Коронавирус қурбонлари сони 86 нафарга кўпайди
Олам
−
08 Февраль 2020
6189Бугун, 7 февраль куни ҳолатига Хитойда пайдо бўлган янги коронавирус қурбонлари сони 724 нафарга етиб, кечагига нисбатан 86 нафарга кўпайди. Қурбонларнинг фақатгина икки нафари Хитойдан ташқарида вафот этган.
Дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 3397 нафарга ортиб, 34 878 нафарга етди. Беморларнинг 34 546 нафари Хитойда қайд этилган. Қолганлари дунёнинг 26 давлатида аниқланган.
Коронавирусдан даволанганлар сони 517 кишига кўпайиб, 2085 нафарга етди. Бу кўрсаткич кеча 1568 нафарга тенг эди. Беморларнинг 6106 нафарининг аҳволи оғир, деб баҳоланяпти.
ОАВда коронавируснинг яна бир "айбдори" топилгани тўғрисида маълумот тарқалди. Панголинлар янги турдаги коронавируснинг оралиқ эгаси бўлиши мумкин. Осиёда тансиқ овқат ҳисобланувчи ушбу сутэмизувчиларнинг гўшти орқали касаллик одамларга юққан бўлиши мумкин.
Янги коронавирус
Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.
Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 26 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, Америка Қўшма Штатлар, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал ва Испанияда аниқланди.
ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади.