COVID-19 га қарши курашда Ўзбекистон минтақа давлатларига ўрнак бўлди – Haberturk

Таҳлил

image

Туркиянинг юқори рейтингга эга бўлган “Haberturk” нашри Ўзбекистоннинг март ойидан бошлаб давом этаётган коронавирус пандемиясига қарши кураш борасидаги фаолиятини таҳлил қилиб, мамлакатнинг қўлга киритган ютуқлари минтақада бошқа давлатларникидан ажралиб тургани, касалланиш ва ўлим ҳолати паст даражадалиги, соғайиш кўрсаткичи юқорилаб бораётгани ва бунга ўз вақтида кўрилган чоралар сабаб бўлганини айтиб чиқди. Нашр таҳлилида Ўзбекистон бошқа мамлакатларга намуна сифатида кўрсатилган. Унда шундай ёзилади: 

Коронавирус эпидемиясининг биринчи кунларидан бошлаб, Ўзбекистон ҳукумати бошқа мамлакатлардан фарқли ўлароқ, Наврўз каби оммавий маросимларни ва мактаблар фаолиятини тўхтатди. Бошқа мамлакатлар билан ҳаво ва қуруқлик йўллари ёпилди, темир йўллар қатнови тўхтатилди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев  Эпидемия бошланиши билан фуқароларнинг яшаш шароитларини яхшилаш ва иқтисодий барқарорликни таъминлашга қаратилган жами 14 банддан иборат қарорни имзолади. 

Эпидемия бутун дунёга тарқалиши билан, Ўзбекистон ҳукуматининг муваффақиятли кураши минтақадаги мамлакатлар билан таққослаганда жуда кам йўқотишларни таъминлади. Эпидемия тарқалиш тезлиги пасайганидан кейин бошланган нормаллашувдан сўнг, яна касалланиш кўрсаткичи ўсиши кузатилди. Янги ҳолатлар сонининг ўсиши ҳукуматни эрта чоралар кўришга мажбур қилди. Мамлакатдаги эпидемия тезлиги яна эрта чоралар кўрилиши ортидан назорат остига олинди. 

Ўзбекистон ҳукумати томонидан ажратилган молиявий ресурслар соғлиқни сақлаш тизими салоҳиятини, индивидуал ҳимоя воситалари ва бошқа тиббий асбоб-ускуналарни мустаҳкамлашга сарфланди.

Инқирозга қарши олиб борилган молиявий чоралар доирасида Молия вазирлиги томонидан 10 триллион сўм (1 миллиард АҚШ доллари) миқдорида Инқирозга қарши кураш жамғармаси ташкил этилди. Бугунги кунда ушбу фонддан 5 293 миллиард сўм (520 миллион АҚШ доллари) маблағ сарфланган. Бундан ташқари, коронавирус эпидемияси тарқалишининг олдини олиш учун қўшимча инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун 746 миллиард сўм (74 миллион АҚШ доллари), қўшимча инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун 1 741 миллиард сўм (170 миллион доллар), фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш учун 641 миллиард сўм (62 миллион доллар), иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун 2 166 миллиард сўм (210 миллион АҚШ доллари) ажратилди. Ўз вақтида олинган чора-тадбирлардан 500 мингдан ортиқ корхона ва 8 миллион фуқаро фойдаланди ва вилоятларда бу миқдор 30 триллион сўм (3 миллиард АҚШ доллари)ни ташкил этди. 

Ҳозирда минтақадаги мамлакатлар билан таққослаганда, Ўзбекистонда коронавирусдан соғайиш кўрсаткичи юқори ва янги ҳолатлар нисбатан кам. Ўзбекистонда беморлар сони ҳар юз минг кишига 35 нафардан тўғри келмоқда. Бу кўрсаткич Россияда 484,  Беларусда 681, Қозоғистонда 291, Қирғизистонда 143 ва Арманистонда 1024 кишини ташкил қилади. 34 миллион аҳолиси бўлган Ўзбекистонда касалланиш сони 18,5 миллион аҳолига эга бўлган Қозоғистонга нисбатан 5 баравар кам. 

Мамлакатда коронавирус инфекциясидан ўлим даражаси ҳам жуда паст – 0,4 фоиз. Бу Қирғизистон ва Қозоғистон каби қўшни давлатларга қараганда 2-3 баравар кам дегани. Бу кўрсаткич Россияда 1,5%, АҚШда 4%,  Бразилияда 3% ва Ҳиндистонда 3%ни ташкил этмоқда. 

Ўзбекистон бу натижага қандай эришди? 

