Ташкилот ва раҳбарлар фаолияти баҳолаб борилади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда улар раҳбарлари фаолиятини аниқ кўрсаткичларга эришиш самарадорлигига асосланган баҳолашнинг асосий мезонлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди. 

Қабул қилинажак қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда ишлаб чиқилган ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда улар раҳбарлари фаолиятини аниқ кўрсаткичларга эришиш самарадорлигига асосланган баҳолашнинг асосий мезонлари тасдиқланади. 

Баҳолаш мезонлари ижро этувчи ҳокимият органлари олдига қўйилган, энг аввало:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йилнинг 28 декабрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисга мурожаатномасидан;

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид давлат дастуридан;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳудудларга ташрифи мобайнида берилган топшириқлардан;

қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий хужжатлардан келиб чиқадиган муҳим ва устувор вазифаларни амалга оширишга қаратилганлиги белгиланади. 

Қуйидаги тартиб белгиланади:

ижро этувчи ҳокимият органлари ҳар йил январь ойининг 10-санасигача мазкур қарорнинг 2-банди талабларидан келиб чиққан ҳолда, ўз фаолиятининг баҳолаш мезонлари бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи органлари томонидан тақдим этилган баҳолаш мезонларини иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва бошқа соҳаларни стратегик ривожлантиришнинг яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган дастурларини амалга оширилиши натижадорлиги жиҳатидан танқидий кўриб чиқади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ижро этувчи ҳокимият органларининг баҳолаш мезонини тасдиқлаш ваколати берилади ва тегишли меъёрий хужжат билан ҳар йилнинг 20-февралигача тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи органларнинг баҳолаш мезони юзасидан тизимли мониторинг ва назорат,  жумладан Парламент назорати ўрнатиш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи:

вазифаларни амалга оширилиши юзасидан чораклик Вазирлар Маҳкамаси Раёсатида кўриб чиқиш;

Олий Мажлис палаталарида ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг ва улар томонидан мақсадли вазифаларга эришишда амалга оширилган чоралар бўйича доимий ҳисоботларни эшитиш амалиётини жорий этиш  юзасидан таклифларига розилик беради.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига Ўзбекистон Республикасининг “Парламент назорати тўғрисида”ги қонунига ва бошқа меъёрий хуқуқий хужжатларга мувофиқ мазкур банд ижросини таъминлаш чораларини кўриш тавсия этилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ижро этувчи органларнинг баҳолаш мезони юзасидан мониторинг натижаларини чуқур таҳлили асосидаги чораклик маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрациясига киритиб боришни;

ижро этувчи органлар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш графигини бир ҳафталик муддатда тасдиқлашни таъминлаши лозим.

Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юкланади.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Президент қарори Ижро этувчи ҳокимият

Баҳолаганлар

9

Рейтинг

3.4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг