Ўзбекистонда карантин тартибини бузганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда
Жамият
−
23 Март 2020
7402Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида карантин тартибини бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришга оид қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Қонун лойиҳасига кўра, Жиноят кодексига янги 244-5 модда киритилиб, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда. Бу ҳақда депутат Расул Кушербоев хабар бермоқда.
Унга кўра, шундай маълумотни тарқатганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёҳуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Депутатнинг маълум қилишича, бундай маълумотларни нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёки ОАВ, шунингдек интернет бутунжаҳон ахборот тармоғи орқали тарқатиш-базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваридан 400 бараваригача жарима ёки 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёҳуд икки йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шунингдек, Жиноят кодекси янги 257-1 моддаси билан тўлдирилиб, унга кўра санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш, шу жумладан карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида Давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувдан ва даволанишдан ўтиш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиши мумкин бўлган даврда мулоқотда бўлган шахслар ва борган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик одамларнинг оммавий касалланиши ёки захарланиши реал хавфини келтириб чиқарса ёҳуд одамларнинг оммавий касалланишига олиб келса базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан махрум қилиш ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёҳуд ёҳуд 5 йилгача озодликдан махрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмиш одамнинг ўлимига сабаб бўлса 2 йилдан 3 йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёҳуд 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмиш одамларнинг, яъни кўпчиликнинг ўлимига сабаб бўлса 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шунингдек, қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам бир қатор қўшимчалар киритилмоқда. Жумладан, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида жамоат жойларида ниқобсиз юриш базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шу билан бирга карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ёки тарқатилишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиш, шу жумладан карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқатилиши шароитида шифохонадаги ички тартибга риоя этмаслик ҳамда Давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувдан ва даволанишдан ўтиш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиши мумкин бўлган даврда мулоқотда бўлган шахслар ва борган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик - фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан юз бараваригача, мансабдор шахсларга эса 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши кўзда тутилмоқда.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилган.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда базавий ҳисоблаш миқдори (23 март куни ҳолатига) - 223 минг сўм
LiveБарчаси