Ўзбекистонда коронавирус билан касалланган фуқароларни аниқлаш ва уларга зарур ёрдам кўрсатиш тўлалигича давлатнинг зиммасида. Коронавирусга қарши курашга жами 1,7 триллион сўм (1,7 миллиард АҚШ доллари) ажратилди. Ҳар бир беморга ўртача 32,3 миллион сўм (3200 АҚШ доллари), интенсив терапияда даволанувчилар учун 64,4 миллион сўм (6300 АҚШ доллари) сарфланади. Fair Health маълумотларига кўра, АҚШда коронавирус билан касалланганлар учун 73,3 минг доллар, агар уларнинг суғуртаси бўлмаса, 38 минг доллар сарфланади. 

COVID-19 жараёнида Ўзбекистон ҳукумати соғлиқни сақлаш ходимлари учун 878 минг дона комбинезонлар етказиб берди. Шу билан бирга Тошкент шаҳридаги 4 637 ўринли 16 та соғлиқни сақлаш марказларининг 3 580 та ётоқларини COVID-19  касалларига ажратди. Вилоятларда коронавирус билан касалланганлар учун жами 3 367 ўринли 22 та шифохона ажратилган. Эпидемия даврида 7 130 та захира ётоқлар фойдаланишга топширилди ва Тошкентда очилган юқумли касалликлар шифохонасида тахминан 2000 нафар беморни даволаш имконияти яратилди. Шунингдек, мамлакат бўйлаб умумий ётоқ ҳажми 10 минг кишига мўлжалланган карантин марказларида тиббий хизматлар кўрсатилмоқда. 

Иқтисодиётга қаратилган эътибор билан имкониятлар сақлаб қолинди

Иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон ҳукумати аввал даромад солиғини нолга туширди. Соғлиқни сақлаш ва божхона тўловлари, айниқса, пандемиядан зарар кўрганлар учун тўловлар кечиктирилди. Кичик ва ўрта бизнес қўллаб-қувватланди. Тадбиркорлар ер ва мол-мулк солиғидан озод этилди. 

Ушбу давр мобайнида хизмат кўрсатиш соҳасида 60% ва ишлаб чиқариш соҳасида 77% корхонанинг фаолияти сақлаб қолинди. Май ойининг ўрталаридан бошлаб кичик ва ўрта бизнесга етадиган зарарнинг олдини олиш бўйича босқичма-босқич иш олиб борилмоқда. 

Амалдаги корхоналарни ривожлантириш ва янгиларини очиш орқали 3 ой ичида 374 минг фуқаро иш билан таъминланди. 33 минг кам таъминланган оилаларга молиявий ёрдам, 27 минг ишсиз фуқарога 10 миллиард сўм (1 миллион АҚШ доллари) миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди. 

Халқаро институтларнинг маълумотларига кўра, дунёнинг барча мамлакатларида иқтисодий ўсиш пасайган. Бироқ, ўсиш кўрсаткичи Ўзбекистонда сақланиб қолмоқда. Жаҳон банкининг апрель ойидаги маълумотларига кўра, бутун йил давомида Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш 1,6%, Fich Ratings ҳисобига кўра ўсиш 2% ни ташкил этади. ЕТТБнинг май ойидаги маълумотларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти 1,5 фоизга ўсиши мумкин. 

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатда эпидемия даврида кўрилган чора-тадбирлар туфайли иқтисодий инқироз бир ойдан ортиқ кузатилмади. Мамлакатда чекловларни юмшатиш ва ҳаётни тиклаш жараёни жадал давом этмоқда. 

Хорижий савдода ҳам юқори натижа

Бугун ҳар қандай соҳада Ўзбекистон тараққиёти юқори суръатларда ривожланмоқда. Мамлакат бўйлаб ташқи савдо алоқаларини ўрнатиш ва ривожлантириш катта аҳамиятга эга. Мамлакат умуман демократик ўзгаришларга, шунингдек, иқтисодий эҳтиёж ва талабларга жавоб берадиган мақомга эга. Шу ўринда, йирик иқтисодиётга эга бўлган Америка Қўшма Штатлари, Ўзбекистон билан умумий алоқада бўлган мамлакатлар орасида биринчи ўринда туради. Ҳамкорлик доирасидаги икки томонлама муносабатлар даражаси рақамларда акс этади. 2019 йилда икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми 2018 йилга нисбатан 44 фоизга, импорт ҳажми эса 49,9 фоизга ўсди. 

Пандемияга қарамай, қайд этилган юқори кўрсаткичлар ўзаро муносабатлар узоқ муддатли стратегик аҳамиятга эга эканлигини кўрсатади. Буларнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг амалий ва узоқ муддатли иқтисодий сиёсати самараси экани ва мавжуд салбий вазият вақтинчалик эканини исботламоқда. 

Ўзбекистондаги ички ва ташқи иқтисодий сиёсат дунё эътиборини тортмоқда. Сиёсатшунослар Ўзбекистоннинг ўзгараётгани ва ташқи сиёсий ютуқлари ҳақида фикр билдирмоқда. Буларнинг барчаси мамлакатнинг жаҳон ҳамжамияти билан бирлаша бошлаганлигини кўрсатади.


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус

Баҳолаганлар

97

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг