Республика олтин-валюта захиралари ҳажми нега камайди?
Жамият
−
04 Май 2019
5834Бугун, 4 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлиси ишини давом эттирмоқда.
Ҳисоб палатаси ўринбосарининг ҳисоботида республикада пул-кредит ва валюта сиёсати, олтин-валюта захираларини бошқариш соҳасида ҳам таҳлилий тадбирлар амалга оширилгани ҳам айтиб ўтилди.
Хусусан, банкларнинг хизмат кўрсатишида олинадиган комиссион мукофотлар миқдорлари ўрганилиб, тарифлари қайта кўриб чиқилган.
Тижорат банкларининг молиявий барқарорлиги, банк тизимида юзага келаётган тизимли муаммолар юзасидан йирик давлат иштирокидаги банклар мисолида ўрганишлар ўтказилган.
Уларда банк активлари сифатининг ёмонлашуви, банк капиталлашувига хусусий секторни кенг жалб қилинмаслиги, бўш пул маблағларини жалб қилишда салбий тенденция, кредит ва депозитлар муддатларидаги номутаносибликлар каби тизимли муаммолар аниқланган.
Бу бўйича Президент ҳузурида 2018 йил 22 ноябрда ўтказилган йиғилишда кенг муҳокама қилинди ва киритилган таклифларни ўз ичига олган ҳолда мажлис баённомаси тасдиқланган.
Бундан ташқари, республика олтин-валюта захираларининг ҳолати юзасидан 2018 йилда олиб борилган доимий назорат натижасида ўтган йилда олтин-валюта захиралари миқдори деярли барқарор сақланиб, йил якунида 26,4 млрд. долларни ташкил этган.
Расмий олтин-валюта захиралари ҳажми 2018 йил бошига нисбатан 173,4 млн. долларга (3,5 фоизга) камайди. Бу ҳолат Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағларини инвестиция лойиҳаларига йўналтирилиши ҳисобига юзага келган.
Республика олтин-валюта захираларининг қарийб ярми (43,6 фоиз) Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг валюта маблағлари ҳиссасига тўғри келади.