... 2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”
МЕНЮ
ONLINE TV

“Севги изтироби” — гўзал ва бешавқат муҳаббат акс этган сериал


18:03, 07.09.2017 Кино
 7 238

Оддий оиланинг ўғли Камол бадавлат оиланинг қизи Ниҳонни севиб қолиши ва уларнинг муҳаббати турли синовларда синалиши таъсирчан руҳда тасвирланган.

Яқиндагина турк телеканали орқали намойиши тугаган сериал — “Kara sevda” фильми ўзбек тилида “Севги изтироби” дея таржима қилинган ҳолда эфирга узатилмоқда.
 
2011 йилдан буён турк сериаллари намойиши тўхтатилган бир вақтда яна бундай фильмларга йўл очилганлиги ўзбек аҳлини қувонтиргани шубҳасиз. Шу вақтгача намойиш этилган турк сериаллари кино ихлосмандларига манзур бўлган эди.
 
“Zo‘r TV” телеканали ижодкорлари Ҳайит айёми арафасида дунё рейтингида юқори ўринда турган сериални ўзбек тилига таржима қилган ҳолда намойиш этишни бошлади. Ўзбек томошабинлар қалбини тобора забт этиб бораётган сериал ҳақида қизиқарли маълумотларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
 
Бу картинани аслида “Сўнгсиз муҳаббат” деб таржима қилиш ҳам мумкин эди. Россияда сериал “Чёрная любовь” тарзида интернет орқали томошабинлар эътиборига ҳавола этилган.
 
Ўткир сюжетли драма жанрида тасвирга олинган сериалда Бурак Озчивит, Неслихан Атагул, Каан Урганжўғли, Хазал Филиз Кучуккёсе, Мелиса Асли Памук каби актёрлар иштирок этишган. Сериалнинг илк қисми Туркияда 2015 йил 14 октябрда эфирга узатилган. Унинг иккинчи фасли 2016 йил 21 сентябрда экран юзини кўрган.
 
Фильм турли ҳаёт синовларига дуч келган муҳаббат ҳақида. Турк халқи, қайсидир маънода, бизнинг ўзбекларга ўхшаш жиҳатлари борлиги сир эмас. Шарқона ибо-ҳаё, маданият, тарбия каби омилларда ўхшашликларни кўриш мумкин.
 
Шу сабаб ҳам бу сериал Ўзбекистон аҳли орасида ҳам аллақачон оммалашишга улгурган. Сериални интернет орқали рус ва турк тилларида томоша қилган юртдошларимиз сони анча юқори. Шунга қарамай, сериалга бўлган қизиқиш сўнмаган.
 
Оддий оиланинг ўғли Камол бадавлат оиланинг қизи Ниҳонни севиб қолиши ва уларнинг муҳаббати турли синовларда синалиши таъсирчан руҳда тасвирланган.
 
Бурак Озчивит ва Неслихан Атагул турк телеканалларидан бирига интервью чоғида нима учун айнан шу сериалда суратга тушишга розилик билдирганликлари ҳақида тўхталиб ўтишган.
 
“...Сценарийни ўқиганимда Ниҳонга меҳрим тушди. У жуда содда. Талаба бўлган бу қиз ўзи учун ажойиб бўлган ҳодисаларни топиб юради. Шу орқали эътиборимни тортди. Бундан ташқари, фильм продюсери, режиссёри, бош қаҳрамоннинг жуфти ва сериал намойиш этиладиган канал муҳим. Мен таклифни қабул қилдим”, дейди Неслихан Атагул. Суратга олиш ишлари давомида актриса жамоа ишидан доим мамнун бўлган.
 
Актриса “Суратга олиш ишлари жуда яхши ўтди. Албатта, бошида қийинчиликлар бўлди, аммо булар энди ўтиб кетди. Умид қиламанки, томошабинлар бизнинг сериалдаги қаҳрамонларимизга ишонишади ва бизни яхши кўришади. Ижобий фикрлар олишни истар эдик. Сабаби биз ўзимиз шунга ишонамиз”, дея қўшимча қилди.
 
Бурак Озчивит “Муҳташам юз йил” сериали орқали мухлислар қалбидан жой олишга улгурган. Актёр “Севги изтироби”даги роли унинг учун янгича йўналишдаги ижро бўлганлигини яширмади:
 
“Аввало бу лойиҳада иштирок этганимдан хурсандман. Сериалда қаҳрамонни ўзи куч-қудрати билан оёққа туриши менга ёққанлиги учун лойиҳада иштирок этишга розилик билдирдим. Янги мавсумда айнан шундай ролни ижро этишни истаган эдим. Биз бошидан буён қаҳрамоннинг яралиши устида бирга иш олиб бордик. Шу сабаб жуда ҳаяжонландим. Одатда актёрга сценарий олиб келишади ва у ролга рози бўлади. Бизда эса бироз бошқача бўлди. Мен шу пайтгача ижро қилмаган қаҳрамонни яратишимга тўғри келди”.
 
Бурак Озчивит сериалдаги қаҳрамони ҳақида қуйидагиларни гапирди:
“...Камол ёш йигит, тоғ муҳандислиги факультетида ўқийдиган талаба. Ҳаётда бироз моддий қийинчиликка учраган, бироқ шунга қарамасдан у бахтли бўлишига ишонади. Ўйлайманки, бу унинг энг асосий жиҳати. Мен ҳаётдан завқланувчи персонажни яратишга ҳаракат қилдим. У тажрибасиз, аммо келажакка катта умид билан қарайди. Атрофидаги салбий ҳодисаларга ижобий кўз билан қарайди. Ҳаётидаги муаммолари тўғрисида жуда яхши билади. Ҳаётда инсон тақдирини ҳал қилувчи турли вазиятлар бўлади ва бу йигит ҳаётида ҳам ана шундай воқеалар рўй беради. Маълум вақтгача у сабрли бўлади, аммо барчаси ўзгаргач, у ҳам кучга эга бўлади. Бу эса Камолни томошабинлар кўришни истаган персонажга айланишига сабаб бўлади”.
 
Айтиш керакки, бу сериалда роль ижро этиш учун Бурак Озчивит мўйловини олишига тўғри келган. “Буни фақат мен гапирмайман. Отам ҳам узоқ йиллар давомида мўйловли бўлган. Бир куни мўйловини олганида, кўчага ҳам чиқмаган. Доимий тарзда мўйлов ёки соқол билан юрадиган эркаклар буни яхши тушунишса керак. Мен ҳам 5 йил давомида мўйлов билан юрар эдим. Осон бўлмаган. Бу сериал учун анча ўзгаришимга тўғри келган”, дейди актёр.
 
Гўзал ва бешавқат муҳаббат акс этган сериал ҳақида яна маълумотлар беришда давом этамиз. Бизни кузатишда давом этинг.
Дурдона Расулова 

Теглар:Севги изтироби Неслихан Атагул Бурак Озчивит 

Дўстларингиз билан бўлишинг:


Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!