СССР ҳаваси. Россия Ўзбекистонни босиб олмоқчими?

Олам

Россиялик ёзувчи, “Путин жамоаси” ижтимоий ҳаракати аъзоси, Россия гвардияси полк командирининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Захар Прилепин собиқ СССР ҳудудларини Россия Федерацияси таркибига қўшиб, уларнинг аҳолисига рус тилини ўргатиш таклифини илгари сурди. Бу ҳақда у кеча, 20 декабрь куни “Россия Сегодня” халқаро мультимедиа матбуот марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида сўз очди.

Унинг фикрича, бундай ҳаракат Россиядаги “мигрантлар муаммоси”ни ҳал қилган бўларди. Шунингдек, Прилепин Владимир Путиннинг Россиядаги президентлик сайловларига номзодини қўллаб-қувватлаган ва россиялик аёллар кўпроқ бола туғиши кераклигини айтган. 

“Россияликлар қанча кўп бўлса, шунча яхши. Бу эса бегоналарнинг ўзини тутишига таъсир қилади”, деган Прилепин.

Унинг қўшимча қилишича, Россияга меҳнат муҳожирлари қайси мамлакатлардан борса, ўша давлатларни Россия таркибига қўшиб олиш керак.

“Уларни рус тилини бу ерда эмас, ўз юртида, дейлик Ўзбекистонда ўқитиш керак. Мен ҳазиллашаётганим йўқ. Биз Совет Иттифоқининг парчаланишини рад этиш мавзусини кўтарамиз, бу бизга исталган вақтда “Сизнинг икки миллион фуқаронгиз бизнинг ҳудудимизда экан, биз сизнинг ҳудудингизга даъво қиламиз. Чунки кўпчилик аллақачон шу ерда ва улар ҳатто бунга овоз берган” дейишга имкон беради. Киевдаги параддан кейин Евросиё ҳудудида бирор нарса қилишни бизга ким тақиқлайди? Ҳеч ким”, деган Прилепин.

Матбуот анжуманида қатнашаётганлар эса унинг гапини қарсаклар билан қўллаб-қувватлаган. Видео тармоқда эълон қилганганидан сўнг, Прилепиннинг мазкур баёноти норозилик билан қабул қилинди. Табиат ресурслари вазирининг маслаҳатчиси, жамоатчилик фаоли Расул Кушербоев унинг сўзларига муносабат билдириб, Россия сиёсатчилари томонидан бу каби баёнотлар берилиши кўпайиб бораётганини айтиб бу хавотирли эканини қўшимча қилган.  

Кушербоев ўзбекистонликлар бошқа мақсад йўлида бирлашмаса-да, мамлакат мустақиллигини сақлаб қолиш йўлида бирлаша олишига ишонч билдирган.

Шунингдек, у расмий Кремль мамлакат ва халқлар ўртасида уруш ва адоватини қўзғаётган бу каби “шовинистлар”га нисбатан қонуний чоралар кўриши кераклигини эслатган. 

“Акс ҳолда Ўзбекистонни босиб олиш бу кўпчилик томонидан Кремлнинг келажакдаги стратегик режаси сифатида қабул қилинади. Дарвоқе, Шимолий Кореяни ракета учирганидан ташвишга тушадиган Ташқи ишлар вазирлигимиз ҳеч бўлмаса ҳозир уйғониб, бу бўйича расмий Нота юбориши керак”, дея қўшимча қилган вазир маслаҳатчиси.

“Юксалиш” ҳаракати раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов ҳам бу ҳолатга ўз муносабатини билдирди. У Захар Прилепинни бундай ҳаракати Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси (Конституциявий тузумига тажовуз қилиш)да назарда тутилган жиноий жавобгарликни келтириб чиқариши ҳақида қатъий огоҳлантирган. 

“Захар Прилепиннинг “Ўзбекистонни босиб олиш” таҳдиди мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат. Рус сиёсатчиларининг бундай қарашлари шубҳасизки, Ўзбекистонликлар орасида Россия Федерациясига салбий муносабатни кучайтирмоқда. 

“Биринчидан, Рус сиёсатчиларининг бундай қарашлари шубҳасизки, Ўзбекистонликлар орасида Россия Федерациясига салбий муносабатни кучайтирмоқда.

Иккинчидан, Захар Прилепинни бундай ҳаракат Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддасида назарда тутилган жиноий жавобгарликни келтириб чиқариши ҳақида қатъий огоҳлантирамиз. 

Учинчидан, Прилепин ва бошқа рус сиёсатчилари илгари сураётган бундай қарашлар иллюзиядан бошқа нарса эмас. Кимгадир ёқадими, ёқмайдими, Ўзбекистон мустақил, мустаҳкам суверенитетга эга мамлакатдир”, деган Бекмуродов.

Шунингдек, у қарийб 60 минг аъзога эга бўлган Ҳаракат номидан Россия расмийларини иттифоқчи мамлакатга нисбатан бундай агрессив баёнотларга эътибор қаратишга ва батамом чек қўйишга чақирган. Қолаверса, Прилепин бу гаплари билан Россия Конституциясининг ўзга давлатлар билан тинч ҳаёт кечириш, ички ишларига аралашмасликни назарда тутувчи 79.1 моддасига зид чиқаётганини ҳам қўшимча қилган.

Прилепиннинг чиқиши ўзбекистонлик фаоллар орасида кескин эътирозларга сабаб бўлишда давом этмоқда. "Миллий тикланиш" демократик партияси кэнгаши раиси ўринбосари Миродил Абдураҳмонов ҳам унинг фикрларига жим қараб туролмади чоғи дарҳол ўз муносабатини билдирди. Дастлаб "Миллий тикланиш" демократик партиясининг Telegram'даги саҳифасида эълон қилинган ушбу муносабат бироздан сўнг каналда ўчирилди.
“Сиз учун орзу саналган Киев парадини эслатганинг учун раҳмат”. Абдураҳмонов Прилепиннинг даъволарига ўзининг кескин муносабатини билдирган. Сиёсий партия етакчиси Киевни эгаллаш Россия учун орзу эканини ҳам қистириб ўтган. 

“Россиялик ҳарбий Захар Прилепинларнинг борлиги, уларнинг айрим гуруҳлар иситмасини ошкор қилаётгани яхши. Ўрта бўғиндаги ҳарбий аъённинг иддаоси яқиндагина шу мавзуда фикр билдирган Россия Думаси депутати жаноб Толстой фикрларининг яланғочланган шакли, аслида”, дейди Абдураҳмонов. 

Унинг айтишича, ҳозирда глобаллашаётган дунё таҳдидлари, тобора кучлироқ намоён бўлаётган ўзаро ишонч инқирозлари юртни севишнинг ўзи кифоя эмаслигини кўрсатяпти.

“Бас шундай экан устувор вазифа – ҳар лаҳза шу юрт учун жон фидо қилишга тайёр бўлган, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаган, бутун вужуди кўҳна тарихимиз, миллий қадриятларимиз асосида парваришланган авлодни тарбиялашга эътиборни янада кучайтиришимиз керак. Акс ҳолда кутилган мақсадга эришишимиз кечикаверади”, дейди Миродил Абдураҳмонов.

Шунингдек, у кинояли тарзда Прилепинга “тилимизни, меҳнат мигрантлари ҳамда ҳозирча сиз учун орзу саналган Киев парадини эслатиб, ҳушёрликка ундаган”и учун “миннатдорлик” билдирган.

Прилепиннинг Ўзбекистонни босиб олиш ҳақидаги баёноти ортидан Россия элчиси ТИВга чақиртирилди. 
Учрашув давомида Россия вакилига “Россия сегодня” матбуот-марказида бўлиб ўтган анжуманда “Справедливая Россия – за правду” партияси ҳамраиси Захар Прилепиннинг Ўзбекистон ҳудудини Россияга қўшиб олиш зарурлиги ҳақидаги таклифи мамлакатимизда чуқур ташвиш ҳисси билан қабул қилингани қатъий тарзда етказилган.

“Россия Федерацияси каби дўст мамлакат партия раҳбарларининг бундай ўйламай билдираётган муносабатлари, афсуски, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳига мос келмаслиги маълум қилинди”, дейилади хабарда. 

ТИВ баёнотида Россия оммавий ахборот воситаларида кенг тарқалган бу каби баёнотлар атайлаб провокацион руҳда бўлиб, халқлар ўртасида ўрнатилган тарихий дўстона муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги қайд этилган.

Ўз навбатида, Олег Малгинов тўлиқ масъулият билан Захар Прилепиннинг баёнотлари Россия Федерацияси раҳбариятининг Ўзбекистон тўғрисидаги расмий позициясига умуман алоқаси йўқлигини таъкидлаган. 

Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги вакили сифатида элчи Малгинов "Ўзбекистон Республикасининг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги унинг мамлакатида ҳеч қачон шубҳага олинмаган"ини билдирган.

Шунингдек, у Россия Ташқи ишлар вазирлиги яқин вақт ичида ушбу ҳодиса бўйича изоҳ беришни режалаштираётганини қайд этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made