22 февраль тунида нималар бўлди? Воқеа-ҳодисаларнинг қисқа дайжести

Олам

image

Коронавирус (сўнгги маълумотлар): 

Хитойда ҳозирга келиб вирусга чалинганлар сони 76 936 нафарга етди. Улардан 2442 киши вафот этди. 22 888 киши даволаниб, шифо топди. 

Жанубий Кореяда 123 та вирусга чалиниш ҳолати кузатилди. Мамлакатда уларнинг умумий сони 556 нафарга етди. 4 нафар бемор вафот этган, 6039 нафар фуқаронинг ташхиси ҳали ўрганилмоқда.

Ухандан қайтган 58 нафар бразилиялик мамлакат Анаполис ҳарбий-ҳаво базасида карантинда сақланмоқда. Уларга бугун, 23 февраль куни жавоб берилади. Бу ҳақида Бразилия Мудофаа вазирлиги хабар берган.

Грузия ҳукумати ҳам Хитойнинг турли шаҳарларидан 34 нафар ўз фуқаросини эвакуация қилди. Улар Сачхере шаҳридаги тиббиёт марказида икки ҳафталик карантинда сақланмоқда.

Италияда коронавирусга чалиниш ҳолати 79 тага етди. Улардан 2 нафари вафот этди. 1 киши даволаниб чиқди. Италия фуқаролик мудофааси хизмати раҳбари Анжело Бореллининг сўзларига кўра, 51 киши шифохонага ётқизилган. Улардан 18 нафари махсус интенсив терапия бўлимида, 11 киши эса уй шароитида даволанмоқда.

Жаҳон янгиликлари

Дания. Машҳур LEGO-инсон шаклчалари яратувчиси Йенс Нигард Кнудсен Данияда 78 ёшида вафот этди. Бу ҳақида “France Press” хабар бермоқда. Йенс Нигард Кнудсен 30 йилдан ортиқ вақт давомида Даниянинг ўйинчоқлар ва конструкторларни ривожлантириш компанияси Lego Group’да дизайнер бўлиб ишлади. Ўтган асрнинг 70-йиллари охирида пайдо бўлган, қўллари ва оёқлари ҳаракатланадиган одамнинг машҳур мини-фигурасини яратувчилардан бири айнан Йенс Нигард Кнудсен эди.

Англия. Юзлаб одамлар Wikileaks портали асосчиси Жулиан Ассанжнинг АҚШга экстрадиция қилинишига қарши Лондон кўчаларига чиқди. Ушбу масала бўйича суд мажлиси душанба, 24 февраль куни бўлиб ўтади. Қўшма Штатларда уни 18 пункт бўйича айблашлари мумкин. Агар Ассанж айбдор деб топилса, унга 175 йиллик қамоқ жазоси тайинланади.

Россия. Мамлакат Президенти Владимир Путин Вазирлар Маҳкамасига 2020 йилнинг 1 июлига қадар ВИЧ инфекциясига қарши янги давлат стратегиясини ишлаб чиқишни кўрсатма берди. Давлат раҳбарининг бу мазмундаги кўрсатмасига нима сабаб бўлганига Кремль матбуот хизмати ҳали аниқ баёнот бермаган.  

Ўзбекистон. Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, Ўзбекистонда 2019 йилнинг январида 71,6 минг тонна бензин ишлаб чиқарилган бўлса, 2020 йилда кўрсаткич 93,6 минг тоннага етган. Нефт қазиб олиш ҳажми қисқарган — 2019 йил январида 60 минг тоннадан ортиқ нефт қазиб олинган бўлса, 2020 йил январида кўрсаткич 19,2 минг тоннани ташкил этган. Табиий газ қазиб олиш ҳажи ҳам камайган — 2019 йил январида 5,28 миллиард куб метр газ қазиб олинган бўлса, орадан бир йил ўтиб ойлик кўрсаткич 4,75 миллиард куб метрга тушиб қолган.

Футбол

АПЛ. Aнглия Премер-лигаси 27-тури доирасида турнир жадвалида 2-3-ўринларни эгаллаб турган “Лестер” ва “Манчестер Сити” клублари ўзаро куч синашди. Учрашувда кичик ҳисоб қайд этилди. “Сити” 0-1 ҳисобида ғалаба қозонди.

А Серия. Италия чемпионатининг 25-турида “Ювентус” сафарда СПАЛ меҳмони бўлди ва 1-2 ҳисобида ғалаба қозонди. Яна бир учрашувда “Фиорентина” ва “Милан” жамоалари рўбару келишди ва дуранг қайд этишди – 1-1.

Бундеслига. Германия Бундеслигаси 23-туридан ўрин олган марказий баҳсда “Лейпсиг” меҳмонда “Шальке” дарвозасига жавобсиз 5та тўп киритди.

Ла лига. Испания чемпионатининг 25-тури доираси кутилмаган баҳсларга бой бўлди. “Реал” сафарда “Леванте”га кичик – 1-0 ҳисобида мағлуб бўлди. Яна бир учрашувда эса “Реал Соседад” уйида меҳмон бўлган “Валенсия” йирик – 3-0 ҳисобида енгилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

113

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг