“Ўзархив” ДХАга жавоб қайтарди

Жамият

image

Аввалроқ, “Электрон ҳукумат нега тўлиқ ишга туширилмаяпти?” номли мақолани эълон қилинганди. Унда “Ўзархив” агентлиги фаолияти борасида ҳам фикрлар билдирилганди.

“Ўзархив” агентлиги Далват хизматлари агентлиги томонидан электрон Ҳукуматнинг ишга туширилиши борасида билдирилган фикрларга муносабат билдирди.

“Сўнгги пайтларда Давлат хизматлари агентлиги фаолиятидаги ижобий ўзгаришлар кўпчиликни мамнун этмоқда. Натижада одамларнинг оғири енгил бўляпти, аҳоли ортиқча оворагарчиликдан қутулаяпти, Давлат хизматлари агентлигига нисбатан ишонч ортяпти.

Бироқ, яқинда кўплаб веб-сайтлар ва ижтимоий тармоқларда Давлат хизматлари агентлиги томонидан “Электрон ҳукумат нега тўлиқ ишга туширилмаяпти?” сарлавҳали мақола эълон қилиниши ва унда “Ўзархив” агентлиги фаолиятига нохолис баҳо берилиши бизни таажжубга солди.

Мақоладаги “... Бу эса жисмоний ва юридик шахсларга бир қатор қийинчиликларни туғдирмоқда. Масалан, фуқароларнинг ижтимоий-ҳуқуқий сўровларини бажариш бўйича берилган мурожаатлари мавжуд қонунчиликка асосан давлат архивлари томонидан 30 кунлик муддатда кўриб чиқилади” жумласи бўйича Ўзбекистон Республикаси “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Қонунининг 11-моддасига кўра Электрон давлат хизматлари кўрсатиш тартибини мунтазам такомиллаштириб бориш принципларидан бири бу ариза берувчилар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар сонини қисқартириш эканлиги шарт этиб белгиланган.

Бу дегани “Электрон ҳукумат”ни тўлиқ ишга тушуришда қоғоз ҳужжатларни рақамлаштириб эмас, балки ортиқча ҳужжатларни қисқартириб, рақамли ечимларни қабул қилиш лозимдир.

Шундан келиб чиққан ҳолда, архивлардаги шахсий таркибга оид ҳужжатларни (3,4 млн. сақлов бирлигидаги, 1 та сақлов бирлигида ўртача 250 варақ мавжуд бўлади) рақамлаштириш эмас, балки шу ҳужжатларни фуқароларнинг ижтимоий-ҳуқуқий сўровларини бажаришда, яъни пенсияни расмийлаштиришда талаб этишдан воз кечиш лозим.

Бу қандай бўлади?

Бугунги кунда фуқароларнинг 2005 йилдан ойлик маошлари тўғрисидаги маълумотларни АТ “Халқ банки”нинг жамғарилиб бориладиган пенсия тизимига мажбурий бадаллар тўғрисидаги маълумотларидан ҳамда 2015 йилдан кейинги давр учун Пенсия жамғармасига ўтказилган суғурта бадалларини якка тартибда ҳисобга олишнинг марказлаштирилган электрон реестри маълумотларидан келиб чиқиб аниқлаш имконияти мавжуд.

Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунинг 31-моддаси биринчи қисмига кўра, пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун, ишдаги мавжуд танаффуслардан қатъий назар, охирги ўн йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет беш йилдаги иш ҳақи олиниши белгилаб қўйилган.

Бундан келиб чиқиб, пенсия тайинлашда 2005 йилдан кейинги ойлик маошлари тўғрисидаги архив маълумотларини талаб этишдан тўлиқ воз кечиш мумкин.

Хорижий мамлакатларда (шу жумладан пенсия тизими Ўзбекистон каби бошқа Озарбайжон, Молдова ва бошқа кўплаб мамлакатларда) пенсияни расмийлаштиришда иш хақи ва меҳнат стажини тасдиқлайдиган архив муаълумотлари талаб этилмайди. Шунингдек хорижий давлатларнинг ҳеч бирида фақат амалий аҳамияти бўлган шахсий таркиб ҳужжатларининг рақамлаштирилиши ҳаттоки режалаштирилмаган. Сабаби иқтисодий томондан бу маблағларни самарасиз ишлатишга олиб келади.

Ушбу масала бўйича Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан “Ўзархив” агентлиги билан келишилган ҳолда “Фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш учун зарур ҳужжатларни йиғиш жараёнини такомиллаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори лойихаси тайёрланган бўлиб, ҳозирда вазирлик ва идоралар билан келишиш жараёнида.

Мақоладаги “...“Ўзархив” агентлигининг маълумотига кўра, Миллий архив фонди ҳужжатларининг 5 фоиз ва алоҳида қимматли ҳужжатларнинг 23 фоиз рақамлаштирилган, холос...” жумласи бўйича

Давлат архивларида 12,9 млн сақлов бирлигидан ортиқ, шу жумладан 8,4 млн сақлов бирлигидаги Миллий архив фонди ҳужжатлари, 3,4 млн сақлов бирлигидаги шахсий таркиб ҳужжатлари ва 1,1 млн сақлов бирлигидаги вақтинча сақлов муддатига эга ҳужжатлар сақланмоқда. Қолган ҳужжатларнинг сақланиши ҳар бир ташкилотнинг ўзида идоравий архивларида амалга оширилади.

Ҳозирда давлат архивларининг олдида турган энг долзарб масала бу доимий сақлов муддатига эга бўлган Миллий архив фонди ҳужжатларини  рақамлаштириш ҳисоблансада ҳужжатларни рақамлаштириш учун ходим-мутахассис етишмайди, аксарият давлат архивларида рақамлаштирувчи мутахассис штат бирлиги мавжуд эмас. Шу сабабли Миллий архив фонди ҳужжатларининг 5 фоизи ва алоҳида қимматли ҳужжатларнинг 23 фоизи рақамлаштирилган.

Мазкур муаммони ҳал этиш бўйича “Ўзархив” агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида архив иши ва иш юритишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида” қарори лойиҳалари ишлаб чиқилиб, унга асосан архивларда рақамлаштириш бўйича алоҳида штатлар ажратиш ва бўлимлар ташкил этиш белгиланган. Ҳужжат лойиҳаси ҳозирда вазирлик ва идоралар билан келишиш жараёнида.

Мақоладаги “... Ҳаттоки бугунги кунда  “Ўзархив” агентлигида бутун республикани қамраб оладиган маълумотлар базаси ва ахборот тизими ҳалигача мавжуд эмас....” жумласи бўйича

2013 йилдан бошлаб “Ўзархив” агентлигида давлат архивларида сақланаётган архив ҳужжатлари фондларининг Электрон Давлат каталоги юритиб келинмоқда ва у ишчи ҳолатда.

Шунингдек давлат архивларида сақланаётган шахсий таркиб ҳужжатлари бўйича маълумотларнинг (ҳужжатларнинг қайси архивларда сақланаётганлиги бўйича) электрон базаси ҳам 2008 йилдан буён доимий тўлдирилиб борилмоқда ва ундан фаол фойдаланилмоқда.

Мавжуд муаммоларни бартарф этиш учун қиланаётган ишлар

Юқорида айтиб ўтилганидек, соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича “Ўзархив” агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида архив иши ва иш юритишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида” қарори лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Олинган таклифлар буйича ҳужжатлар лойиҳалари қайта ишлаб чиқилди ва янги лойиҳа келишиш учун тегишли вазирликлар ва идораларга юборилди.

Ҳужжатларда Ўзбекистон Республикасида архив иши ва иш юритишни такомиллаштириш, жумладан, 

– ҳар бир давлат архивларида 30 та штат бирлигидан иборат архив ҳужжатларини рақамлаш секторларини (электрон шаклга ўтказиш) ташкил этиш;

– ҳужжатларни рақамлаш (электрон шаклга ўтказиш) учун 200 та сканер, фильм-сканер, сервер, 200 та компьютер қурилмаларини харид қилиш;

– давлат архивларининг рақамлаштирилган архив ҳужжатларидан фойдаланиш бўйича ягона ахборот тизимини яратиш;

– 12 та вилоят давлат архивлари учун қўшимча сақловхоналар қуриш;

– 7 та давлат архивларини реконструкция қилиш ва бошқа кўплаб масалаларни ечими ўз ифодасини топган. Ушбу ҳужжатларни қабул қилинишини архив соҳасини ривожланишига улкан  туртки бўлади.

Хулоса ўрнида шуни маълум қиламизки, тўғри бугунги кунда архив иши соҳасида муаммолар кам эмас, лекин уларни оммавий ахборот воситалари орақали талқин этишда жиддий ёндошиш, самарадорлигини асослаш ва бу борадаги амалга оширилаётган ишлардан бохабар бўлиш мақсадга мувофиқдир.


Мақола муаллифи

Теглар

ДХА Ўзархив

Баҳолаганлар

17

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг