БМТ Бош котиби: “Урушларни тўхтатинг. Бизнинг умумий душманимиз – COVID-19”
Олам
−
24 Март 2020
5877Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антонио Гутерриш кеча, 23 март куни халқаро ҳамжамиятни дунёдаги барча тўқнашувларга чек қўйишга чақирди. Бош котибнинг айтишича, бу коронавирусга қарши курашга бор эътиборни қаратилишини таъминлайди.
“Бизнинг дунё COVID-19 аталмиш умумий душманга дуч келди. Вирус одамнинг миллати, фракцияси ёки эътиқоди ҳақида қайғурмайди. У ҳаммага шафқатсиз ҳужум қилади”, дейди у виртуал матбуот анжуманида.
Бош котиб уруш бўлаётган мамлакатлардаги соғлиқни сақлаш тизимидан ҳавотирда эканлигини маълум қилди. Унинг фикрича, уруш қурбонлари орасида шифокорлар кўпчиликни ташкил қилади.
“Урушдан жабр кўрган мамлакатларда соғлиқни сақлаш тизимлари ишдан чиқди. Шундоқ ҳам оз бўлган шифокорлар ушбу урушларда қурбон бўлишмоқда”, дейди Гутерриш.
БМТ Бош котиби вируснинг кучайиб бориши фонида уруш олиб бориш аҳмоқлик саналишини айтиб ўтди. Шунингдек, у барча мамлакатларни тинчлик сулҳи тузишга чақирди.
“Вируснинг кенг тарқалиши ва унинг қурбонлари ортиши ҳозирги пайтда уруш ҳаракатларини олиб бориш нақадар аҳмоқона эканлигини кўрсатяпти. Шунинг учун, бугун мен дунёнинг барча мамлакатларини зудлик билан глобал тинчлик сулҳига чақираман”, дея қўшимча қилди Бош котиб.
Гутерриш урушаётган томонлардан “ишончсизлик ва адоватни четга суриб, ўт очишни, артиллерия ва ҳаво ҳужумларини тўхтатишни” ёлвориб сўради.
“Бу қутқарув ёрдамлари учун йўлаклар яратишда, дипломатия учун қимматбаҳо дарчаларни очишда, шунингдек, COVID-19 билан курашаётган заиф одамлар орасида умид уйғотишда жуда муҳим қадамдир”, дейди БМТ Бош котиби.
Таъкидлаш жоизки, ҳозирда Украина, Сурия, Афғонистон, Яман, Ливия ва шу каби бошқа давлат ва ҳудудларда уруш ҳаракатлари кетмоқда. Уларнинг деярли барчасида коронавирус аниқланган.
Маълумот учун, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти жорий йилнинг 11 март куни коронавирус касаллигини пандемия деб эълон қилди. Касаллик дунё бўйича 381 755 нафар одамда қайд қилинган. Уларнинг 16 558 нафари вафот этган, 102 429 нафари эса ушбу касалликдан фориғ бўлган. Ҳозирда касаллик юқтирган 262 768 нафар одам карантинда ёки шифохонада даволанмоқда. Уларнинг 250 706 нафари ёки 95 фоизи аҳволи қониқарли, 12 062 нафари эса оғир аҳволда.
LiveБарчаси