Ўзбекистонда тиббиёт гипси ўрнига 351 тонна қурилиш гипсидан фойдаланилган

Жамият

Ўзбекистонда тиббиёт муассасаларида қонун талаблари бузилиб, сўнгги икки йил ичида 277 мингта ҳолатда гипс қилиш учун тиббиёт гипси ўрнига 351 тонна қурилиш гипсидан фойдаланилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев маълум қилди. 

Бугун, 25 декабрь куни Бош прокуратурада Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида коррупция ҳолатлари ҳамда уларни келтириб чиқараётган шарт-шароитларни муҳокама қилишга бағишланган Коррупцияга қарши кураш бўйича Республика идоралараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Бош прокурор Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимлари томонидан қурилиш гипси тиббиёт гипси ўрнида фойдаланилганини танқид қилди.

“Хусусан, Фарғонада 30, Бухорода 33, Тошкент вилоятида 35, Наманганда 36, Қашқадарёда 38, Самарқандда 43 ва Тошкент шаҳрида 48 тонна қурилиш гипсидан фойдаланилган.

Қурилиш гипсини қўллаш, ўз вақтида, беморларда жароҳат олган суякнинг силжиши, гипс қўйилган соҳа терисининг шилиниши, тери аллергияси каби салбий оқибатларни келтириб чиқаради.

Шундай бўлсада, республикада тиббий гипс ишлаб чиқарувчи биронта корхона ташкил этилмаган, вазирлик эса, бундай ташаббус билан чиқмаган”, дейди Ниғматилла Йўлдошев.


Мақола муаллифи

Теглар

Коррупция гипс

Баҳолаганлар

126

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг