Ўзбекистонда пенсия ёши ислоҳ қилинади
Жамият
−
21 Январь 2020
19305Жорий йилнинг апрелигача пенсия ислоҳотининг янги концепцияси ишлаб чиқилади ва жамоатчилик муҳокамасига қўйилади. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси вакили маълум қилди.
Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳужжат устида иш олиб борилмоқда.
Бошқа давлатларга нисбатан энг кам ҳисобланган пенсияга чиқиш ёши босқичма-босқич ўзгартирилади. Дунёда эркаклар ва аёллар учун ўртача пенсия ёши 62 ёшни, Ўзбекистонда эса 57,5 ёшни ташкил этади. Шунингдек 7 йилни ташкил этадиган, пенсия тайинлаш учун энг кам стаж босқичма-босқич оширилиши режалаштирилмоқда (Халқаро меҳнат ташкилоти Конвенциясига мувофиқ – 15 йил).
2011 йилдан 2019 йилгача Ўзбекистондаги пенсионерлар сони 2,4 бараварга ошди. 2019 йилда улар 339 минг кишига кўпайди. Бунда расман иш билан банд аҳоли – 4,76 млн киши, улар иқтисодий жиҳатдан фаол аҳолининг 32,5 фоизини ташкил этади.
“Ўтган йилда пенсияларни тўлаш харажатларининг 9,3 фоизи Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан компенсацияланди. 2019 йилда компенсация миқдори 4 трлн сўмни ташкил этган бўлса, бу йил 8 трлн сўм ажратилиши Сенат томонидан маъқулланган”, деб таъкидлади бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ижрочи директори Баҳром Ашрафхонов.
Пенсия бадалларини тўлашда аҳоли манфаатдорлигини ошириш учун уч даражали пенсия таъминоти тизимига ўтилиши кўриб чиқилмоқда. Биринчи даражасида энг кам миқдордаги давлат пенсияси тўланиши назарда тутилмоқда. Иккинчи даражасида – МБ қайта молиялаштириш ставкасидан кам бўлмаган миқдорда фоизлар ҳисобланган ҳолда иш ҳақидан муайян суммадаги ажратмалар асосида шахсий ҳисобварақда жамланган пенсияни тўлаш. Учинчи ҳолатда Пенсия жамғармасига ажратмалар миқдори аҳоли томонидан белгиланади.
Жорий йилда фуқароларнинг пенсия таъминоти тўғрисидаги янги қонун қабул қилинади. Амалдаги Қонун 1994 йилда қабул қилинган. Қонунга 26 марта тузатишлар киритилганлигига қарамай, унда ҳаволаки нормалар, ўзини оқламаган имтиёзлар ҳам талайгина. Ҳозирга қадар алоҳида соҳа ходимлари, мукофотланган ва унвонларга эга фуқароларнинг рўйхати мавжуд, улар муддатидан олдин пенсияга чиқиш имкониятига эгалар ёки пенсияга юқори миқдорда устамаларни асосланмаган ҳолда оладилар. Бундай имтиёзлар 642,4 минг кишига берилган.
Идоралараро маълумотлар алмашинувини кенгайтириш мақсадида «Пенсия» дастурий комплексини модернизация қилиш режалаштирилмоқда, бу янги комплекс бўлиши мумкин. Ҳозирги вақтда 2,4 млн пенсионерлар СМС-хабар тизимидан фойдаланадилар, ЯИДХП орқали ахборот олиш учун бошқа онлайн-хизматлар ҳам жорий этилган, давлат хизматлари марказлари орқали бола туғилганлиги ва дафн маросими учун нафақалар олишга буюртмалар бериш жараёни автоматлаштирилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг ўтган йил 5 декабрдаги йилдаги 971-сон қарори билан тасдиқланган Низомда Ягона миллий меҳнат тизимида жисмоний шахслар ўзининг ўтган даврлардаги меҳнат фаолияти ҳақидаги маълумотларни мустақил равишда жойлаштиришга ҳақли эканлиги назарда тутилган. Бунда киритилган маълумотлар ёзув киритилганидан кейин 15 кун мобайнида Пенсия жамғармаси органлари томонидан верификация қилинади (тасдиқланади). 2020 йил 1 апрелга келиб ушбу маълумотларни киритиш ва уларни верификация қилиш механизми аниқлаштирилади.