6 йил аввал қидирувга берилган сурхондарёлик шахс Қозоғистонда қўлга олинди
Жамият
−
19 Август 2020
17501Ижтимоий тармоқларда Қозоғистонда Ўзбекистон фуқароси бўлган Ҳуррам Бердиев қўлга олингани ҳақида хабарлар тарқалиб, унинг мухолифат фаоли экани иддао қилинади. Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси тарқатилаётган миш-мишларга аниқлик киритиб, Ҳуррам Бердиевга нисбатан бундан 7 йил аввал, 2013 йилдаёқ жиноят иши қўзғатилгани ва у қидирувга берилганини маълум қилди.
Гап шундаки, 2013 йилнинг охирида Тошкент шаҳар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига фуқаро Э.Э. ва Ф.П. ариза билан мурожаат қиладилар. Унда бир гуруҳ шахслар 2013 йилнинг август ойининг охирида Э.Э. ва Ф.П.га Чимкент шаҳрида (Қозоғистон Республикаси) катта маош тўланадиган иш таклиф қиладилар. Уларга қонуний ишга жойлашишни ваъда қилинади.
Ўша йилнинг ўзида ўзларини “Мустақил мардикорлар ташкилоти” вакиллари сифатида таништирган шахслар фуқаролар Э.Э. ва Ф.П.ларни Чимкент шаҳрига олиб кетишган. Чимкентга етиб боргач, уларнинг паспортларини олиб қўйишган ва қурилишда ишлашга мажбур қилиб, ваъда қилинган маошни тўлашмаган.
2013 йилнинг 19 декабрь куни Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан жабрланувчиларнинг аризаларига асосан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси (“Одам савдоси”) “б” банди 2-қисми бўйича жиноий иш қўзғатилган. Дастлабки тергов давомида мазкур жиноятни содир этганликда гумонланувчи шахслар аниқланган. Улар сурхондарёлик 1961 йилда туғилган Ҳуррам Б., Нураддин Д. ва Фахриддин Т. бўлган. Нураддин Д. ва Фахриддин Т.лар жиноий жавобгарликка тортилиб, қамоққа олинган. Ҳуррам Б. эса 2014 йилнинг январь ойида қидирувга берилган.
Қайд этилишича, шу йилнинг февраль ойида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан Ҳуррам Б.нинг турар жойи аниқланган ва Қозоғистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ҳамкорлигида қўлга олинган.
Жорий йилнинг 17 август куни, карантин чекловлари бекор қилингач, Ҳуррам Б. қонуний чора кўрилиши учун Ўзбекистонга экстрадиция қилдирилди. Шунингдек маълум қиламизки, Ҳуррам Б. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси “г” банди 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланмоқда. Унга қарши бошқа ҳеч қандай айблов кўзда тутилмаган.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь