Президент қарори: Янгийўл, Когон ва Чортоқ шаҳарлари ривожлантирилади

Жамият

image

Хaлқaро Тиклaниш вa Тaрaққиёт Бaнки иштирокидa “Ўртa шaҳaрлaрни комплекс ривожлaнтириш” лойиҳaсини aмaлгa оширишгa доир чорa-тaдбирлaр тўғрисидa Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинди. Қуйида қарорнинг тўлиқ матни билан танишинг.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Шаҳар инфратузилмасини бошқариш самарадорлигини ошириш ва комплекс такомиллаштириш, ўрта шаҳарлар аҳолиси учун сервис хизматларидан фойдаланиш имкониятларини таъминлаш, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятига замонавий техник, молиявий ва бошқарув воситаларини жорий этиш орқали уларнинг салоҳиятини кучайтириш мақсадида:

1. Маълумот учун қабул қилинсинки:

2018-йил 18-декабрда Жаҳон банкининг Директорлар кенгаши томонидан “Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш” дастлабки лойиҳасини (кейинги ўринларда – лойиҳа) амалга ошириш учун Халқаро тикланиш ва тараққиёт банкининг (кейинги ўринларда – ХТТБ) 100 миллион AҚШ доллари миқдоридаги қарз маблағларини Ўзбекистон Республикасига тақдим этиш маъқулланган;

лойиҳа доирасидаги тажриба-синов шаҳарлари сифатида Янгийўл (Тошкент вилояти), Когон (Бухоро вилояти) ва Чортоқ (Наманган вилояти) белгиланган.

2. Қуйидагилар лойиҳани молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

ХТТБнинг 5 йиллик имтиёзли даврни қўшиб ҳисоблаганда қайтариш муддати 30 йил бўлган 100 миллион AҚШ доллари миқдоридаги қарз маблағлари;

Ўзбекистон Республикасининг солиқ ва божхона имтиёзларидан, шунингдек, кўчиб ўтиш бўйича харажатларни қоплашдан иборат эквиваленти 24,12 миллион AҚШ доллари миқдоридаги ҳиссаси.

3. Белгилансинки:

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги лойиҳанинг ўз вақтида амалга оширилиши, шунингдек, ХТТБ қарз маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун масъул ижро этувчи орган ҳисобланади;

лойиҳани амалга оширишни умумий мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Урбанизация агентлиги томонидан амалга оширилади;

лойиҳани амалга ошириш доирасида ХТТБ қарз маблағини сўндириш, шунингдек, фоизлар, воситачилик ҳақи ва бошқа чиқимларни тўлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ва тегишли вилоятларнинг маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳисобидан тенг улушларда қопланади.

4. Қуйидагилар:

“Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш” лойиҳасининг асосий техник-иқтисодий параметрлари 1-иловага мувофиқ;

“Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш учун жалб этилган Халқаро тикланиш ва тараққиёт банкининг қарз маблағлари бўйича асосий қарзни сўндириш, фоизлар ва воситачилик ҳақини тўлашнинг прогноз графиги 2-иловага мувофиқ;

2019-2021 йилларда “Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш” лойиҳасини амалга оширишга доир “Йўл харитаси” 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

5. “Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича ишчи комиссия (кейинги ўринларда – Ишчи комиссия) 4-иловага мувофиқ таркибда тузилсин ва унинг зиммасига қуйидаги вазифалар юклансин:

лойиҳани самарали амалга ошириш, “Йўл харитаси”да кўзда тутилган чора-тадбирларни жадал ишлаб чиқиш ва объектларни тезкорлик билан ишга туширишни таъминлаш;

лойиҳа доирасидаги лойиҳаларнинг сифатли саралаб олиниши, экспертизадан ўтказилиши ва ўз вақтида амалга оширишга тайёрланишини таъминлаш, ажратилаётган маблағлардан самарали фойдаланиш устидан назорат қилиш;

ҳар бир лойиҳа ва умуман бутун лойиҳанинг амалга оширилишини мунтазам кўриб чиқиш ва зарур ҳолларда, уларни самарали ва ўз вақтида амалга оширишни таъминлаш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш;

жойларга чиққан ҳолда, лойиҳа доирасидаги ишларнинг ўз вақтида

ва сифатли бажарилиши бўйича шахсий назоратни таъминлаш ва зарур чоралар кўриш.

6. Лойиҳани амалга ошириш даврида қуйидагилар:

белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатларга мувофиқ олиб кириладиган товарлар (харид қилинадиган ишлар, хизматлар) ва транспорт воситалари, жиҳозлар, технологиялар ва материаллар – божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари), шу жумладан, улар “вақтинчалик четдан олиб келиш” божхона режимида расмийлаштирилганда – даврий божхона тўловларидан, шунингдек, автотранспорт йиғимларидан;

Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари-норезидентлари – юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини тўлашдан;

Ўзбекистон Республикасининг жисмоний шахслари-норезидентлари – жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан озод этилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги лойиҳани амалга оширишни самарали ташкил этиш учун:

Тошкент шаҳрида лойиҳани амалга ошириш бўйича бош гуруҳни, шунингдек, тажриба-синов шаҳарларида лойиҳани амалга ошириш бўйича ҳудудий гуруҳларни ташкил этсин;

Жаҳон банкининг ижтимоий ва екологик ҳимоялаш тамойилларини ҳисобга олган ҳолда, лойиҳа компонентларини амалга ошириш ва молиялаштириш жадвалида эҳтимолий ўзгаришлар юз бериши муносабати билан ишларни ташкил этишда ҳадли ёндашувни таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

бир ҳафта муддатда белгиланган тартибда лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини тасдиқласин, шунингдек, келгусида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг асослантирилган таклифларига кўра унга зарур тузатишлар киритсин;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018-йил 16-июлдаги “Халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга ошириш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3857-сон қарорига мувофиқ лойиҳани амалга оширишнинг самарали мониторингини таъминласин ва қонунчилик талабларини бузганлиги учун мансабдор шахсларга нисбатан тегишли жавобгарлик чораларини кўрсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси:

лойиҳанинг тўла-тўкис ва ўз вақтида амалга оширилиши, шунингдек, лойиҳа доирасида ажратиладиган молиявий маблағлардан мақсадли фойдаланилиши устидан тизимли мониторинг ўрнацин;

ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Aдминистрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига лойиҳанинг амалга оширилиши тўғрисида ахборот киритсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги лойиҳани амалга ошириш доирасида белгиланган тартибда лойиҳа-смета ҳужжатлари давлат экспертизасидан ўтказилишини, шунингдек, қурилиш-монтаж ишларини бажариш сифати устидан лозим даражада давлат архитектура-қурилиш назорати ўрнатилишини таъминласин.

11. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг буюртманомаларига биноан лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи хорижий мутахассисларни Ўзбекистон Республикасига жалб этиш учун белгиланган тартибда рухсатномалар беришни (узайтиришни), шунингдек, мазкур хорижий мутахассисларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун тасдиқномалар беришни (узайтиришни) таъминласин.

12. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси белгиланган тартибда тегишли лойиҳа ҳужжатларининг давлат экологик экспертизасидан ўтказилишини ва лойиҳани амалга ошириш доирасида табиатни муҳофаза қилишга қаратилган қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назорати ўрнатилишини таъминласин.

13. Ўзбекистон Республикаси Aдлия вазирлиги белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ва Жаҳон банки ўртасидаги қарз битими бўйича тегишли юридик хулоса берсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги белгиланган тартибда тегишли лойиҳа ҳужжатларининг экспертизадан ўтказилишини ва лойиҳани амалга ошириш доирасида маданий мерос объектларини муҳофаза қилишга қаратилган қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назорати ўрнатилишини таъминласин.

15. Тошкент, Бухоро ва Наманган вилоятлари, Янгийўл, Когон шаҳарлари ва Чортоқ тумани ҳокимликлари лойиҳани тўла-тўкис амалга ошириш учун барча зарур ҳужжатлар сифатли ишлаб чиқилиши ва лойиҳани амалга ошириш гуруҳларига ўз вақтида киритилишини белгиланган тартибда таъминласин.

16. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари A.Ж.Раматов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Э.М.Ғаниев ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Р.A.Ғуломов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти 
Шавкат Мирзиёев

 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

13

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг