Цемент нархи тушди, олтин ва бензин кўтарилди

Жамият

image

Шу йилнинг 9-13 сентябрь кунлари Ўзбекистон товар хомашё биржасида ўтказилган биржа савдо натижаларига кўра биржа бозорининг турли товар сегментларида нархлар динамикаси турли йўналишлар бўйича шаклланиб борди.

Кўриб чиқилаётган давр мобайнида 3 минг 572,3 тонна АИ-91 русумли бензин биржа савдоларига қўйилди ва сотилди. Сўнгги савдо ҳафтасида АИ-91 русумли бензини бўйича шаклланган биржа котировкаси товарнинг бир тоннаси учун 6451,2 минг сўмни, унинг бошланғич нархи эса – 6 минг 266,3 минг сўмни ташкил этди. АИ-91 русумли бензиннинг ҳафталик котировкаси аввалги ҳафтага нисбатан жами 0,7 фоизга ўсди.

Ўтган ҳафтада суюлтирилган газ ишлаб чиқарувчилари биржа савдолари орқали 20,5 млрд сўмлик 5 минг 19 тонна суюлтирилган газ сотишди. Газнинг биржада шаклланган нархи олдинги ҳафтага нисбатан 3,5 фоизга пасайиб, бир тонна учун 4 минг 84,3 минг сўмни ташкил этди. Савдоларда харидор сифатида суюлтирилган газни сотиш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга корхоналар қатнашишди.

Қора металл бозорида талаб ўсиб бормоқда. СТ 12-35 ГС арматуранинг нархи 7,3 фоизга кўтарилиб, бир тоннаси учун 5 минг 779,3 минг сўмни ташкил этди. Биржа орқали сотилган барча турдаги қора металлнинг ҳажми жами 6 минг 769,0 тоннани ташкил қилган. Қора металл сотувчилари “Ўзметкомбинат” АЖ таркибига кирувчи корхоналар ҳисобланади.

Ўсиш динамикаси шунингдек қимматбаҳо металлар бозорида ҳам қайд этилди. Савдо якунларига кўра ЎзРТХБ да 135,9 миллион сўмлик 300 гр Au-1 маркали олтин сотилган. Биржа савдоларида сотувчи сифатида “Олмалиқ КМК” АЖ иштирок этди. Биржа котировкаси сўнгги савдо якунларига нисбатан 14,6 фоизга ошиб, 1 грамм олтин учун 453,1 минг сўмни ташкил қилган.

Цемент бозори қурилиш мавсумининг якуний босқичида нархлар тренди пасайишини намоён этмоқда. ПЦ М-400 Д-20 цемент бўйича нархлар аввалги ҳафтага нисбатан 2,5 фоизга пасайиб, 479,6 минг сўмни ташкил қилди. Фаол сотилаётган бошқа маркали цементларнинг нархлар диапазони 376,6 - 485,0 минг сўмни ташкил этмоқда.

Биржада пахта толаси учун юқори даражадаги талаб сақланмоқда. Ўтган ҳафта 1 нав 4 тип (ўрта класс)даги пахта толаси бўйича нархлар 1,9 фоизга ўсиб, бир тонна учун 13,1 млн сўмни ташкил этди. Пахта толасини бошқа навларининг нархлари ўртача 10,9 миллион сўмдан 13,6 миллион сўмгача бўлди. Биржа савдоларида асосан пахта толасини қайта ишлаш қувватига эга маҳаллий тўқимачилик корхоналари иштирок этди.
 


Мақола муаллифи

Теглар

биржа цемент

Баҳолаганлар

67

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг