Қашқадарёда фермерларга чириган картошка уруғлигини сотган шахсларга жиноят иши қўзғатилди
Жамият
−
25 Июль 2020
10701Ижтимоий тармоқларда “EGOIST AST” МЧЖ томонидан чириган картошка уруғликлари сотилаётганлиги фермерларда кўплаб эътирозларга сабаб бўлаётганлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бош прокуратура мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган текширув натижаларини маълум қилди.
Аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 майдаги ПҚ-4704-сонли қарорига мувофиқ Қашқадарё вилоятининг Китоб, Шаҳрисабз ва Яккабоғ туманларида картошка экилиши белгиланиб, Шаҳрисабз ва Яккабоғ туманларидаги 656 нафар фермер хўжаликларига “EGOIST AST” МЧЖ томонидан 44,8 млрд сўмлик 6400 тонна картошка уруғлигини етказиб бериш бўйича шартномалар имзоланган.
Шартномаларга асосан, 656 нафар фермер хўжаликларига ажратилган 23,6 млрд. сўм пул кредит маблағлари “EGOIST AST” МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказилган.
Ўрганишда, “EGOIST AST” МЧЖ томонидан Россиянинг “Альтекс” МЧЖдан олиб келинган 498 тонна картошка уруғлигидан 394 тоннаси яроқсиз деб топилганлиги, 104 тоннасига мувофиқлик сертификати берилганлиги ва 60 тонна “Удача” навли картошка уруғлигини Ўзбекистон ҳудудида экиш белгиланмаганлиги аниқланган.
Шу билан бирга, маҳаллий “Samgold” МЧЖдан харид қилинган 500 тонна картошка уруғлигининг сифат сертификатлари мавжуд эмаслиги, ушбу пул маблағларидан 600 млн сўми транспорт хизматини кўрсатиш лицензиясига эга бўлмаган “HAMROX ASIL YUKSALISH” МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиб берилиб, пул маблағлари ўзлаштириб юборилгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан 06.07.2020 йилда “EGOIST AST” МЧЖ раҳбари А.Сафаровга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
LiveБарчаси