“Human” бандлик агентлиги лицензиясини бекор қилиш бошланди

Жамият

image

Аввалроқ, “Human xususiy bandlik agentligi” МЧЖга Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш излаётган шахсларни ишга жойлаштириш фаолияти билан шуғулланиш учун берилган лицензиянинг амал қилиши вақтинчалик тўхтатилгани, жиноий қўзғатилгани ҳақида хабар берган эдик. 

Айни вақтда Ўзбекистон фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш фаолияти билан шуғулланиш учун Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан “Human xususiy bandlik agentligi” МЧЖга берилган лицензияни бекор қилиш жараёнлари бошланди. Бу ҳақда вазирлик Матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан “Human xususiy bandlik agentligi” МЧЖ фаолияти бўйича олиб борилаётган тергов ишлари самарадорлигини таъминлаш ҳамда фуқаролар меҳнат ҳуқуқларини муҳофаза қилиш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тергов ишлари учун керак бўладиган барча зарурий маълумотларни тақдим этишга тайёр эканлигини билдирмоқда. 

Келгусида хусусий бандлик агентликлари томонидан Ўзбекистон фуқароларини хорижга ишга юбориш жараёнида бу каби ҳолатларнинг такрорланмаслиги ва меҳнат ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни янада такомиллаштириш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритиш бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жами 52 кишидан ташкил топган ва Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи аризачилар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан 2018 йил ноябрь ойида тақдим этилган тегишли лицензияга эга бўлган “Human xususiy bandlik agentligi” МЧЖ билан 2018 йилнинг ноябрь ойидан 2019 йилнинг сентябрь ойигача шартномалар тузган. Шартномаларга кўра, МЧЖ уларни Европа давлатларида, хусусан, Германия, Чехия, Япония, Туркия, Болгария ва Литвада ишга жойлаштириш мажбуриятини ўз зиммасига олган. Бунинг учун ҳар бир аризачи МЧЖнинг ҳисоб рақамига 18 дан 35 миллион сўмгача бўлган миқдордаги маблағни кўчирган.

Шу тарзда “Human xususiy bandlik agentligi” МЧЖнинг ҳисоб рақамига 52 нафар аризачилардан умумий миқдорда 1 670 500 000 сўм келиб тушган.

Бироқ аризачилардан ҳеч бири чет элда ишга жойлаштирилмаган. МЧЖ жабрланувчиларга пулларни қайтариб бермаган.

Тергов-олди ҳаракатлари Яккасарой тумани ИИО ФМБ ва прокуратураси томонидан ҳамкорликда олиб борилди. Натижада Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси, 4-қисми "а" банди ("Фирибгарлик, жуда кўп миқдорда") бўйича жиноий иш қўзғатилди.

Ҳозирги вақтда айбланувчи сифатида ушбу МЧЖ директори 29 ёшли Шохнур Ф. жалб қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Human

Баҳолаганлар

21

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг