Катта Лангар Қуръони Диний идорага топширилди
Жамият
−
21 Апрель 2019
8012Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси раиси Фирдавс Абдухолиқов Катта Лангар Қуръонининг факсимиле нусхасини Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовга тақдим этди.
Муфтий Усмонхон Алимов Қуръони каримнинг ушбу нусхаси жуда ҳам табаррук экани, уни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг музей-кутубхонасига жойлаштирилишини билдирган.
Фирдавс Абдухолиқов Ўзбекистон заминида камол топган улуғ мутафаккирлар ёзган, айни вақтда хориж мамлакатларида сақланаётган қадимий қўлёзма асарларнинг факсимиле нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш ва кенг жамоатчиликка етказиш борасида саъй-ҳаракатлар олиб борилаётганини қайд этган.. Катта Лангар Қуръонининг мазкур факсимиле нусхаси ушбу йўналишда бошланган ишларнинг илк натижаси эканини айтиб ўтди.
Ислом динининг асосий манбаси ҳисобланган Қуръони каримнинг энг қадимий нусхалари ўзбек халқининг бебаҳо мероси сифатида қадрланади. Ўзбекистондаги ана шундай маънавий мерослардан бири бўлган VIII асрга оид Катта Лангар Қуръонининг 13 та саҳифаси Ўзбекистон мусулмонлари идораси музей-кутубхонасида сақланмоқда. Эндиликда унинг ёнида қолган саҳифаларнинг факсимиле нусхаси ҳам ўрин оладиган бўлди.
LiveБарчаси