Карантин қоидаларини бузганлар хорижда қандай жазоланади?
Бу қизиқ
−
24 Март 2020
7695Жорий йилнинг 15 март куни коронавирус Ўзбекистонга кириб келгани расман эълон қилинди. Ушбу вирусга чалинганлар сони кун сайин ортиб бормоқда. Айни вақтда беморлар 46 кишини ташкил этмоқда. Коронавирус кескин тарқалишининг олдини олиш мақсадида, инфекция билан касалланган, улар билан мулоқотда бўлган фуқаролар карантинга олинган. Аммо кўпчилик коронавирус қандай хавфли касаллик эканини била туриб, қолаверса, огоҳлантиришларга қарамай карантин талабларини бузмоқда. Ҳатто, карантин ҳудудидан қочиб, бошқаларга хавф туғдирган, касалликнинг оммалашишига сабабчи бўлганлар ҳам бор. Уларга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси доирасида чора кўрилмоқда. Кимгадир жарима қўлланилса, кимдир муайян ҳуқуқидан маҳрум бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2571-моддасида санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузган шахсларга жавобгарлик белгиланган. Унга кўра, санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш, одамларнинг оммавий касалланишига ёки заҳарланишига олиб келса, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солиш ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмиш одамнинг ўлимига сабаб бўлса, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Агар бу иш одамларнинг ўлимига сабаб бўлса, беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш, яъни 54-моддасида қайд этилган ҳуқуқбузарликни содир этганлик ҳолати бўйича — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши кўрсатилган.
Хўш, бу ҳолат чет эл тажрибасида қай тартибда йўлга қўйилган?
АҚШ қонунчилигига кўра, агарда сиз карантин қоидаларини бузсангиз 1000 АҚШ долларигача жаримага тортилишингиз мумкин ёки бир йилдан кўп бўлмаган озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин ёки иккаласи ҳам қўлланилиши мумкин.
Францияда карантин қоидаларини бузувчилар сони кескин ошиб кетди. Тадқиқотчиларнинг айримлари бунга берилаётган санкциянинг кучсизлигини асосий сабаб сифатида кўрсатмоқда. Аввалига 35 еврони ташкил қилган жарима миқдори ҳозирда 135 еврога кўтартирилган. Франция Ички ишлар вазири Кристоф Кастанерга кўра, биринчи кунданоқ 4 мингдан ортиқ фуқаро жаримага тортилган. Агар ҳолат шундай давом этса, жарима суммаси оширилиб 375 евро қилиб белгиланиши мумкин.
Норвегияда қасддан ёки ўта эҳтиётсизлик оқибатида карантин қоидаларини бузадиган бўлсангиз сизга жарима ёки 6 ойгача қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилиши мумкин. Авваллари ушбу диспозициянинг санкция қисми оғирроқ эди. Бу ҳолат кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлди ва жазо либераллаштирилди.
Италия Ҳукумати маълумотларига кўра, карантин даврида 8 кун ичида 50 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатлари қайд этилган. Италияда асоссиз кўчада юрган фуқароларга 206 евро миқдорида жарима солинмоқда. Ҳукумат шунингдек, карантин қоидаларини бузган шахсларни 3 ойгача қамоқ жазоси билан жазолашини айтмоқда. ОАВларга кўра, Италия аҳолиси коровирус билан касалланган давлатлар ичида иккинчи ўринга кўтарилиб олди. Ҳозирда COVID-19 билан касалланган беморлар сони 59138 нафарни ташкил қилмоқда. Вафот этганлар сони эса 5560тани ташкил қилади.
Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексига кўра, белгиланган санитария-эпидемиология қоидаларини қасддан ёки эҳтиётсизлик оқибатида бузиш оммавий заҳарланиш ёки бошқа жиддий оқибатларга олиб келса, 6 тоифадаги жарима жазоси ёки икки йилгача муайян лавозимни эгаллаш, муайян ҳуқуқдан маҳрум этиш жазолари тайинланиши мумкин. Вояга етмаганлар учун жарима миқдори 120 мингдан 140 минг сомгача, бошқа жисмоний шахсларга эса 260 минг сомдан 300 минг сомгача белгиланган.
Қўшни Қозоғистон қонунчилигига қарайдиган бўлсак, санитария-эпидемиология назорати органларининг талабини бажармаслик, ойлик ҳисоблаш индексининг 500 баробар миқдорида жарима солинишига сабаб бўлади. Инсон соғлиғига зарар етказмайдиган санитария-эпидемиология назорати талабларини бажармаганлик учун 5 миллион тенгегача жарима солинишига олиб келади. Агар бундай ҳаракатлар оқибатида касаллик оммавий зарарланишга олиб келадиган бўлса, ойлик ҳисоблаш индексининг 2 минг баробар миқдорида жарима солиниши ёки 10 йилгача озодликдан маҳрум бўлишга олиб келади.
Россия Федерацияси қонунчилигига кўра, санитария-эпидемиология қоидаларини бузиш одамларнинг оммавий зарарланишига олиб келса, 80 минг рублгача жарима, 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки муайян лавозимда ишлаш, 360 соатгача мажбурий меҳнатга жалб қилиш ёки бўлмаса бир йилгача озодликни чеклаш жазоси берилиши мумкин. Яъни Россия қонунчилигида алтернатив жазо тури кўп. Бу ҳолат одам ўлимига сабаб бўлса, 480 соатгача мажбурий ишга жалб этиш, 6 ойдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишларига юборилиши ёки шу муддатга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
LiveБарчаси