Ўзбекистонда шакар нархининг ошиши эҳтимоли мавжуд. Сабаб нимада?

Жамият

image

Шакар маҳсулоти давлат назоратидан чиқарилди, Хўш, энди шакар муҳим халқ истеъмоли товарлари рўйхатидан учириладими? Бу, ўз навбатида, шакар баҳосини бозорнинг ўзи белгилашини англатадими? Ушбу саволларга Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси атрофлича тўхталиб ўтди.

Шакар нархининг ошишига бозор иқтисодиёти шароити ва шакар маҳсулотининг савдосига тааллуқли бўлган қонунчиликларга киритилган охирги ўзгартиришлар, албатта, ўз таъсирини кўрсатиши мумкин.

Олдинги ҳолат қандай эди? Ўзбекистондаги мавжуд иккита ишлаб чиқарувчи корхона томонидан шакар маҳсулоти, асосан, дилерлар орқали тўғридан тўғри шартномалар асосида сотилган. Маҳсулотнинг атиги 10 фоизи биржа орқали етказиб берилар эди. Бундан ташқари, 2014 йилгача шакарни импорт қилишда битта корхонага преференция берилган эди, яъни корхона барча турдаги божхона тўловларидан озод қилинган, шунинг учун шакарнинг импорти билан фақат ушбу корхона шуғулланган.

2018 йилгача шакарнинг нархи давлат томонидан белгиланар эди, лекин шакар фақат корхоналарнинг сони чекланган дилерлари орқали сотилишини инобатга олиб, истеъмолчиларга ушбу маҳсулот тегишли устамалар қўлланган ҳолда эркин нархларда сотилар эди. Шуни таъкидлаш жоизки, шакар ишлаб чиқарувчиларнинг дилерлари ҳисобланмаган улгуржи истеъмолчиларга маҳсулот давлат томонидан белгиланган нархларда сотилмас эди.

Шакар бозорида шаклланган ушбу ҳолатнинг салбий томонлари кўп эди. Масалан, шакарни давлат нархидан харид қилишга “эксклюзив ҳуқуқи мавжуд бўлган дилерлар” томонидан хоҳлаган нархда истеъмолчиларга қайта сотиш имкониятининг мавжудлиги шулар жумласидандир.

Бу имкониятдан, асосан, мавсум пайтида (шакар маҳсулотига талаб юқори бўлган даврда) фойдаланиш ҳолатлари учраб турган, яъни дилерлар томонидан шакарнинг сунъий равишда танқислиги юзага келтирилиб, якуний истеъмолчиларга эркин сотиб олиш имконияти чекланган ҳолда шакарнинг нархи ошириб сотиб келинган. Масалан, шу каби ҳолат 2014 йилнинг мавсум даврида (апрель-июль ойларида) кузатилган, яъни давлат томонидан белгиланган нарх 2300 сўм бўлган бир пайтда, нарх савдо дўконларида 6000 сўмгача (2,6 баравар) кўтарилиб кетган.

Маълумотларга кўра, 2017 йилда “Хоразм шакар” ва “Ангрен шакар” АЖлар фаолияти тўхтатилган.

Шу билан бирга, 2017 йил сентябрь ойидан бошлаб шакар ва шакар хом ашёсини импортдан олиб киришда тадбиркорлар барча божхона тўловларидан озод этилди. 2018 йилдан бошлаб давлат томонидан шакарга нархларни белгилаш талаби бекор қилинди. Бу, ўз навбатида, бозор шакар маҳсулотига тўйинишига ва кучли рақобат шароитида шакарнинг нархи барқарорлашишига олиб келди.

2019 йилда “Хоразм шакар” ва “Ангрен шакар” АЖлар фаолияти тикланди. Бунда, тайёр шакар ва шакар хом ашёсининг импорти барча божхона тўловларидан озод этилганлигини инобатга олиб, ишлаб чиқарувчи корхоналар ва импортёрлар ўртасида соғлом рақобат вужудга келиб, нархлар бир маромда шаклланди (4900-5200 сўм).

2020 йил 1 январдан бошлаб, тайёр шакар маҳсулоти импортига божхона тўловлари (акциз солиғи 20 фоиз ва божхона божи 20 фоиз) жорий қилинди. Таъкидлаш жоиз бўлган томони бу киритилган талаблар шакар хом ашёсига нисбатан тадбиқ этилмади, яъни “Хоразм шакар” ва “Ангрен шакар” АЖлар шакар хом ашёсини импорт қилишда ушбу тўловларни тўламайдилар.

Бу ҳолатда “Хоразм шакар” ва “Ангрен шакар” АЖларга берилган преференция ҳисобига бошқа корхоналар импортдан келтирилган шакарнинг нархи жиҳатидан ишлаб чиқарувчилар билан рақобатлаша олмаслиги аниқ.

Ўз навбатида, ишлаб чиқарувчи сифатида монопол мавқеини сақлаб турган “Хоразм шакар” ва “Ангрен шакар” АЖлар устувор имкониятлардан фойдаланиб, ушбу мавқени суиистеъмол қилиши эҳтимоли йўқ эмас. Қолаверса, 2019 йилда ушбу корхоналар шакар маҳсулотини тахминан 10 фоизини биржа орқали, қолган 90 фоизини дилерлар орқали сотиб келган. Бу ўз навбатида дилерларга юқорида келтириб ўтилган “имкониятларни” эркинлаштиради.
Шу ўринда савол туғилади – маҳсулотнинг аксарият ҳажмини биржа орқали сотилиши нимани беради? Жавоб шундаки, биринчидан – фақат “чекланган дилерлар”га сотилиши ва фақат улар орқали қимматроқ нархдан қайта сотилишининг (спекуляция) олди олинади, иккинчидан – биржа савдолари орқали барча турдаги истеъмолчилар, шу жумладан дилерлар ҳам ҳеч қандай чекловларсиз маҳсулотни тўғридан-тўғри сотиб олишлари имконияти яратилади.

“Монополияга қарши курашиш қўмитаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги ПҚ-4484-сонли қарорига мувофиқ, маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилганшакар ҳажмининг 90 фоизи ички бозорда фақат биржа савдолари орқали бозор тамойиллари асосида барча тоифадаги харидорларга биржа савдоларида қатнашиш имконияти тенг таъминланган ҳолда реализация қилиниши белгилаб қўйилди.

Ушбу механизмнинг жорий қилиниши шакар нархининг давлат томонидан назорат қилиниши тўхтатилди дегани эмас. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 ноябрдаги ПҚ-3386-сонли қарорига мувофиқ шакар маҳсулоти ҳанузгача ижтимоий аҳамиятга эга ва стратегик маҳсулот ҳисобланади”, дейилади маълумотда.

Ҳақиқатан ҳам шакар нархининг ошиши эҳтимоли мавжудлиги ўринли, лекин бунга сабаб шакарнинг очиқ биржа савдолари орқали эркин сотилиши эмас, балки 2020 йил 1 январдан бошлаб тайёр шакар маҳсулоти импортига божхона тўловлари жорий қилинганлигидир.

Таъкидланишича, божхона тўловлар жорий қилиниши ҳақидаги қарордан сўнг тадбиркорлар ва истеъмолчилар томонидан шакар маҳсулотини олдиндан ғамлаб қўйганлиги сабабли бозорлардаги нарх ҳам ўзгармасдан барқарор сақланмоқда. Кунлик биржа савдоларига қўйилаётган ўртача 1900 тонна маҳсулотдан 15-20 фоизи сотилмоқда.

Яна бир аҳамиятли жиҳати, республикада фаолият юритиб келаётган ушбу иккита шакар ишлаб чиқарувчи корхона томонидан бирламчи хом ашё чуқур қайта ишланмайди, балки чет элдан ярим тайёр хом ашёни импорт қилиниб, шакар ишлаб чиқарилади.

2018 йилда импорт қилинган 1 тонна шакар хом ашёси ўртача нархи 389 АҚШ долларини ташкил қилган бўлса, тайёр шакар маҳсулоти эса 425 АҚШ долларини ташкил этган. Яъни ўртача фарқ 36 АҚШ доллар. Худди шунингдек, 2019 йилда шакар хом ашёси ўртача нархи 418 АҚШ долларини ва тайёр шакар 435 АҚШ долларини ташкил қилиб, ўртача фарқ 17 АҚШ долларини ташкил этган.

Маълумот ўрнида, шакарнинг МДҲ мамлакатларидаги 2020 йил 1 январь ҳолатига ўртача чакана нархлар: Ўзбекистон – 5800 сўм, Қозоғистон – 4720 сўм, Қирғизистон – 5670 сўм, Тожикистон – 6100 сўм, Россия – 4850 сўм, Белорусия – 4900 сўм.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Монополияга қарши курашиш қўмитаси шакар нархи

Баҳолаганлар

82

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг