Коронавирус кириб борган давлатлар 31 тага етди. Қурбонлар 109 нафарга кўпайди

Олам

image

Бугун, 22 февралга келиб Хитойда пайдо бўлган янги коронавирусдан касалланганлар сони 967 нафарга кўпайиб, 77 816 нафарга етди. Вирусга чалинганлар сони Хитой, Жанубий Корея, Япония, Италия ва Австралияда кўпайди.

COVID-19 коронавирусидан даволанганлар сони 20 965 кишига етди. Беморларнинг 11 539 нафари ҳамон оғир аҳволда қоляпти.

Коронавирусдан ҳалок бўлганлар сони 109 кишига кўпайиб, 2360 нафарга етди. Жанубий Корея коронавирус авж олган учинчи жой бўлди. Мамлакатда вирусга чалинганлар 300 нафардан ошди. Бундан аввал Diamond Princess круиз кемасида 600 нафардан ортик одам коронавирусга чалиниб, кема вируснинг иккинчи “ўчоғи” бўлганди.

Янги коронавирус

Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.

Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 31 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, АҚШ, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал, Испания, Бельгия, Исроил, Ливан, Миср ва Эронда аниқланди.

ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади. ЖССТ янги коронавирусга расман ном берди ва у COVID-2019 деб аталди.

Коронавирус бугунгача қурбонлар сони бўйича 2002 йилдаги атипик пневмония (SARS) ва 2012 йилдан бери Яқин Шарқ респиратор синдромини (MERS-CoV) ортда қолдирди. SARS`дан 8096 нафар одам касалланган, шулардан 774 нафари (ўлим даражаси 9,6 фоиз) ҳалок бўлган. MERS-CoV вирусидан 2494 нафар одам касалланиб, уларнинг 858 (ўлим даражаси 34,4 фоиз) нафари қурбон бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой вирус

Баҳолаганлар

121

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг