... 2018 йил – “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”
МЕНЮ
ONLINE TV

“Qalampir.uz” суриштируви: 2 йил аввал “Бодомзор”да бир онанинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи устидан суд бошланди


01:12, 19.01.2018 Жамият
 9 110

ЙТҲ сабаб Насиба Қосимова ҳаётдан кўз юмди. Болаларига тонгги нонуштага егулик олиш учун кўчага чиққан Насиба Қосимованинг уйига жасади қайтди. Уч фарзанд кўзида ёш билан бўзлаб қолди.

2016 йилнинг 22 март куни. “Qalampir.uz” ташкил этилганига кўп бўлмаган эди. Ҳар доимгидек, эрта тонгдан ишга келиб, кундалик хабарларни саралаётиб, ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг “Бодомзор” маҳалласида мудҳиш ЙТҲ юз бергани ҳақидаги хабарга кўзимиз тушди. Шуни куни соат 07:30 да “Бодомзор” маҳалласи бўйлаб ҳаракатланган Captiva автомобили 39 ёшли Насиба Қосимовани уриб юборади. Ҳайдовчи машинани воқеа жойининг ўзида қолдириб, кўздан ғойиб бўлади.
 
Қаттиқ зарбадан 15 метр нарига бориб тушган Насиба Қосимова аввалига Тошкент шаҳар 7-сон клиник шифохонасига жойлаштирилди. Сўнг Республика шошилинч тиббий ёрдам марказига ўтказилди. Орадан кўп ўтмай Қосимова ҳаётдан кўз юмди. Болаларига тонгги нонуштага егулик олиш учун кўчага чиққан Насиба Қосимованинг уйига жасади қайтди. Уч фарзанд кўзида ёш билан бўзлаб қолди.
 
“Воқеага гувоҳ бўлганларнинг айтишларича, машинадан икки йигит ва бир қиз тушиб жуфтакни ростлашган. Жияним айни дамда жуда оғир аҳволда. Ўша куниёқ Тошкент шаҳар 7-сон клиник шифохонасига жойлаштирдик. Жиянимнинг елкаси синган, шу сабаб докторлар уни операция қилишди, лекин қон босими кескин тушиб кетгани учун операция охирига етмай қолди”, деган эди ўша вақтдаги суҳбатимизда Қосимованинг қариндоши Неъмат Хотамов.


 
Дарвоқе, автомобилдан Тошкент банк коллежи ўқувчиси бўлган қизнинг ҳужжати топилганди.
 
“Qalampir.uz” 2017 йилнинг март ойида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси тергов бошқармасига “Ушбу ЙТҲ айбдорлари топилдими?”, деган савол билан мурожаат қилганида, жиноят иши бўйича сиртдан айблов эълон қилиниб, жиноятчи қидирувга берилгани ва ҳозирда жиноят иши ҳаракатдан тўхтатилгани айтилган эди.
 
Бизгача етиб келган сўнгги маълумотларга қараганда, “Бодомзор”да катта тезликда ҳаракатланиб, Насиба Қосимованинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи қўлга олинган. Айни дамда ушбу иш судга оширилган бўлиб, Юнусобод туман судида кўриб чиқилмоқда.
 
Мавзуга яна қайтамиз, сайтимизни кузатиб боринг. 

Теглар:Бодомзордаги ЙТҲ 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар