Олмалиқ ҳокими ўғлининг хурмача қилиқлари сабаб ишдан олинди

Жамият

image

2019 йилнинг августидан буён Олмалиқ шаҳар ҳокими лавозимида фаолият юритиб келаётган Усмон Раҳимов ўғлининг хурмача қилиқлари сабаб лавозимидан озод этилди. 

Бугун, 13 октярбрь куни Халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари олтинчи чақириқ VIII сессияси бўлиб ўтди. 

Кун тартибидаги масала бўйича Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов маъруза қилди. 

Вилоят ҳокими ўз сўзида Омалиқ шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда йўл қўйилган хато-камчиликларга тўхталди, шунингдек, раҳбар одам ўз шахсий ҳаётига ҳам эътиборли бўлиши, оиласига вақт ажратиши, фарзандлар тарбияси билан жиддий шуғулланиши лозимлиги хусусида сўз юритди.

"Бугунги кунда муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуси билан мамлакатимизда очиқлик сиёсати жорий этилган. Ҳаммамиз жамоатчиликнинг қатъий назоратидамиз.

Шунингдек, ишлайман деган одамга барча шароит яратиб берилган. Машина, яхшигина ойлик маош берилади.

Хабарингиз бор, яқинда Олмалиқ шаҳри ҳокими билан боғлиқ ҳолат интернетда тарқалди. Замон тезкор. Ҳар қандай воқелик тез тарқалаяпти. Агар у ёмон, нохуш бўлса, эшитиб ич-ичингдан эзиласан киши...

Яхши биласизларки, юртимизда камбағалликка қарши кураш бошланди. Юртбошимиз БМТ бош минбаридан туриб, камбағалликка қарши кураш ташаббусини илгари сурдилар. Шундай пайтда бу воқеа бўлиб турса, раҳбарнинг оиласида шундай муҳит бўлса, мутлақо тушунарсиз ҳолатдир.

Шаҳар ҳокими қандай инсон бўлиши керак? Раҳбарга кўп нарса боғлиқлигини ҳаёт ҳақиқати тасдиқлайди. Ҳоким шу ҳудуднинг отаси. 

Мен Усмон Раҳимовнинг ҳокимлик фаолияти мутлақо қониқарсиз, у ишламади, демоқчи эмасман. Бу ўринда гап раҳбарнинг ҳар жиҳатдан эл-юртга ўрнак бўла олиши ҳақида кетаяпти. Бинобарин, донишманд халқимиз раҳбарнинг, унинг оиласининг камтарлик фазилатига қараб баҳо беради", дейди Холматов. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ижтимоий тармоқларда Усмон Раҳимовнинг ўғли автомобилни катта тезликда қоидаларни бузиб бошқаргани ва шериклари билан ота-болани дўппослагани тасвирланган видеолар тарқалган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Олмалиқ

Баҳолаганлар

1262

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг