Машҳур француз бренди Ўзбекистонда қурилиш моллари савдо тармоғини очмоқчи
Жамият
−
21 Февраль 2019
8006Leroy Merlin Ўзбекистонда ўз филиалини очишни истамоқда. Бу ҳақда кеча бўлиб ўтган ўзбек-француз бизнес форумида маълум қилинди, деб ёзмоқда “Халқ сўзи”.
Мазкур форумда CCI France Russie бош директори ўринбосари Николя Дюкре Ўзбекистонда инвестициявий муҳит яхшиланиб бораётгани, шунинг учун француз компаниялари мамлакатга бизнес учун салоҳиятли жой сифатида қараётганини таъкидлаб ўтган.
Улардан бири қурилиш материаллари бўйича йирик савдо тармоғи Leroy Merlin’дир. Мазкур бренд Ўзбекистонда ўз филиалини очмоқчи. Француз компанияларига ҳуқуқий маслаҳатлар бериш билан шуғулланадиган Urus Advisory компанияси директори Александр Теддининг айтишича, бундай мисоллар ўнлаб топилади.
Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси Виолен Де Вильмор шу йил март ойи охирида Ўзбекистонда Франция иқтисодиёти ҳафталиги ўтказилишини маълум қилди. Унда кўплаб машҳур француз компаниялари иштирок этиши кутиляпти.
Форумда 2018 йил якуни бўйича икки давлат ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 360 млн. долларга етгани, бу 2017 йилдагига нисбатан 19 фоиз кўп эканлиги алоҳида айтиб ўтилди.
Эслатиб ўтамиз, Leroy Merlin вакиллари ўтган йил ҳам Ўзбекистонга ташриф буюганди. Ўшанда улар Les Laboratories Servier, Schneider Electric, Aggreko, Legrand, Aereco, Франко-Россия ССП (CCIFR), MK3, “Спектрум” компаниялар гуруҳи, SNF, “РЖД Логистика”, Electroshield Samara, CNIM, Clemessy, Commerzbank каби компания ва ташкилотлар жой олган француз делегацияси таркибида келишган. Улар Ўзбекистоннинг сармоявий имкониятлари билан яқиндан танишиб кетишганди.
Маълумот учун, Leroy Merlin Европадаги энг йирик DIY-ритейлер(хўжалик моллари савдоси)ларидан биридир. Унга 1923 йилда асос солинган.
Компания ўз формати билан машҳур. Гап шундаки, унинг гипермаркетлари майдони одатда 5-6 минг ва кўпинча 10 минг квадрат метрдан иборат бўлади ҳамда миллионер-шаҳарлар ҳамда минтақавий марказлар ташқарисига жойлаштирилади.
Унинг дўконлари ўз-ўзига хизмат шаклида ишлайди. Ходимлари эса фақатгина товарларни тахлаш ҳамда мижозларга маълумот ва тавсия бериш билан шуғулланади.
Айни пайтда ушбу ритейлер Бразилия, Греция, Испания, Италия, Хитой, Кипр, Польша, Португалия, Россия ва бошқа давлатларда фаолият юритиб келяпти.
LiveБарчаси