Нотариуслар ва ФҲДЁлар қандай тартибда иш юритади? Сўз Адлия вазирлигига
Жамият
−
24 Март 2020
6524Карантин вақтида ФХДЁ ва Нотариуслар фаолияти электрон тарзда амалга оширилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар бермоқда.
Қайд этилишича, карантин чоралари сабаб эртага, 25 мартдан бошлаб Адлия вазирлиги тизимидаги идоралар қуйидаги тартибда иш фаолиятига ўтади:
• Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган барча давлат хизматлари электрон шаклда my.gov.uz портали орқали онлайн тарзда ва фақат кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлардагина идораларда амалга оширилади;
• ФҲДЁ бўлимларида фуқароларни қабул қилиш ходимларнинг навбатчилиги асосида кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлардагина (туғилиш ва ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувларини қайд қилиш) ташкил қилинган дарча орқали амалга оширилади;
• Нотариусларга мурожаат қилиш фақат кечиктириб бўлмайдиган зарурият юзага келганда (биринчи навбатда васиятнома, ишончнома, гаров, ипотека бўйича) e-notarius.uz сайти орқали тегишли нотариусга ҳужжатларни олдиндан электрон шаклда тақдим этиш ва электрон навбатга ёзилиш орқали амалга оширилади.
Шу ўринда, Адлия вазирлиги "фуқароларни барча биноларга киритиш фақат белгиланган навбат ва вақтга риоя этилган ҳолда ҳамда тиббий ниқоб тақилган, қўллар антисептик воситалар билан ювилган ва тана ҳарорати тепловизорлар орқали ўлчангандан кейин йўл қўйилади. Бино ташқариси ва ичида фуқаролар ўзаро масофа (2 метр) сақлашлари лозим", дея эслатиб ўтмоқда.
"Ушбу вақтинча чекловлар “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонун, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 176-сон қарори ва Давлат санитария назоратини амалга оширувчи органларининг тегишли тавсияларига асосан жорий қилинмоқда.
Шунингдек, юқоридаги Ҳукумат қарорига асосан, идоралардаги аксарият аёл ходимлар боғча ёшидаги фарзандларига қараш учун меҳнатга лаёқатсизлик бўйича вақтинчалик таътилга чиқарилганлиги ва ходимларнинг бир қисми масофадан туриб ишлашга ўтганлиги сабабли идоралар фаолиятида айрим узилишлар бўлиши мумкин.
Келиб чиқиши мумкин бўлган айрим ноқулайликлар учун Сизлардан аввалдан узр сўраган ҳолда адлия идораларига фақат жиддий зарурат бўлганда мурожаат қилишингизни сўраймиз!", дейди масъул ташкилот.
Адлия вазирлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар адлия бошқармалари, туман (шаҳар) адлия бўлимларига жисмоний ва юридик шахслардан мурожаатларни қабул қилиш ва улар билан ишлаш фақат электрон почта ёки ишонч телефонлари орқали амалга оширилади (электрон почта манзиллари ва ишонч телефонлари рўйхати ҳаволаси.
LiveБарчаси