Инглиз олимлари машҳур Дамашқ пўлатининг Ватани Ўзбекистон эканини айтди
Жамият
−
20 Сентябрь 2019
7020Буюк Британия пойтахти Лондон шаҳридаги машҳур Travellers Club клубида “Янги Ўзбекистон: бебаҳо маданий ташаббуслар” мавзуида медиа-ивент ўтказилди. Унда Ўзбекистон маданий меросини тадқиқ этаётган бир гуруҳ британиялик олимлар ва мутахассислар таклиф этилди.
Тадбирда бир қатор қизиқарли маърузалар тақдим қилинди. Хусусан, Лондон университети коллежи Археология институти экспертлар гуруҳи ўз тақдимотида Шарқда довруғ таратган Дамашқ пўлати бугунги Ўзбекистон ҳудудидан қазиб олинган темир рудаларидан ишланганини маълум қилишди. Доктор Миляна Радзявович бошчилигидаги олимлар гуруҳи бир пайтлар Ўзбекистон ҳудудидан конлардан қазиб олинган руда намуналари, қимматли тоғ жинслари ва хомашё маҳсулотларини текширувдан ўтказиб ана шундай қарорга келди.
Шунингдек, Фарғона водийсида Ахсикент ҳудудидан тигель пўлатини қазиб олиш ва ишлаб чиқариш кўламини ўрганиш учун кенг қамровли тадқиқотлар йўналтирилган.
Миляна Радзявовичнинг айтишича, IX асрдан бошлаб, Марказий Осиёда, хусусан, бугунги Ўзбекистон, Туркманистон ва Ҳиндистон ҳудудларида бир қатор пўлатни қайта ишлаш марказлари фаолият кўрсатган.
“Муттасил савдо алоқалари ва маҳсулот айирбошлаш орқали илк ислом маданияти даврида Марказий Осиёда ишланган пўлат Дамашққача кириб борган. Ушбу хомашёдан дамашқлик усталар дунёга машҳур қилич ва шамширларни ясашган” дейди Радзявович.
Мазкур тадбир Ўзбекистон ҳукумати, Ўзбекистоннинг Буюк Британия ва Шимоли Ирландиядаги элчихонаси кўмагида, Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти, ЎзЭОАВМА, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва нефть хизматларини кўрсатувчи халқаро “Eriell Group” компанияси билан ҳамкорликда ўтказилди.
LiveБарчаси