаҳардаги тирбандликларни олдини олиш, транспорт оқимини бир текисда тақсимланишини таъминлаш кўзда тутилгани айтилмоқда.
Бир нарсага алоҳида тўхталиб ўтиш жаизки, автобуслар қатновини ҳисобга олган ҳолда алоҳида автобус линиялари Раҳмонбек Усмонов Тошкент шаҳар ҳокими бўлган даврларда жорий этилган эди. Бироқ йўлларимиз ва ҳайдовчиларимиз бунга тайёр эмаслиги, бундай линиялар эса фақат марказий кўчаларга чизилгани кўплаб ноқулайликларни келтириб чиқарди.
Шаҳар йўлларида бир томонлама йўллар жорий этиш масаласи ҳам кишида кўплаб саволларни келтириб чиқаради. Чунки мазкур амалиётдан Озарбайжон пойтахти Баку ва Туркиянинг Истанбул шаҳрида қўлланилган. Бироқ, бу манзилга етишда кўпроқ ёқилғи ва вақт сарфланишига сабаб бўлади, холос. Фақат шунинг эвазига тирбандликнинг олди олинади. Тирбандликда сарфланган вақт бир томонлама йўлда сарфланган вақт билан деярли бир хил бўлади.
Қолаверса, Туркия йўлсозлик борасида у қадар ўрнак даражасида эмас. Чунки, мамлакатдаги йўлларни асосан хориждан, хусусан, Япония ва Кореядан келган йўлсозлар ишлаб чиққан. Мамлакатнинг энг гавжум шаҳарларидан бири Истанбул кўчалари эса Тошкентдагидан бир неча баробар ноқулай, тор ва тирбанддир.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь