Мактабга қабул регламенти ўзгаради

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 7 июндаги қарори билан тасдиқланган Болаларни давлат умумий ўрта таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади. 

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида жойлаштирилган қарор лойиҳасида регламентнинг қатор бандларига ўзгартириш киритиш назарда тутилган.

Жумладан, 4-бандда тўртинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“Қўшимча квота – умумий ўрта таълим муассасаларининг имкониятидан келиб чиқиб, бириктирилган  микроҳудудда доимий прописка асосида истиқомат қилаётган фуқароларнинг тегишли йилнинг 1 сентябрига қадар 6 ёшга тўладиган фарзандлари ҳамда  микроҳудуддан ташқарида истиқомат қилаётган фуқароларнинг фарзандлари учун ажратилади.”

Яъни, “умумтаълим муассасаларида таълим бериш тили бўйича бошланғич билим (мулоқот қилиш) кўникмасига эга бўлмаган” деган қисм чиқариб ташланган.

5-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилади:

“Болаларни таълим муассасаларига қабул қилишда давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун йиғим ундирилмайди.”

Болаларни умумтаълим муассасаларига асосий квота бўйича қабул қилиш ҳар йили 15 июндан 1 августга қадар амалга оширилади. Амалдаги таҳрирга кўра, бу 31 августга қадар амалга оширилади.

Қуйидаги икки банд ўз кучини йўқотади:

10-банд: Асосий квота бўйича мактаб ёшидаги болаларни таълим муассасаларига қабул қилишда давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

21-банд. Йиғимлар суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

энг кам ойлик иш ҳақининг 20 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади;

қолган маблағлар тўлиқлигича тегишли умумтаълим муассасасининг махсус ҳисоб рақамига ўтказилади.

20-банд қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“20. Қўшимча квота асословчи ҳужжат тақдим этилганда фақат қуйидагилар учун ажратилади:

1) умумий ўрта таълим муассасаларига бириктирилган микроҳудудда доимий прописка асосида истиқомат қилаётган фуқароларнинг тегишли йилнинг 1 сентябрига қадар 6 ёшга тўладиган фарзандлари;

2) мазкур умумий ўрта таълим муассасасида фаолият юритувчи педагог ва ходимларнинг фарзандлари;

3) акаси ёки опаси мазкур умумий ўрта таълим муассасасида таълим олаётган оилаларнинг мактаб ёшига етган фарзандлари;

4) умумий ўрта таълим муассасаларига бириктирилган микроҳудудда истиқомат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари.

22-банд қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“Ариза берувчилар йўлланма олиш учун Давлат хизматлари марказига мурожаат қилади.”

26-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилади:

Қўшимча квота бўйича болаларни қабул қилишда ариза берувчилар мазкур банднинг иккинчи–бешинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳужжатлардан ташқари қуйидаги ҳужжатлардан бирини умумий ўрта таълим муассасасига топширади:

боланинг акаси ёки опасининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси;

Умумий ўрта таълим муассасасида фаолият юритувчи педагог ва ходимнинг меҳнат дафтарчасининг тасдиқланган нусхаси;

Боланинг акаси ёки опасига мазкур мактабдан берилган ўзлаштириш баҳолар табелининг тасдиқланган нусхаси.

Умумий ўрта таълим муассасасига бириктирилган микроҳудудда истиқомат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг яшаш манзили бўйича тегишли вазирлик ва ҳарбий тузилмаларнинг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари (округи) маълумотномаси.


Мақола муаллифи

Теглар

мактаб регламент

Баҳолаганлар

36

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг