Ҳайит намозининг бекор қилиниши сиёсатнинг динга аралашишими?

Интервью

Хабарингиз бор, 2020 йилда Рамазон ҳайити 24 май куни нишонланади. Коронавирус пандемияси сабаб жорий йилда ҳайит намози масжидларда ўқилмайдиган бўлди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси байрамни уйда, оила даврасида нишонлашни тавсия қилди.

Ҳайит намозининг масжидларда ўқилмаслиги ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлиб, кўпчилик буни сиёсатнинг динга аралашуви деб баҳолай бошлади. Бу масалада фикр-мулоҳазаларини билиш учун “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий кенгаши раиси Наримон Умаров билан суҳбатлашдик.

“Коронавирус пандемияси фикрлашга, ўзини устида ишлашга ва қадриятларимизни қайта кўриб чиқишга ундади. Менинг эътиборимни тортган нарса, фуқароларимиз қонун ва қоидаларга бўйсунадиган бўлди. Хабарингиз бор, коронавирус тарқалишининг биринчи кунларида кўп фуқароларимиз карантин қоидаларига бўйсунмай, амал қилмай ўзини эркин тутди. Лекин вақт ўтиши билан бу жуда оғир мусибат, синов эканини кўрдик, қонун-қоидаларга амал қилса, яхши натижага эришишини халқимиз сезди.

Ўзбекистонда ушбу касаллик анча чекинди, жиловланди. 85 фоиздан ортиқ беморнинг тузалгани ҳам тартиб-қоидаларга риоя қилинса, натижа бўлишини кўрсатди.

Жанубий Корея ва Японияда касалликка қарши курашда яхши натижаларга эришилди. Яқин кунларда биз ҳам ўша давлатлар даражасига етиб борамиз. Бизда ҳам касаллик чекиняпти, жиловланяпти.

Биз пандемия даврида Наврўз байрамини, Хотира ва қадрлаш кунини ўтказдик. Эртага Рамазон ҳайитини ҳам чиройли қилиб ўтказамиз. Халқимиз тўғри тушунади деб ўйлайман. Муфтий Усмонхон Алимов ҳам айтди уйда дуолар қилиб, намозлар ўқишнинг айби йўқ.

Бугунга келиб, халқимизнинг фикрлари, ҳаётга муносабати ўзгарди. Ўзининг соғлигига, ота-онаси, қариндошларига алоҳида эътибор бера бошлади. Ҳайитда қарияларни, хожи ота, хожи оналаримизни, касалларимизни бориб кўриш одати бор эди.

Бугун масофадан ҳам табриклаб қўйса бўлади. Шунинг учун, ҳар бир фуқаро вазиятдан келиб чиқиб, ўз уйида, фарзандлари билан бўлиб тартиб қоидаларга риоя қилса, жамиятимизда соғлом шароит яратилади. Кейинги байрамларни пандемиясиз ўтказишга ишонаман”, деди Наримон Умаров.

Эслатиб ўтамиз, Мусулмонлар идораси ҳайитни нишонлаш бўйича фатво чиқариб, унда эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, Рамазон ҳайити (Ийдул фитр) намозини ўқиш ҳам мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан соқит бўлишини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

ҳайит Наримон Умаров

Баҳолаганлар

188

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг