Беларусда мухолифатга қарши жиноий иш очилди
Олам
−
20 Август 2020
10065Беларусда мухолифат томонидан тузилган мувофиқлаштирув кенгашига нисбатан жиноий иш очилди. Бу ҳақда Беларусь Бош прокурори Александр Конюк маълум қилди, дея хабар берди РИА Новости.
“Мувофиқлаштирув кенгашининг тузилиши ва фаолияти давлат ҳокимиятини эгаллаб олишга шунингдек, Беларусь Республикасининг миллий хавфсизлигига зарар етказишга қаратилган. Мазкур факт бўйича Жиноят кодексининг 361-моддаси бўйича жиноят иши очилди”, деган Конюк.
Ушбу модда билан (миллий хавфсизликка путур етказадиган ҳаракатларга чорлаш) айбдор 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Конюк мухолифат кенгашининг фаолияти Конституцияга зид эканини, чунки қонунда бундай тузилма ташкил қилиш кўрсатилмаганини қўшимча қилди.
Бош прокурорнинг сўзларига кўра, кенгашдан бир қанча одам чиқиб кетган. Негаки улар фаолияти ноқонуний эканини тушунган.
Ўз навбатида мувофиқлаштириш кенгаши президиуми аъзоси Сергей Дилевский ташкилот мамлакат миллий хавфсизлигига таҳдид солмаслигини, аксинча, жамоатчилик ва давлат ўртасида воситачи бўлишини маълум қилди.
“Кенгаш одамлар ва ҳукумат ўртасидаги қарама-қаршиликларни бартараф қилиш учун тузилган, авж олдириш учун эмас”, деган у.
Дилевский кенгашдан бир неча киши таҳдид пайдо бўлгани сабабли чиқиб кетганини, аммо оммавий тарк этиш кузатилмаганини маълум қилди.