Президент ҚҚСни солиқ тўловчига қайтариш механизмини ишлаб чиқиш кераклигини айтди
Жамият
−
05 Июль 2019
7319Маълумки, жорий йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистонда янги солиқ ислоҳотлари амал қила бошлади. Унга кўра, йиллик бюджети 1 миллиард сўмдан ошган тадбиркорлар 20% қўшилган қиймат солиғи тўлаши белгиланди.
Жорий йил 27 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Бу янги солиқ ислоҳотларининг ўта муҳим иккинчи босқичидир.
Фармонга мувофиқ, шу пайтгача қўлланилган қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар 2019 йил 1 октябрдан бошлаб бекор қилинади. Бундан асосий мақсад – ички бозорда барча тадбиркорлар учун бир хил шароит яратиш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш.
Бугун, 5 июль Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган биринчи ярим йилликда давлат бюджетига тушумлар натижадорлигини таҳлил қилиш ва янги вазифаларни белгилаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ўтказилди.
Йиғилишда бу ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли ва тадбиркорларга чуқур тушунтириш бўйича Бош вазир раҳбарлигида тузилган Ишчи гуруҳ штаби ва унинг ҳудудий тузилмалари ишини янада жонлантириш вазифаси қўйилди. Қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтадиган тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликлари билан манзилли иш ташкил қилиб, уларнинг бухгалтериясини юритишга амалий ёрдам бериш зарурлиги таъкидланди.
Президент тадбиркорлардан солиқ мажбуриятини тўлиқ бажаришни талаб қилиш билан бирга, уларнинг манфаатларини ҳимоялаш ҳам кераклигини қайд этди.
Масалан, ҳозирда тадбиркорлар хомашёни қўшилган қиймат солиғини тўлаган ҳолда сотиб олади. Ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариб, сотганидан кейингина хомашё нархидаги қўшилган қиймат солиғини камайтиради. Бунгача тадбиркор ўз айланма маблағларидан вақтинча фойдалана олмаяпти.
Шу боис давлат раҳбари мутасаддиларга қўшилган қиймат солиғини бир йўла ҳисобга олиш ва уни солиқ тўловчига қайтариш механизмини жорий этиш бўйича топшириқ берди.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь