Санкт-Петербург метросида теракт уюштирганларга ҳукм ўқилди
Олам
−
10 Декабрь 2019
132482017 йилнинг 3 апрель куни Санкт-Петербург метросида содир этилган ва натижада 15 кишининг ҳалок бўлишига ва 67 кишининг жароҳатланишига сабаб бўлган теракт ижрочиларига суд ҳукми ўқилди.
Суд терактда иштирок этган асосий шахс Аброр Азимовни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда РИА Новости ёзмоқда.
Иккинчи Ғарбий округ ҳарбий суди Азимовни террористик гуруҳга аъзоликда ва дўстларини ушбу террористик гуруҳга даъват қилганликда, террорчилик ҳаракатини амалга оширишда, қурол-яроғнинг ноқонуний савдосида, шунингдек портловчи мосламаларни тайёрлашда, сақлашда ва ташишда айбдор деб топди.
Ишдаги бошқа айбланувчилар 19 йилдан 28 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Суд Акром Азимов, Иброҳим ва Муҳамадюсуф Эрматовни жиноятлар мажмуасига кўра 28 йил қамоқ жазосига ҳукм қилди. Прокурор жараёнда уларни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилишни сўраган эди.
Содиқ Ортиқов 22 йилга панжара ортига ташланди. Шоҳиста Каримова, Маҳамадюсуф Мирзаалимов, Аъзамжон Маҳмудов ва Дилмурод Муидиновларнинг ҳар бирига 20 йил, Сайфулла Ҳакимов ва Баҳрам Эргашевга 19 йилдан қамоқ жазоси тайинланди.
Барча судланувчилар 500 дан 800 минг рублгача жаримага тортилди.
Терговга оид ҳужжатларда қайд этилишича, Азимов Россияда тақиқланган террорчилик ташкилотига аъзо бўлган ва унга дўстларини ҳам жалб қилган. Худкуш-террорчи Акбаржон Жалилов билан алоқани сақлаб, унга пул ўтказиб турган.
Жиноий гуруҳ террорчилик ҳаракатини амалга оширишни аввалдан режалаб, бу борадаги барча маълумотларни уяли алоқа телефонлари орқали суҳбатда ва интернет мессенжерларидаги ёзишмаларда бўлишганлар.
Террорчилик ташкилоти етакчилари Сирожидин Мухторов ва Бобиржон Маҳбубовга қарши қўзғатилган жиноий иш алоҳида иш юритишга олиниб, халқаро қидирувга берилди.
Петербург метросининг "Сенная площадь" ва "Технологический институт" бекатлари орасида вагон ичида портлаш содир бўлди. Фожиада 15 киши қурбон бўлди. Шунингдек, худкуш-террорчи Акбар Жалилов ҳам воқеа жойида вафот этган.
LiveБарчаси