Сулаймонийнинг меросхўри, “Қудс”нинг янги қўмондони ҳақида нималар маълум?

Олам

image
Қосим Сулаймоний ким эди? Нега унинг ўлими дунёни “титратди”? north_east

Қосим Сулаймоний ким эди? Нега унинг ўлими дунёни “титратди”?

Трампнинг эсанкиратувчи қарори: Сулаймоний қандай йўқ қилинди north_east

Трампнинг эсанкиратувчи қарори: Сулаймоний қандай йўқ қилинди

Сўнгги кунларда дунё матбуотининг биринчи рақамли мавзуси Эрон миллий қаҳрамони – Ислом инқилоби посбонлари корпусининг (ИИПК) “Қудс” махсус бўлинмаси қўмондони Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши бўлиб турибди. Масала атрофида янги-янги тафсилотлар ортиб боряпти.

Эрон Қосим Сулаймоний билан видолашди. Қудратли “Қудс” махсус бўлинмасида марҳум Қосим Сулаймоний ўрнини генерал Исмоил Қоони эгаллади. Ҳўш, Қоони ўзи ким, у ҳақда нималар биламиз?

“Биз ҳаммамиз – уруш фарзандларимиз. Биз жанг майдонидаги қуролдошлармиз ва жангда дўст тутинганмиз”, Қоони Сулаймоний билан алоқаларини шундай ифодалади.

Эрон Олий раҳнамоси Оятулло Али Ҳоманаий Қоонини “Қудс” бўлинмасини бошқариш учун мамлакатдаги генералларнинг энг муносиби деб атади. Унинг сўзларига кўра, Қоони бошқарувида “Қудс” Сулаймоний давридагидек бўлади. Таъкидлаш керакки, ИИПК бевосита Олий раҳбар билан боғланган.

Қоони узоқ вақт давомида сояда қолган. Ғарб ва Эрон ОАВ у ҳақда камдан-кам эслатиб турган.

У 1957 йилда Эрон шимоли-шарқидаги Машҳад шаҳрида туғилган. Қоони 1979 йилда Эронда шоҳ ҳокимиятини ағдарган инқилобдан бир йил ўтиб, ИИПК таркибига қўшилган. Сулаймоний каби у ҳам Эронда курдлар ҳаракатини бостиришда қатнашган.

Ундан кейин Эрон-Ироқ урушида иштирок этган. Урушда миллион киши ҳалок бўлган, уларнинг кўпи ИИПКнинг енгил қуролланган аскарлари бўлган.

“Кўнгиллилар уларнинг бари ҳалок бўлаётганини кўришарди, аммо биз буйруқ берганимизда улар олға юришга иккиланишмасди”, деб ёдга олади Қоони.

“У урушда юлдузчалари кўпайган қўмондонлардан бўлган”, дея уруш вақтида Қоони батальонида хизмат қилган машҳадлик фуқарони сўзларини келтирди “Financial Times”.

У урушда омон қолиб, ташкил этилганига кўп бўлмаган “Қудс” таркибига қўшилиб, Сулаймоний билан ишлаган ва ИИПКнинг контрразведка операциясига раҳбарлик қилган. 

“Times of Israel” нашрининг ёзишича, ғарб таҳлилчилари Сулаймоний Эрондан ғарбдаги давлатларга эътибор қаратгани, Қоони эса шарқдаги Афғонистон ва Покистон каби мамлакатлар билан машғул бўлганини тахмин қилади. Аммо Эрон давлат матбуоти унинг фаолиятини ёритмаган.

Агар расмий Теҳрон ўзи айтганидек Сулаймоний ўлими учун даҳшатли қасос олса, уни айнан Қоони мувофиқлаштириб боради, деб ёзмоқда “Financial Times”.

Бироқ Исмоил Қоони Эронда ўтмишдоши Қосим Сулаймоний каби катта обрў қозона оладими буниси ҳозирча номаълум. Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний Сулаймонийнинг ўрнини тўлдириб бўлмаслигини, у нафақат йирик операциялар ўтказишга қодир қўмондон, балки сиёсатчи ва иқтидорли стратег ҳам бўлганини таъкидлади.

2012 йилда АҚШ Молия вазирлиги Қоонига қарши санкция жорий қилганди. Бунга сабаб сифатида, Нигериянинг Лагос шаҳрида қўлга олинган қуроллар эслатиб ўтилган. Ўшанда эронлик жўнатувчи 13 та денгиз контейнерида шиша ва тош плиталар борлигини айтган.

Аммо контейнерлар ҳукумат вакиллари томонидан очилганда “Катюша” ракеталари, автомат ўқлари ва бошқа қуроллар чиққан.

2012 йилда Қоони АҚШнинг ўша вақтдаги Давлат котиби Виктория Нуландни Сурияда Эрон қўшинларининг бўлиши оммавий можаронинг сақланиб қолиш манбаи экани ҳақидаги фикри учун танқид қилганди.

“Қудс” бўлинмаси қўмондони ўринбосари улар Башар Асад кучларини тайёрлаб, ёрдам бераётганидан ғурурланишини айтди. Оқибатини кўринг бу нимага олиб келди”, деган собиқ Давлат котиби.

2015 йилда Қоони билвосита Эрон Фаластин автономиясига Исроил билан курашиш учун қурол етказиб бераётганини тан олган.

“АҚШ ва Исроил Эроннинг ҳарбий қудрати билан баҳслашиш учун жуда кичиклик қилади. Бу куч Фаластин автономияси ҳамда Ғазо секторининг мазлум халқи билан биргаликда ракета ва бошқа қуроллар кўринишида акс этяпти”, деган Қоони.


Мақола муаллифи

Теглар

Қосим Сулаймоний Қудс Исмоил Қоони

Баҳолаганлар

191

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг