Ўзбекистонда 100, 200, 500 сўмлик купюралар муомаладан чиқарилади
Жамият
−
21 Февраль 2019
19452Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 25 февралидан Ўзбекистонда 100 минг сўмлик янги купюра муомалага чиқарилади.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки пул муомаласи департаменти директори Фазлиддин Бозоровнинг маълум қилишича, 100 минг сўмлик купюраларнинг муомалага чиқарилиши аҳолининг автомобиль, мебель, маиший техника сингари юқори қийматдаги маҳсулотларни харид қилиши билан боғлиқ ноқулайликларга барҳам беради. Янги купюранинг биринчи вазифаси нақд пул билан ҳисоб-китоб қилишда қулайлик яратишдан иборат. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.
Бундан ташқари, банк кассирлари, ходимларининг майда пулларни ҳисоблашдаги қийинчиликлари камаяди, ойлик маошлар, пенсия ва нафақаларни тарқатиш соддалашади. Нақд пулларни чиқариш (босиб чиқариш) ҳамда уларни ташиш ва сақлаш учун сафланадиган харажатлар сезиларли даражада камаяди. Аҳолига банкоматлар орқали хизмат кўрсатиш самарадорлиги ҳам ошади.
2001 йилда 1000 сўмлик банкнотлар муомалага чиқарилган эди, беш минг сўмлик банкнотлар эса, 2013 йилга келибгина муомалага чиқди. Йил сайин нархлар ошмоқда, шу боис пул муомаласи жараёнини енгиллаштириш, банкнотлар сонини қисқартириш зарурати пайдо бўлмоқда.
Сўнгги йилларда миллий валюта ўзининг жамғарма сифатидаги функциясини йўқотди, шунинг учун 100 000 сўм бу функцияни қайта тиклашга ёрдам беради, чунки бундай купюраларни сақлаш бирмунча қулай ҳисобланади.
Йирик купюраларнинг инфляцияни оширишга хизмат қилади, деган хавотирлар ўзини оқламайди, чунки муомаладаги умумий пул массаси ўзгармайди. Пул массасининг тузилиши ўзгаради, холос. 100, 200 ва 500 сўмлик майда пуллар аста-секин муомаладан чиқарилади ва танга билан алмаштирилади.
Икки гуруҳдаги, яъни монетар ва номонетар омиллар инфляция жараёнига таъсир кўрсатади. Ҳозирги кунда иқтисодиётни либераллаштириш, молия, бюджет-солиқ соҳаларидаги ислоҳотлар олиб борилиши муносабати билан инфляция жараёнлари юз бериши табиий ҳол. Бироқ буларнинг бари номонетар омиллар саналади.
Шундай қилиб, янги купюранинг муомалага чиқиши билан инфляция даражаси ошмайди.
LiveБарчаси