Ялтироқ қоғоздаги конфет ёхуд Университет кўчасидаги таъмирлашлар ким учун?
Таҳлил
−
25 Февраль 2019
10751Хабарингиз бор, айни вақтда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетига олиб борувчи йўлларда, қолаверса, Ёшлик талабалар шаҳарчасида катта қурилиш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Автомобиль йўллари кенгайтирилиб, асфальт қопламаси ётқизилмоқда. Бироқ, ЎзМУ атрофида шундай йўллар борки, улар доим назарда четда, орқа планда қолиб кетаверади. Бу йўллардан эса кунига юзлаб талабалар юради.
Ўзбекистон Миллий университети жуда катта олий таълим муассасаларидан бири саналади. Унинг асосий биносига барча факультетларни сиғдиришнинг имкони йўқ. Шу боис айрим факультетлар университетнинг орқа кўчаларидаги биноларга жойлаштирилган. Уларга асосий кириш йўли эса Беруний метроси тарафдан эмас, аксинча Мирза Ғолиб кўчасидан. Бироқ, мана 10 йилдирки бу кўча жуда аянчли аҳволга келиб қолган.
Университет-4 кўчасида жойлашган бинода Ижтимоий фанлар ва Журналистика факультети талабалари таҳсил олади. Бўлажак журналистлар бу кўча ҳақида ОАВда қанчадан-қанча чиқишлар қилмади, дейсиз. 2017 йилнинг 28 март куни QALAMPIR.UZ’да ҳам ушбу йўлларидаги вазият акс этган суратлар ва “Пойабзали лойга ботган журналистлар” номли мақола эълон қилинган эди. Ўшандан буён қарийб икки вақт ўтди. Аммо, бу кўчанинг аҳволи ёмон бўлса, ёмон бўлдики, яхшилангани йўқ.
“ОАВдаги чиқишларимиздан кейин мансабдорлар пинагини ҳам бузмади. Уларга киши кўзига олд кўчалар дуруст бўлса, раҳбариятдан гап эшитмаса бўлгани. Қолганларнинг аҳволи билан ишлари йўқ. Бу гўё ялтироқ қоғозга ўралган арзон конфетни эслатади ва Президент қанча таъкидлашига қарамасдан кўзбўямачилик давом этаётганидан далолат”, дейди Журналистика факультети талабаларидан бири.
Асосан устига боқишни ўрганган айрим амалдорлар, Тошкент шаҳар ҳокимлигидаги расмийлар Университет кўчаси 4-уйда жойлашган бинода юзлаб талабалар ўқиши, қанчадан-қанча профессор-ўқитувчилар дарс беришларидан бехабардирлар. Чунки бу бинога асосан орқа тарафдан, Мирзо Ғолиб кўчасидан кириб борилади. Хўп, уларнинг хабарлари йўқ ҳам дейлик. Лекин нега ОАВ орқали қилинган мурожаатлар ҳам жавобсиз ва самарасиз қолмоқда? Қолаверса, ЎзМУ атрофида таъмирлаш ишлари олиб бориш жараёнида нима учун бошқа факультетларга кириб борувчи йўллар назарда тутилмаган. Ё бу кўчалардан раҳбарлар юрмайдими?
Дарвоқе, бу йўлларда талабаларнинг лой кечиб юрганини кўрган айрим сахий тадбиркорлар қурилишдан ортган бетон ва шунга ўхшаш чиқиндиларни олиб келиб шу кўчага тўкиб беришган. Майли-да, лой кечгандан, уваланган бетонда юрган анча маъқул.
Сиз кўриб турган тасвирлар мазкур ҳудуд ҳақидаги умумий фикрлар шаклланишига сабаб бўлмаслигини сўраймиз. Чунки ҳақиқий аҳвол бунданда аянчлироқ. Суратларлар эса қиш кунлари, айниқса, ёғингарчиликдаги вазият қандай бўлишини тасаввур қилишга етарли асос, бизнингча.
LiveБарчаси