Туркиянинг “ҳалол туризм” йўналишидаги тажрибаси Тошкентда намойиш қилинди

Жамият

image

“Ҳалол туризм” нима? Кеча, 25 февраль куни “Ortadogu Grup” компанияси томонидан пойтахт Тошкентда “Ҳалол туризм  йўналишида тажриба алмашинуви, ҳамкорлик ва истиқболли ҳаракат мавзу”сида ўтказилган анжуманда шу ҳақда сўз борди. Унда ўзбекистонлик туризм агентлари ва соҳа мутахассислари, диншунос ва туркшунос олимлар, ОАВ ходимлари иштирок этди.
 
Ўзбекистонга шу кеча кундузда кириб келаётган “ҳалол” ёрлиқли озиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматларга қизиқиш кун сайин ортиб бормоқда. Яқин-яқиндан минтақамизда туризм соҳасида ҳам “Ҳалол туризм” атамаси қўлланила бошлади.

Бутун жаҳонда ислом динига эътиқод қилувчи 1,8 миллиард аҳоли истиқомат қилади, шундан қарийб 150 миллиони ҳар йили саёҳатга чиқади.
 
“Ҳалол туризм” – бу оилавий ҳордиқ чиқариш, ҳамёнбоп турар жойларда тунаб, сифатли, озода овқатланиш шохобчаларида таомланиш. Камчиқимликни хуш кўрувчи ва исрофдан ўзини тиядиган кишилар учун яратилган хизматдир.
 
Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш, айниқса, зиёрат туризми салоҳиятини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон раҳбари ўз чиқишларида бир неча бор туризмни ривожлантириш борасида Туркия амалиётидан фойдаланиш ҳақида гапирган эди. 
 


2019 йилда “Ҳалол туризм” бўйича “Crescent Rating” ташкилоти томонидан тузилган рейтингда Ўзбекистон 18-поғонани эгаллаган. Биринчи ўнталикдан эса Малайзия, Индонезия, Марокаш ва Туркия мамлакатлари ўрин олган.

Ҳам тарихий, ҳам тил ва маданият жиҳатидан Ўзбекистонга энг яқин мамлакат Туркиядир. Шу боис йилига минглаб ўзбекистонлик сайёҳлар бу кўҳна мамлакатга сафар уюштирадилар. Туркияда туризм минтақадаги бошқа давлатларга қараганда анча ривожланган, айниқса, “ҳалол туризм”.


 
40 йилдан буён нафақат Туркия, балки дунёнинг турли мамлакатларида кўплаб соҳаларда йирик лойиҳаларни амалга ошириб келаётган “Ortadogu Grup” компанияси  “Ҳалол туризм” стандартларига тўла жавоб берадиган “Wome Deluxe” оилавий меҳмонхонаси ва “Nisantasi” шифохонаси хизматлари билан тилга тушган. Тошкентда бўлиб ўтган тажриба алмашинувида ушбу меҳмонхона ва шифохонанинг фаолияти ҳақида маълумот берилди. 

Хўш, нега айнан “Wome Deluxe”? 

Анталия шаҳрида жойлашган меҳмонхона ва шифохонада юқорида санаб ўтилган жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилади. Ушбу меҳмонхона 2015 йилда бунёд этилган бўлиб, Туркияда “ҳалол туризм” стандартларига жавоб берувчи биринчи меҳмонхона сифатида эътироф этилган. Меҳмонхона биргина 2017 йилнинг 365 куни давомида танаффуссиз 255 минг кишига хизмат кўрсатган.


 
Унда эркаклар ва аёллар учун алоҳида ҳовузлар, оилавий ҳордиқ чиқариш объектлари, болалар учун ўйингоҳлар, мавжуд ва бу амалиётни Ўзбекистонда қўллаш мамлакат туризми учун катта фойда келтиради. Ўзбекистонга бўлаётган қизиқиш, сайёҳлар оқимининг асосий қисми мусулмон мамлакатлариданлигини ҳисобга олсак, “ҳалол туризм”ни ривожлантириш мамлакатнинг келгусидаги туризм салоҳияти учун муҳим аҳамиятга эга.

“Президентлар Ражаб Тойиб Эрдўған ва Шавкат Мирзиёев ўртасида куни кеча ўтказилган учрашувлар икки мамлакат ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очди. Қардошлик алоқаларини янада мустаҳкамлади. Ўзбекистонликлар Туркия шаҳарлари Истанбул, Анталия ва Бодрумни қанчалик яхши кўрсалар, Туркияда ҳам Самарқанд, Бухоро ва Хива каби шаҳарларингизни севувчилар миллионлаб топилади. Биз Ўзбекистонни отаюртимиз деб биламиз ва унинг туризм соҳасида ҳам ривожланишига ўз ҳиссамизни қўшиш истагимиз бор. Шу боис Ўзбекистонга шунчаки йиғилиш ўтказгани эмас, балки ўз амалиётимизни таништиргани, тажриба алмашгани келдик”, дейди “Ortadogu Grup” компанияси вакили Масуд Мендерес Карабоға.


 
Тақдимотда ўзбекистонлик туроператорлар ва туризм соҳаси мутахассислари билан фикр ва тажриба алмашилди. Ўзбекистонда ҳам ушбу йўналишда фаолият юритадиган меҳмонхоналарни очиш бўйича иш олиб борилаётгани айтилди.


Мақола муаллифи

Теглар

ҳалол туризм

Баҳолаганлар

12

Рейтинг

3.6

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар